АҚШ Президенти маъмурияти КХДР етакчиси билан учрашувга қизғин ҳозирлик кўраяпти

13:06 23 Май 2018 Дунё
1066 0
Фото: RT

АҚШ президенти Дональд Трамп ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин ўртасидаги учрашув ҳақида океан ортида турли расмий шахслар томонидан ҳар хил фикрлар билдирилмоқда. Дунё оммавий ахборот воситаларида бир-биридан кескин фарқ қиладиган хабарлар тарқатилаяпти. 

Ана шундай пайтда ушбу мамлакат Президенти Дональд Трамп маъмурияти Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан шу йил 12 июнь куни Сингапурда ўтказилиши режалаштирилаётган учрашувга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда давлат котиби Майк Помпео айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур саммитни бошқа санага кўчириш варианти ҳозирча кўриб чиқилмаган. 

“Биз мазкур муҳокамалар муваффақият келтиришига ишончимиз комил бўлиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Мен бу борада спекуляция қилмоқчи эмасман. Биз ишлашда ва омадли учрашув учун асос тайёрлашда давом этамиз. Ўз мақсадимизга эришишимизга ишончим комил”, — деди у. 

Помпео Трамп жамоаси учун ушбу музокара муваффақияти жуда муҳим эканлиги ва Президент “мазкур тарихий учрашув якунлари бўйича муваффақиятга эришишнинг реал имкониятларини кафолатлаш учун барча зарур нарсаларни қилиш”ни сўраганини қайд этган. У КХДРга ядро дастурини тўхтатиш ва Корея ярим оролини денуклеризациялаш эвазига Америка инвестициялари ва технологияларини ваъда қилган. 

Куни кеча АҚШ вице-президенти Майкл Пенс эса агар Пхеньян минтақадаги кескинликни дипломатик йўл билан ҳал этишдан бош тортса ҳарбий йўлдан фойдаланилишини истисно этмаганди.      
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?