АҚШ Давлат Департаменти делегацияси Сирдарёда бўлди

11:35 12 Декабрь 2019 Жамият
283 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. АҚШ Давлат Департаментининг Одам савдосига қарши курашиш ва мониторинг бошқармаси ташқи сиёсат масалалари бўйича вакили А. Фендер бошчилигидаги делегация Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

Меҳмонлар Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Сирдарё вилояти комиссияси аъзолари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашди.

Суҳбат давомида делегация аъзоларига мамлакатимизда, хусусан, Сирдарё вилоятида одам савдосига қарши курашиш борасида ҳамда мажбурий меҳнатга қарши олиб борилаётган ишлар юзасидан эришилаётган ижобий натижалар ҳамда комиссия фаолиятига киритилган режалар бўйича атрофлича маълумотлар берилди.

Айниқса, мамлакатимизда болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилганлиги, қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш даврида катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги аниқ мисоллар орқали маълум қилиниб, бу борада фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш, фуқаролик жамияти вакиллари ва мазкур соҳадаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги айтиб ўтилди.

Учрашувда Андрю Фендер сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар олиб борилаётгани, шу жумладан устувор йўналиш ҳисобланган одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, айниқса бу борада Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар алоҳида диққатга сазовор эканлигини таъкидлади.

Мулоқот якунида одам савдоси ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?