АҚШ компанияси Ўзбекистонга 1 млрд доллардан ортиқ инвестиция киритишга тайёр

11:24 15 Август 2018 Иқтисодиёт
521 0
Фото: "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати

Американинг Air Products LLC компанияси 1 миллиард АҚШ доллари ва ундан кўпроқ маблағни Ўзбекистонга киритиш учун тайёр. Бу ҳақда компания президенти Сейфи Гасеми маълум қилди.

“Ўзбекнефтгаз” матбуот хизматининг “Халқ сўзи“га маълум қилишича, Air Products LLC компанияси Ўзбекистонда саноат газини (шунингдек, кислород, азот, аргон, водород, синтез-газ ва бошқаларни) ишлаб чиқариш, фойдаланиш ва тарқатишни йўлга қўйишни ташкил этишга қизиқиш билдирмоқда. Шу масалада ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унинг якунига кўра, томонлар бозорни ўрганиш, саноат гази ишлаб чиқаришларни аудит қилиш ва кейинги таклифлар бериш борасида келишиб олдилар.

“Давлат даражасида бўлиб ўтган учрашувларда компаниямиз Ўзбекистонга миллиард ва ундан ортиқ АҚШ долларини киритишга тайёр эканлигини айтиб ўтгандик. Ушбу инвестициялар саноат газини ишлаб чиқариш, фойдаланиш ва тарқатиш соҳаларини ривожлантиришга ва юртингизда нафақат ички истеъмолчига балки қўшни давлатларга ҳам хизмат кўрсата оладиган саноат газини ишлаб чиқариш бўйича компания ташкил этишга йўналтирилади”, деган Гасеми.

Компания раҳбарининг таъкидлашича, бу борада Ўзбекистон имкониятларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳи тузилади.

“Бундан бир муддат олдин биз шунга келишиб олдик – компания ишчи гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги мавжуд имкониятларни ўрганиб чиқишади, маркетинг тадқиқотлар ўтказишади, ва унга кўра, йўл харитаси ишлаб чиқилади – Ўзбекистонда мавжуд имкониятларни илгари сурилаётган таклифлар билан бирлаштириш ва ўзаро амалга ошириш йўллари аниқлаш. Икки ойдан сўнг эса, биз кейинги режаларни тузиш учун юртингизга қайта ташриф буюрамиз”.

“Air Products LLC бундан ташқари “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан табиий газ (МТО) ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани кўриб чиқмоқдамиз. Бу лойиҳа жуда йирик ва муҳим. Ҳозирда уни ишлаб чиқиш жараёни олиб борилмоқда. Бундан ташқари, бизнинг компания Қашқадарёда қурилаётган GTL лойиҳасида ҳам иштирок этмоқда. Келишувга кўра, ишчи гуруҳ ҳар икки томонга ҳам манфаатли бўладиган win-win модели асосида аниқ таклиф ишлаб чиқмоқда”, дея Гасемининг сўзларини келтиради “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати.

Олдинроқ, Сейфи Гасеми Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Алишер Султонов билан учрашган ва унда компания Хитой, Саудия Арабистони, Россия ва Ўзбекистонга инвестиция киритиш борасида қарор қабул қилгани ҳақида маълум қилганди.

Маълумот учун, Air Products – халқаро нефт-газ ишлаб чиқариш компанияси бўлиб, ушбу соҳада дунёда етакчилардан бири саналади. Компания очиқ шаклда бўлиб, 75 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Дунё бўйлаб компания 50 давлатда иш олиб боради ва ишчиларининг сони деярли 15 минг кишини ташкил қилади. Компаниянинг ҳозирдаги бозор капитализацияси 35 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Уларнинг асосий фаолияти — кимё, металлургия ва озиқ-овқат саноатларида хизмат кўрсатишдир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар