АҚШ Давлат департаменти: “Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи кўп жиҳатдан сезиларли даражада яхшиланган”

10:40 18 Март 2019 Жамият
332 0

Иллюстратив фото

АҚШ Давлат департаменти 2018 йил дунёдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича йиллик маърузада (2019 йил 13 март куни чоп этилган) Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи кўп жиҳатдан сезиларли даражада яхшиланганини эътироф этди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Бу эса ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарадорлиги ва республика раҳбариятининг инсон манфаатларига хизмат қилишига бўлган қатъий содиқлигининг яна бир ёрқин тасдиғидир.

“Хусусан, аввало жиноий одил судлов, суд жараёнининг кўпроқ шаффофлигини таъминлаш, айбловчи далиллар базасидан фойдаланишга ҳимоячи томонига кенгроқ изн берилишининг таъминланиши ва натижада оқловчи қарорлар сонининг кўпайиши соҳаларидаги ишларга маърузада объектив баҳо берилиши диққатга сазовордир”, дейилади хабарда.

Ҳужжатда коррупцияга қарши курашнинг самарадорлиги, қийноқлардан ҳамда бошқа муомала ва жазонинг ноинсоний ёки инсон шаънини камситувчи турларидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар қабул қилиниши, шунингдек, бундай жиноятлар учун масъулиятнинг кучайтирилишига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Ўз навбатида сўз ва ифода эркинлигини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар доирасида матбуот эркинлигини таъминлаш билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фуқаролик жамияти фаоллари билан очиқ муносабатлари эътироф этилаётгани айтилган.

Маърузада диний экстремизмда гумонланган минглаб шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари рўйхатидан чиқарилиши, шунингдек, кўплаб афв этиш ҳолатлари ва уларнинг ижтимоий мослашувига қаратилган дастурлар алоҳида қайд этилган.

“Human Rights Watch” ва “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” маълумотларига асосланиб, “Ўзбекистонда йигирма йилдан зиёд вақтдан бери илк маротаба журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари қамоқхоналарда қолмагани” маърузада айтиб ўтилган.

Ҳужжатда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича муваффақиятли қабул қилинган ҳуқуқий ва маъмурий чоралар алоҳида кўрсатилган. Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги тараққиёти АҚШ Давлат Департаменти ва Меҳнат Департаментининг 2018 йилдаги тегишли баёнотларида бир неча бор таъкидланган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонни “диний эркинлик соҳасидаги алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар рўйхатидан” чиқариш қарори республиканинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларининг яна бир тан олинишидир.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган натижалар, шубҳасиз, мамлакатда қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ, бу эса чуқур демократик ислоҳотларнинг бошланишига олиб келди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини мамлакатда таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришда қатъийдир ва бундан кейин ҳам “аниқ ислоҳотлар” йўлидан боради, шунингдек, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар яхлит, барқарор ҳамда ортга қайтмас характерга эга. Шунингдек, республикада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари ва механизмларини янада такомиллаштириш, шу жумладан, халқаро ҳамда ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишлар давом эттирилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлардан келиб чиқувчи энг муҳим топшириқлар амалга оширилишининг ҳал этувчи шартлари шундан иборатдир. Ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг эҳтиёжлари ва манфаатлари ҳисобланади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019