АҚШ президенти девор қуришга пул ажратмаса, ҳукуматни ёпиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди

16:49 30 Июль 2018 Дунё
198 0
Фото: fishki.net

АҚШ президенти Дональд Трамп Конгресс Мексика билан чегарада девор қуришга пул ажратмаса, ҳукуматни ёпиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Бу ҳақида “Америка овози” телерадиоси хабар берди.

Унинг айтишича, девор ноқонуний иммиграция оқимини тўхтатиш учун керак.

“Демократлар девор қурилиши ва чегара хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган бошқа чораларни молиялашни ўз ичига олган қонун лойиҳасига овоз бериши зарур”, - деди Трамп. Икки бор овозга қўйилган ҳужжатга сўнгги ҳафталарда нафақат демократлар, ҳатто бир неча республикачи қонунчи ҳам қарши овоз берган.

Трампнинг айтишича, Америка иммигрантларни малакасига қараб қабул қилиш тизимига ўтиши лозим.

Трамп 2016 йил президент сайловлари кампаниясидан бери девор қуриш ҳақида гапириб келади, бу унинг сайлов ваъдаларидан бири эди. 
Ҳисобларга кўра, деворни қуриш 20 миллиард долларга тушиши мумкин, бироқ Конгресс қўшимча чегара хавфсизлиги учун атиги 1,5 миллиард доллар ажратди.
Трампнинг айтишича, агар қонун лойиҳаси сентябрь охиригача, яъни амалдаги молиявий йил охиригача қабул қилинмаса, ҳукумат фаолияти учун ажратилган пул тугаб, давлат идораларининг иши тўхтаб қолади.

Президент фарзандлари билан чегарадан ўтишга ҳаракат қилаётган мигрантларни танқид қилди. Унга кўра, улар Америкага кириб олиш учун болаларидан фойдаланмоқда.

Давлат раҳбари амалдаги иммиграция тизими ва қонунларини заиф дея танқид қиларкан, қонунчиларни уларни ўзгартиришга даъват этмоқда. Конгресс Вакиллар палатасининг аъзолари айни дамда беш ҳафталик таътилда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар