АҚШ МРБ бошлиғи ва бўлажак Давлат котиби Майк Помпео Шимолий Кореяга нима учун борди?

17:08 18 Апрель 2018 Дунё
680 0
Фото: ВладТайм

АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи ва бўлажак давлат котиби Майк Помпео Шимолий Корея пойтахти Пхеньянга махфий тарзда ташриф буюриб, ушбу давлат раҳбари Ким Чен Ин билан учрашди. 

Америка оммавий ахборот воситалари АҚШ давлат маъмуриятидаги манбасига таяниб хабаришича, Помпео Президент Дональд Трамп ва Ким Чен Ин ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш учун замин тайёрлаш мақсадида КХДРга пасха дам олиш кунлари(31 март ва 1 апрель)да борган.
Илгари Дональд Трампнинг ўзи КХДР билан музокаралар “ниҳоятда юқори даража”да кетаётгани ва Ким Чен Ин билан учрашув ташкил этилиши мумкин бўлган бешта жой кўриб чиқилаётганини билдирганди. 

Махфий учрашув ҳақида нималарни биламиз?
Майк Помпео Пхеньянга музокаралар учун учиб кетгани ҳақида дастлаб “Washington Post” газетаси журналистлари хабар тарқатди.
Нашрнинг аниқлик киритишича, ташриф Рекс Тиллерсоннинг бўлажак истеъфоси ва МРБ раҳбари янги давлат котиблигига тайинлангани аниқ бўлгандан сўнг амалга оширилган.

Фото: svali.ru

Газета, шунингдек, Вашингтон ва Пхеньян ўртасидаги юқори даражадаги бундай мулоқот 2000 йилда давлат котиби Мадлен Олбрайт Шимолий Кореяга Ким Чен Ир билан учрашиш учун борганидан бери бўлмаганини эслатиб ўтган.

Журналистлар МРБ, Оқ уй ва БМТнинг Шимолий Кореядаги ваколатхонасининг махфий сафар ҳақидаги маълумотни тасдиқлагани, аммо ҳар уччала идора ҳам унга муносабат билдиришдан бош тортганига тўхталиб ўтишган.
Кейинчалик ўз манбаларига таянган ҳолда “Рейтерс” ҳам мазкур ташрифни тасдиқлади.

АҚШ ва КХДР қандай қилиб алоқада бўлади?  
Гарчи илгарилари икки давлат дипломатлари ва вакиллари ташрифлар алмашинувини камдан-кам амалга ошириб турган бўлса-да, Шимолий Корея ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар йўлга қўйилмаган.

Хусусан, 2014 йилда КХДРга АҚШ Миллий разведкаси директори Жеймс Клаппер Шимолий Корея қамоқхонасида сақланган икки нафар ҳамюртини олиб келиш учун юборилган.

Бироқ мазкур мамлакатлар ўртасидаги мулоқот асосан норасмий каналлар ёки воситачилар орқали кечади.

Яна шуни қайд этиш керакки, Корея ярим оролини Шимол ва Жанубга бўлиб юборган Корейс уруши тугагандан бери орадан 65 йил ўтган бўлса-да, мазкур ҳудудда ҳалигача тинчлик шартномаси имзоланмаган.

Трамп ва Ким ўртасидаги саммит қаерда ва қачон бўлиши мумкин?
Ўтган ойда Дональд Трамп ҳеч ким учун кутилмаганда Пхеньяннинг тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш бўйича берган таклифини қабул қилганини билдирди. Шу пайтгача АҚШнинг бирор Президенти Шимолий Корея етакчилари билан учрашмаган.

Фото: aljazeera.com

Трамп оммавий ахборот воситаларига саммит июнь ойи бошида ёки ҳатто бундан ҳам вақтлироқ ўтказилиши мумкинлигини таъкидлади.

Маълумки, БМТ санкцияларига қарамай инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилиши ва ядро дастури туфайли Шимолий Корея жаҳон ҳамжамиятидан изоляцияда туради.

КХДР ҳозиргача олти марта ядро, шунингдек, бир бора АҚШ ҳудудигача етиб бориши мумкин бўлган узоқ масофага ҳаракатлана оладиган ракета синовини ўтказган.

Аммо Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида ташкил этилган қишки Олимпиада ўйинлари дипломатлар учун ҳам музокаралар олиб боришда ажойиб имконият тақдим этди. Ўшандан бери ўтган ҳафталар давомида Шимолий Кореяга Жанубий Кореядан, Хитойдан бир неча бор делегациялар ташриф буюрди. Энди эса АҚШдан ҳам боргани маълум.

Учрашув вақти ҳақида нима дейиш мумкин?
Трампнинг саммит июнь ойидан кечиктирилмай ўтказилиши лозимлиги ҳақидаги баёноти Оқ уйда жиддий кутиб олинди.

Лекин Помпеонинг махфий ташрифи ҳақидаги янгилик АҚШ ва унинг минтақадаги стратегик шериги, КХДРнинг қўшниси — Япония ўртасидаги музокараларга соя солиши мумкин эди.

Зеро, Дональд Трамп ва Ким Чен Ин ўртасидаги бўлажак учрашув Токиода бирқадар хавотир билан кутиб олинди ва Япония Бош вазири Синдзо Абэ Вашингтонга музокаралар учун учиб борди.

Учрашув дўстона муҳитда кечди: Трамп Абэни иккинчи бор ўзининг Флоридадаги Мар-а-Лаго курортига таклиф қилди. Вақт ва имконият топилса, икки раҳбарнинг гольф ўйнаши ҳам режалаштирилган. 

Фото: novovrijeme.ba

АҚШ Президенти икки мамлакат ўртасида Шимолий Корея масаласи бўйича қарашда бўлиниш йўқ эканлигини таъкидлади.     
Абэ эса АҚШ Президенти қабулидан ва ўзаро мулоқотдан мамнун эканлигини таъкидлади.

“Япония ва АҚШ Шимолий Кореяга максимал босим ўтказиш бўйича кампанияни амалга оширишда етакчиликни намоён қилди. Бу Шимолий Корея томонини биз билан мулоқот қилишни излашига олиб келди. Бизнинг ёндашув муваффақиятли ва тўғри бўлди дейиш адолатдандир”, — дейди Кунчиқар юрт ҳукумати раҳбари.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар