АҚШ савдо вазири У.Росс билан ушрашув

15:53 23 Октябр 2019 Жамият
180 0

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Вашингтонда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда АҚШ савдо вазири У.Росс ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашув чоғида иштирокчилар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро савдонинг ҳозирги ҳолати ҳамда савдо айланмаси ҳажмини оширишнинг истиқболли механизмлари юзасидан фикр алмашдилар. Бу борада томонлар инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик йўлида тўсиқларни бартараф этиш ҳамда мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш учун идоралараро даражадаги доимий алоқаларнинг заруратини эътироф этдилар. 

 

Мулоқот чоғида ўзбек томони умумий қиймати 1,5 миллиард долларга тенг 60 номдаги товар номенклатураси бўйича Ўзбекистоннинг АҚШ га экспорти ҳажмини ошириш орқали ўзаро савдони жадаллаштириш таклифини билдирди. Бу таклиф ижобий баҳоланиб, Америка томонидан ўрганиш учун қабул қилинди. Келгусида савдо келишувлари ва шартномаларини ишлаб чиқиш учун ҳажми кўрсатилган ҳолда экспортга мўлжалланган маҳсулотлар рўйхати АҚШ савдо вазирлиги раҳбариятига топширилди. 

 

Америкалик ҳамкасблар таклиф этилган товарлар савдоси бўйича Америка бозорининг эҳтиёжини пухта ўрганиш ҳамда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Америка бозорига чиқишига кўмак кўрсатишга тайёр эканликларини билдиришди. 

Учрашув доирасида шунингдек, ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолиятига масъул вазирлар иштирокида “С5+1” форматида вазирлар даражасидаги давлатлараро алоқалар платформасини ташкил этиш орқали АҚШ ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик даражасини ошириш таклиф этилди. 

Учрашувда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига киришини Америка томонининг қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ масалалар алоҳида муҳокама этилди. 

 

Учрашув якуни бўйича ўзаро савдони жадаллаштириш ва масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича доимий биргаликда ишлашни таъминлаш мақсадида АҚШ савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг юқори даражадаги экспертларидан ташкил топган идоралараро ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019