АҚШ ўзбек пахтасини “қора рўйхат”дан чиқариб ташлади

17:08 27 Март 2019 Жамият
355 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, АҚШ Меҳнат департаменти 2019 йил 25 март куни Ўзбекистонда етиштирилган пахтани мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар “қора рўйхати”дан чиқарди.

Маълумки, 2010 йилдаги тегишли ижро буйруғига асосан, АҚШ давлат идораларига Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ёки болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолда етиштирилган пахтани харид қилиш тақиқланган эди.

Ўтган йил июль ойи сўнгидан бошлаб Америка ташаббуси билан мазкур масала бўйича очиқ жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. АҚШ Меҳнат департаменти маълумотларига кўра, ушбу жараёнда ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, жумладан, “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ва Халқаро меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш форуми(ILRF) мутасаддилари фикрлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги дипломатик миссияси расмий изоҳлари таҳлил қилиб чиқилди.

АҚШ идораси болалар меҳнатини бартараф этиш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилгани, бу борада текширишлар олиб бориш ва ҳуқуқбузарларни суд орқали жазолаш самарадорлиги ошганини таъкидлаб ўтган. Ўз навбатида ўтган йиллардагидан фарқли равишда текширувлар фуқаролик фаоллари томонидан аниқланган фактлар бўйича олиб борилганига урғу берилган.

Қарорда, шунингдек, давлат меҳнат инспекциясининг ўзаро алоқа механизми, ишонч телефони тизими, жойларда Президентнинг Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳузуридаги юридик клиникалар муваффақиятли жорий этилгани эътироф этилган. Зеро, булар меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни самарали аниқлаш ва уларга чора кўриш имконини берди.

Департамент олинган маълумотлар ва ўзидаги мавжуд маълумотларни батафсил ўрганиб чиққач, Ўзбекистондаги пахта ҳосилини етиштиришда болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш деярли йўқ қилинганини билдирган. “Натижада ушбу маҳсулотнинг ижро буйруғи рўйхатида қолишига асос йўқ”, — дейилади АҚШ Меҳнат департаменти баёнотида.

Мазкур идоранинг Ўзбекистон пахтасини “қора рўйхат”дан чиқаришга оид қарори эса АҚШдаги барча давлат муассасаларига ушбу маҳсулотни унинг (товар болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмасдан ишлаб чиқарилганлиги тўғрисидаги)сертификатини талаб этмасдан сотиб олишида айни муддаодир.

АҚШ Меҳнат департаменти вакилларининг фикрича, ўзбек пахтасининг кўрсатиб ўтилган рўйхатдан чиқарилиши Америка компанияларига ўзбекистонлик етказиб берувчилар билан бемалол ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишида ҳам қўл келади. Сабаби, океан ортилик тадбиркорлар олдинлари ишбилармонлик обрўсига путур етишидан қўрқиб бундай муносабатларга киришмас эди. Шундай қилиб, Ўзбекистон пахта етказиб берувчиларида АҚШ бозорларига тўлиқ кириб боришлари учун янги имкониятлар очиляпти.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябрь ойида АҚШ Меҳнат департаменти томонидан Ўзбекистон пахтаси болалар меҳнатидан фойдаланиб ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқарилган эди.

Навбатдаги қарор ҳам АҚШ томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг тан олиниши, илгари қўйилган барча чекловларнинг олиб ташланишини англатади. 

АҚШ ҳукуматининг юқорида кўрсатиб ўтилган қарори Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки томонидан олиб борилган мониторинг хулосалари ҳамда натижаларига уйғун эканлиги ҳам диққатга сазовордир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019