АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши жаҳон иқтисодиётига қандай таъсир ўтказади?

17:59 19 Октябр 2018 Дунё
421 0

Мазкур саволга “Америка овози” телерадиосида берилган қуйидаги хабар жавоб бўла олади.

“АҚШ Президенти Дональд Трамп унинг иқтисодий сиёсати туфайли Америка иқтисодиёти ҳар қачонгидан кучли эканини таъкидламоқда. Бироқ Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси АҚШ ва Хитойни тарифлар урушини бас қилишга чақиряпти, акс ҳолда ўзаро тортишувдан жаҳон иқтисодиёти зарар кўриши айтилаётир. Бу ҳақида “Америка овози” телерадиоси хабар берди.

Унда айтилишича, ўтган ҳафта АҚШ қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги силкиниш бу ҳафта Осиё ва Европа бозорларига ҳам тарқалди. Америка тадбиркорлик институти эксперти Дезмонд Лехменнинг айтишича, сармоядорлар ташвиши асосли.

“АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини кутилганидан кўпроққа кўтаришга мажбур энди, шу каби гаплар қулоққа чалинди. Бу эса сармоядорларни хавотирга солмоқда. Хитой билан савдо алоқаларидаги мавҳумлик ҳам ўзига яраша салбий таъсир қиляпти”, - дейди Лехмен.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта фондининг Балида ўтган қўшма мажлисида АҚШ ва Хитой ўртасидаги тарифлар уруши ҳам муҳокама этилди.

Жамғарма ижрочи директори Кристин Лагард тарангликни туширишга чақирмоқда.

“Ҳисобларимизга кўра, савдо алоқаларидаги таранглик келаси икки йилда дунё ялпи ички маҳсулотининг салкам бир фоизга қисқаришига олиб келади. Шу сабаб ҳозирги мунозаралар ҳовурини тушириш зарур. Шу билан бирга глобал савдо тизимини яхшилаш, кучайтириш, адолатлироқ қилиш мақсадида, барча мамлакатлар учун ўзаро манфаатли бўлиши, келажакка мос бўлиши учун уни ислоҳ қилиш зарур”, - деди Лагард.

Президент Трамп молия бозорларидаги саросимада Федерал захира тизимини айблади.

“Марказий банк хато қиляпти, у ердагилар ақлдан озган”, - деди Трамп.

Трамп Америка иқтисодиётининг ўсишида ўз ҳиссаси борлигини айтади. Таҳлилчилар бу фикрга қисман қўшилади. Улар назарида, Трамп сиёсати аллақачон ривожланаётган иқтисодиётга қисқа муддатли туртки берди.

Бироқ узоқ муддатда, дейди мутахассислар, Оқ уй маъмуриятининг савдо ва бюджет камомадларини оширишга қаратилган сиёсати Марказий банкни фоиз ставкаларини оширишга мажбурлаб, ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига зарар қилиши мумкин.

“АҚШда фоиз даражаси ўсган сари, доллар кўтарилган сари ривожланаётган мамлакатларга берилаётган пул энди АҚШга қайтиб келади. Шу пулни олган, дейлик, Аргентина, Туркия ёки Жанубий Африка, ундан тўғри фойдаланмаган ва натижада катта камомадга учраган бўлса, энди АҚШдаги янги молиявий вазият билан юзлашишига тўғри келади”, - дейди тадбиркорлик институти ходими.

Жаҳон банки президенти Жим Ён Ким ривожланаётган мамлакатларни келажакда савдо баҳсларига тайёр туришга чақирмоқда.

“Савдо зиддиятлари кучайишидан олдин бу мамлакатлар тайёргарлигини кўриши, уларга маслаҳат беришимиз керак. Ҳозир ҳар бири билан шу мавзуда гаплашяпмиз”, - дейди банк раҳбари.

АҚШ ва Хитой президентлари келаси ой охирида Аргентинада бўладиган “Катта йигирмалик”ка аъзо мамлакатлар раҳбарлари саммити доирасида мулоқот қилиши кутилмоқда”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар