АҚШ БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини тарк этди. Унинг ўрнини қайси давлат эгаллайди?

16:19 21 Июнь 2018 Дунё
239 0
Фото: Звезда

АҚШ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигидан воз кечди. Кенгаш Исроилнинг Фаластиндаги босиб олган ерларидаги ҳаракатларини қораловчи резолюция қабул қилганидан сўнг шундай қарорга келган.

БМТ раҳбарияти, хусусан, Бош котиб Антониу Гутерриш, ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн АҚШнинг бу қароридан афсусда эканлиги, ҳайрон қолганини билдирди.

Ўз навбатида, Вашингтон охирги пайтларда ишлаб чиқилаётган бир қатор резолюциялар сабаб Инсон ҳуқуқлари кенгаши фаолияти сиёсийлашганини иддао қилмоқда.

АҚШ тарк этгандан сўнг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида пайдо бўлган бўш ўрин эса бошқа мамлакатга берилади. Бу ҳақида БМТ Бош ассамблеяси раиси матбуот котиби Бренден Варма маълум қилди.

БМТ Бош ассамблеясининг 2006 йилдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш тузиш тўғрисидаги резолюциясида аъзоликдан воз кечиш сабабига оид бирорта қоида қайд этилмаган. Бироқ ҳужжатда Кенгашнинг 47 та аъзоси географик жойлашувига қараб аниқланиши белгилаб қўйилгани инобатга олинса, бўш ўрин АҚШ жой олган Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар минтақавий гуруҳи ичидан танлаб олиниши керак.

“Ҳозир биз келгусида қўйилиши эҳтимоли мавжуд қадамларни ўрганяпмиз”, деди Б. Варма.

Қолаверса, Бош ассамблея АҚШнинг Кенгашдан чиққанлик тўғрисидаги расмий билдиргисини кутяпти.

Эслатиб ўтамиз, Кенгаш аъзолари ҳар йили Бош ассамблея томонидан бир қатор минтақавий гуруҳлар ичидан уч йиллик муддатга ротация тартибида сайланади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар