АҚШ ташкилоти Ўзбекистонга умумий қиймати 600 минг долларлик гуманитар юк жўнатди

19:11 02 Июль 2020 Жамият
367 0

Яқинда Тошкент халқаро аэропортига Американинг Project Hope хайрия ташкилоти томонидан юборилган гуманитар юкнинг биринчи партияси етиб келди. Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши курашиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдир.

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, Uzbekistan Airways компаниясининг махсус бортида республикага умумий қиймати 600 минг долларлик индивидуал ҳимоя ва дезинфекция воситалари, антисептиклар, COVID-19ни аниқлаш учун қарийб 20 мингта тест, шунингдек, дефибрилляторлар, кардиомониторлар каби тиббиёт ускуналари олиб келинди.

Шунингдек, июль ойида Юта штатининг Солт-Лейк-Сити шаҳридан умумий қиймати 800 минг долларни ташкил этадиган икки минг номдан зиёд бўлган дори ва бошқа воситаларни юбориш режалаштириляпти. Бу жараён АҚШнинг Globus Relief нотижорат ташкилоти томонидан молиялаштирилади.

Яна бир ноҳукумат ташкилот — ADRA томонидан Ўзбекистонда кўмакка муҳтож аҳоли вакилларига озиқ-овқат, жумладан, буғдой уни, гуруч, ўсимлик ёғи, дуккаклилар, туз, шакар ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 400 минг долларлик лойиҳасини ишга туширди. Юқори сифатли товарлар юртимизнинг барча ҳудудлари, хусусан, шу йил май ойида тошқиндан зарар кўрган Сирдарё аҳолисига тақсимланади, айни чоғда уларни бозорлар ва супермаркетлардан ҳам харид қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Вашингтондаги дипломатик миссиямизда АҚШнинг бир қатор хайрия ташкилотлари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонга умумий қиймати 1,8 млн. долларлик инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича келишувга эришилганди.

Маълумот учун: Project Hope— Виржиния штати Милвуд шаҳрида 1958 йилда ташкил этилган халқаро ноҳукумат гуманитар ташкилот бўлиб, соғлиқни сақлаш соҳасида кўмак беришга ихтисослаштирилган. Фаолиятида оналар ва болалар ҳамда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, сил ва юқумли касалликларга қарши курашиш устуворлик касб этади. Бугунги кунда дунёнинг 26 та давлатида ўз лойиҳаларини амалга ошириб келяпти. Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1999 йилда очилган.

ADRA халқаро хайрия ташкилотига 1956 йилда асос солинган бўлиб, маъмурий қароргоҳи Мериленд штати Силвер Спринт шаҳрида жойлашган. Жаҳоннинг 125 та мамлакатида ўз ваколатхоналари мавжуд. Социал-иқтисодий ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, бирламчи соғлиқни сақлаш ва таълим тизими бўйича лойиҳалар орқали аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларига ёрдам бериб келади. ADRA БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашида маслаҳатчи мақомига эга.

1996 йилда Юта штати Солт-Лейк-Сити шаҳрида фаолияти йўлга қўйилган Globus Relief нотижорат ташкилоти эса АҚШ ва бутун дунёдаги хайрия ташкилотлари ўртасида дори-дармонлар ҳамда тиббиёт буюмларини йиғиш, ишлов бериш ҳамда тарқатишга кўмаклашиб келмоқда. Ташкил топгандан буён жаҳоннинг 140дан ортиқ давлатларидаги 800дан зиёд хайрия ташкилотларига 1 млрд. доллардан ошиқ дори ва тиббиёт воситаларини йиғиш ҳамда етказиб берилишини таъминлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?