АҚШ Ўзбекистонга 200 та ўпкани сунъий шамоллатиш мосламасини тақдим этди

09:23 24 Август 2020 Жамият
396 0

Ўзбекистон элчихонаси маълумотларига кўра, АҚШдан мамлакатимизга умумий қиймати 2,5 миллион доллар бўлган 200 та ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари юборилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Ўпкани сунъий шамоллатиш мосламаси Президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан июнь ойида эълон қилинган инсонпарварлик ёрдамининг бир қисми сифатида хайрия қилинмоқда.

Ўзбекистондаги коронавирус пандемиясига қарши курашни қўллаб-қувватлаш учун ушбу тиббий жиҳозларни етказиб бериш Вашингтонда элчихона томонидан Оқ уй маъмурияти, Давлат департаменти ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари билан ўтказилган бир қатор маслаҳатлашувлар натижаси бўлди.

Жиҳозларнинг техник хусусиятлари дипломатик ваколатхонамизнинг USAID соғлиқни сақлаш идораси вакиллари ва Калифорния университети эксперт-анестезиологлари билан учрашувида тақдим этилди. Маълумки, тиббий асбоб-ускуналар тиббий мақсадлар учун технологиялар ва дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш бўйича 40 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган Американинг «Zoll Medical Corporation» компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.

Тақдим этилган ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш муассасаларининг техник инфратузилмасини ҳисобга олган ҳолда махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилди. Хусусиятларига кўра, ушбу воситалар стационар даволанишда ҳам, ҳаво тиббий транспортида ёки тез ёрдам машиналарида ташиш пайтида интенсив терапия учун ишлатилади.

Ўпка сунъий шамоллатиш мосламалари ушбу моделини қўллаган Калифорния университети амалиётчилари унинг COVID-19 билан касалланганларни даволашда, шу жумладан, бемор ўз-ўзидан нафас ололмаганда касалликнинг оғир босқичида самарали эканлигини тасдиқладилар. Ушбу қурилмалар ўпкаларни сунъий равишда шамоллатишнинг турли усулларидан фойдаланиш ва беморларнинг ҳаётий функцияларини чақалоқлардан тортиб катталарга қадар қўллаб-қувватлашга имкон беради.

Элчихона маълумотларига кўра, ушбу мосламалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг барча минтақаларидаги 62 тиббиёт муассасалари ўртасида тақсимланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?