АҚШ президенти ўтказган ифторликда Ўзбекистон элчиси ҳам иштирок этди

12:35 08 Июнь 2018 Дунё
1252 0

Президент Доналд Трамп 6 июнь куни Оқ уйда илк бор ифтор дастурхонини ёзиб, мусулмон аҳлини Рамазон ойи билан қутлади. Бу ҳақида “Америка Овози” телерадиоси хабар берди.

“Дунё бўйлаб дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз номидан келишган дипломатик корпус вакилларини, мусулмон давлатларидан элчиларни мамнуният билан кутиб олдик. Оқ уйга қадам ранжида қилганингиз учун ташаккур”, - деди Трамп меҳмонларга.

Президентнинг айтишича, ифтор дастурхони “дунёдаги буюк динлардан бирининг муқаддас анъанасини шарафлайди”.

Оқ уйда ифтор бериш анъанаси Президент Билл Клинтон даврида бошланган. Бу сафарги ифторда мусулмон мамлакатлар, хусусан, Марказий Осиё давлатларининг Вашингтондаги бош дипломатлари, жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон элчилари, сиёсатчилар ҳамда уламолар қатнашди.

“Ифтор оила ва дўстлар даврасида тинчлик, равшанлик ва муҳаббатни нишонлаш учун имконият. Энг буюк қадриятларимизни ёдга олиб, неъматлар учун, Яқин Шарқ бўйлаб ҳамкорларимиз билан қурилган янгича муносабатлар учун миннатдорчилик билдирамиз”, - дейди Трамп мурожаатида.

Оқ уйдаги ифторда 30-40 киши қатнашгани маълум, меҳмонларнинг тўлиқ рўйхати эълон қилинмаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?