АҚШ Меҳнат департаментининг қарори янгиланаётган Ўзбекистоннинг яна бир ғалабасидир!

10:27 29 Март 2019 Сиёсат
500 0

Архив фото

Аввал хабар қилганимиздек, АҚШ Меҳнат департаменти 2019 йил 25 март куни Ўзбекистон пахтасини мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар “қора рўйхати”дан чиқарди. Бу Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир халқаро эътирофидир.

Ушбу муваффақият ўз-ўзидан, осонликча қўлга киритилган эмас. Сиёсий фанлар доктори, профессор Муқимжон Қирғизбоевнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган “АҚШ Меҳнат департаментининг қарори янгиланаётган Ўзбекистоннинг яна бир ғалабасидир!” сарлавҳали мақоласида ана шу мақсадга эришиш борасида босиб ўтилган машаққатли йўл ҳақида ҳикоя қилинади.

Ўзбекистон замини қадим замонлардаёқ деҳқончилик ривожланган, турли ўсимлик ва экинлар етиштириладиган серқуёш юрт сифатида танилган. Тарихий манбаларга кўра, пахта бу ерда бундан икки ярим минг йил аввал маданийлаштирилган. Чунки мамлакатимиз ҳудуди, иқлими ва тупроғи уни парваришлаш учун жуда қулай. Айниқса, ўрта асрларда пахта хом ашёсидан тайёрланадиган маҳсулотларга эҳтиёжнинг кучайиши натижасида пахтачилик соҳаси савдо ва иқтисодиётнинг асосий тармоғига айланди.

Пахта етиштириш, ҳосилини териб олиш — жуда масъулиятли иш. Шу сабабдан бу жараёнда асосий эътибор инсон омилига боғлиқ. Ўтган асрнинг 30-йиллари охирида бир миллион тонна ҳосил йиғиб олинди. 1970 — 1990 йилларда йилига ўртача 5 миллион тоннадан пахта хом ашёси етиштирилди. 1990 йилда эса 6 миллион тонналик хирмон тикланди, деб иддао қилинди. Ўша пайтлардаги аграр сиёсат натижасида Ўзбекистондаги экин майдонларини кимёлаштириш авж олди, экологик ҳолат ёмонлашди, суғорма деҳқончиликнинг кучайиши натижасида Орол денгизи қурий бошлади. Янада нохуш ҳолат — пахта чеканкаси, уни бегона ўтлардан тозалаш, пахта йиғим-теримига мактаб, билим юртлари, техникумлар, олий ўқув юртлари талабаларини мажбуран жалб этишга ўтилди. Айниқса, техникум ва олий ўқув юртлари талабалари баъзи йилларда уч-тўрт ойгача пахта теримида иштирок этган пайтлари ҳам бўлди. Бунинг оқибатида йўқотилган дарс соатлари бир йиллик умумий таълим олиш соатлари ҳажмининг 20 — 30 фоизини ташкил этар, деярли барча фанларнинг соатлари тегишли равишда қисқартирилар эди. Мактабларда бу кўрсаткичлар озроқ бўлса-да, аҳвол бир хил эди.

Пахта йиғим-теримига сафарбар этилган талабаларга, асосан, барак типидаги бинолар ётоқхона тарзида берилган. Об-ҳавонинг совиб кетиши, талабалар истиқомат қилаётган биноларнинг санитария ва гигиена талабларига жавоб бермаслиги, пахта майдонларидаги турли кимёвий препаратлар ва пестицидлар таъсири туфайли айрим ёшлар соғлиғини йўқотган ҳолатлар ҳам учраб турарди. Пахта терими сиёсий кампанияга айланиб, бу даврда талабалар ва ўқувчиларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг иложи йўқ эди.

Мустақилликнинг илк йилларида пахта номенклатурасига қараш бир оз ижобий томонга ўзгарган бўлса-да, муаммо тўлалигича ҳал этилмай қолиб кетди. Хусусан, бу даврда талаба ва ўқувчиларни пахта теримига сафарбар қилиш муддати қисман қисқартирилди, холос. Лекин мазкур ҳолат барибир таълим жараёнига, қолаверса, айрим талаба ва ўқувчилар соғлиғига салбий таъсир кўрсатаверди. Бир томондан теримга чиққан ёшларни озиқ-овқат билан таъминлаш яхши йўлга қўйилмаган бўлса, иккинчи томондан, узоқдан ёрдамчи ишчи кучларини жалб этиш ер эгаларининг иқтисодий ҳолатига таъсир қила бошлади. Яна бир муҳим жиҳати, пахтакорларни иқтисодий рағбатлантириш жуда паст даражада эди. Мисол учун, 100 кг. пахта терган инсон арзимас чойчақа оларди, холос. Аксарият ҳудудларимиз пахта майдонларидаги теримчиларнинг 70 — 80 фоизи талаба ва ўқувчилардан иборат эди. Бу ҳолат биргина мамлакатимиз ичида ёш авлоднинг ижтимоий аҳволи ёмонлашишига, давлатимиз ташқи иқтисодий ҳолати, лўнда қилиб айтганда, халқаро имиджига путур етказди.

2007 йилдан бошлаб баъзи хорижий нодавлат ташкилотлар ва компаниялар хориж ОАВда “Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланилаётганлиги учун унга норозилик тариқасида бу давлатдан пахта хом ашёсини сотиб олишни бойкот қилиш”га доир чорловлар уюштира бошлади. Оқибатда АҚШ ва Ғарб давлатлари Ўзбекистондан пахта толаси ва бошқа тўқимачилик маҳсулотлари сотиб олишни “қора рўйхат”га киритди.

“Responsible Sourcing Network” ташкилоти маълумотига кўра, 108 дан ортиқ таниқли жаҳон брендлари Ўзбекистон пахтасини ишлатишдан воз кечди. Жумладан, Испаниянинг “Zara” бренди, оммавий кийимлар ва аксессуар ишлаб чиқарувчи “H&M”, “Gap”, “Walmart”, “Gucci” ва “Yves Saint Laurent” ҳам бу кампанияни қўллаб-қувватлади. АҚШнинг Кийимлар ва пойабзал ишлаб чиқарувчилар миллий уюшмаси (“American Apparel and Footwear Association” — AAFA, бу тармоқдаги 75 фоиз компанияларни ўзида бирлаштиради) ҳам бу жараёнда иштирок этди.

Агар 2000 йилгача Ўзбекистоннинг пахта хом ашёси, асосан, АҚШ ва Европа давлатларига сотилган бўлса, шу йилдан эътиборан Хитой, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Жанубий Корея компаниялари харид қила бошлади. Ушбу даврда пахта баҳосини белгиловчи “А” – “Cotlook” индекси ўзбек пахтасини сифат жиҳатидан эътироф этди ва бу пировардида Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқ давлатларининг қизиқиши ортишига туртки берди.

2015 йилга келиб пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотлар жаҳондаги 55 та давлатга экспорт қилина бошланди. Улар МДҲ, Европанинг баъзи давлатлари, Хитой ва бир неча араб давлатларидан иборат эди. Лекин Европа ва АҚШдаги асосий харидор компаниялар ўзбек пахтасига бойкотни давом эттирди.

Шавкат Мирзиёев Президент сифатида ўз фаолиятини бошлаганидан кейин бу соҳада туб ўзгаришлар бошланди. Аввало, пахта толасини тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш учун чора-тадбирлар кўрилди.

Охирги уч йилда пахта экиладиган майдонлар қарийб 215 минг гектарга қисқартирилгани аграр соҳани диверсификациялашда улкан қадам бўлди. Бутун бошли туманларда эса умуман чигит экилмаётгани, таъбир жоиз бўлса, тармоқда чинакам янгиланишлар даври кечаётганидан далолат.

Шу билан бирга, пахта толасини экспорт қилиш камайиб бормоқда. Масалан, 2015 йили пахта толаси экспорти умумий экспортнинг 5,3 фоизини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2016 йилда 3,4, 2018 йилда 1,9 фоизни ташкил қилди. Тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш эса 15,3 фоиз ўсди. 2015 йилда 503,8 минг тонна, 2016 йилда 416 минг тонна, 2017 йилда 278,9 минг тонна, 2018 йилда 115,6 минг тонна (222,1 млн. АҚШ долларига) пахта толаси экспорт қилинди. 2018 йилда Ўзбекистон пахтасини Эрон, Хитой, Бангладеш, Туркия, Россия, Латвия, Гонконг компаниялари харид қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда республикамизнинг 20 та туманида пахтачиликда кластер усулига ўтилди. 2020 йилга бориб бундай туманлар сонини 60 тага етказиш режалаштирилган. Бундан кўзланган асосий мақсад пахтани четга хом ашё сифатида эмас, балки тайёр маҳсулотга айлантириб сотишдир. Бу орқали ҳам даромад ошади, ҳам иш ўринлари кўпаяди.

Шавкат Мирзиёев болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам беришга инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг муҳим шарти сифатида эътибор қаратди. Талаба ва ўқувчиларни пахта йиғим-теримига жалб қилишни қатъиян ман этди. Деярли юз йил халқнинг турмуш тарзига айланиб кетган воқеликка бирданига барҳам берилиши кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Ишониш қийин кечган бу ҳақиқатни маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари фавқулодда ҳазм қилолмади. Буни 2017 йил сентябрь ойида талабалар ва ўқувчиларни аллақачон пахта теримига сафарбар қилишга улгурганлари мисолида ҳам кўриш мумкин эди. Ушбу воқеадан бир ҳафтадан ортиқроқ вақт ўтганидан кейин хабар топган давлат раҳбари зудлик билан барча ёшларни ўқишга қайтарди. Бу, албатта, ҳеч кутилмаган ҳолат эди. Президент томонидан кўрилган мазкур чора АҚШ ва Европа ҳамжамияти эътиборини тортди.

Ўзбекистон раҳбари 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида пахтачилик соҳасидаги туб ўзгаришлар ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари жаноб Ал-Ҳусайннинг ташрифи якунлари бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди”.

Албатта, Ғарб давлатларининг ўзбек пахтасини бойкот қилиши фақат болаларни мажбурий меҳнатга сафарбар этиш билан боғлиқ эмас эди. Бу диний ва сиёсий эркинлик масалалари билан ҳам алоқадор эди. Диний эркинлиги бузилган 18 мингта шахс ҳуқуқларининг тикланиши, 1000 дан ортиқ ўзгача сиёсий қарашлар билан айбланган кишиларга нисбатан чекловларнинг бекор қилиниши, сиёсий маҳбусларнинг озодликка чиқарилиши, ижроия ҳокимияти, парламент ва суд ҳокимиятининг халққа хизмат қиладиган давлат органларига айлантирилиши, мулкдорлар ижтимоий қатлами ҳуқуқ ва эркинликларининг тикланиши, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларнинг қайта йўлга қўйилиши дунё ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этила бошлади. Президентимизнинг ўтган йил май ойида АҚШга амалга оширган тарихий ташрифи давомида буни АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам алоҳида таъкидлади.

Шу йилнинг 4 мартида Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли конвенциясини (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни имзолангани ҳам катта воқелик бўлди.

Ва, ниҳоят, АҚШ Меҳнат департаменти 2019 йил 25 март куни Ўзбекистон пахтасини мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар “қора рўйхати”дан чиқарди. Ўзбекистон пахтаси бу рўйхатга 2010 йилда киритилган эди. АҚШ Меҳнат департаменти қарорида “Ўзбекистон пахта ишлаб чиқарувчилари учун АҚШ бозорларига киришга янги истиқболлар очилади”, деб таъкидланди. Албатта, бу қарор “Cotton Campaign” халқаро ташкилоти ва Халқаро меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш форуми (ILRF) хулосалари асосида қабул қилинди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан тан олинаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан деярли 100 йил халқнинг кундалик юмуши бўлган воқеликка қисқа муддатда барҳам берилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тамомила чек қўйилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш энг устувор вазифалардан бирига айланди.

Муқимжон ҚИРҒИЗБОЕВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019