А.Қодиров: Халқ таълими вазири ёки Мактабгача таълим, маданият ёки спорт вазирлари қурилишни ташкил қилишни билиши керакми?​ 

08:28 27 Август 2020 Сиёсат
339 0

Молия вазирининг 2020 йил биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети маблағларини ишлатилиши бўйича ҳисоботи эшитилди.

Беқарор вазият, мураккаб шароитда Ҳукумат томонидан олиб борилаётган фидойи меҳнат эътироф этилди.

Айрим масалаларда партиянинг таклифлари берилди.

Жумладан, бу йилда 1919 та мактабларни қуриш ва таъмирлаш учун 1,1 трлн.сўм маблағ ажратилган. Пандемия шароитида қурилиш ишларига алоҳида шароит ва имтиёзлар тақдим этилган бўлса-да, болаларни мактабга бормаётган пайтидан унумли фойдаланиб қолиш ўрнига сансоларлик ва ҳужжатбозлик билан шуғулланилмоқда. Худди шундай сабаблар билан Мактабгача таълим вазирлигида ҳам 76 та боғчалар қурилиши учун ажратилган 321 млрд.сўм ишлатилмаган.

Молия вазирининг айтишича молиялаштириш билан боғлиқ масала йўқ.

Демак вазирликлар қурилиш ишларини тўғри ташкил эта олмаяпти. Савол туғилади, Халқ таълими вазири ёки Мактабгача таълим, маданият ёки спорт вазирлари қурилишни ташкил қилишни билиши керакми? Улар қурилиш қилиш учун вазир эмаслар-ку? Қурилиш вазирлиги нима учун ташкил қилинди?

Ҳар бир вазирлик ўз вазифаси самарали ижро этиш учун шароити бўлиши керак. Мактабларда тоғдек масалалар бўлиб турганида таълим вазирини мактаблар қурилиши бўйича бошини қотириш тўғрими?

Қолаверса, мактабларни таъмирлаш ва қуриш учун танлашда ҳам масалалар бор. Кўзга кўринадиган жойлардаги мактабларни такрор, хўжакўрсинга таъмирлайвериш амалиётидан воз кечиб, бир мактабни тўлиқ талабларга мослаштириш учун дастурга киритиш йўлидан бориш керак. Бир йилда 1919 та мактабни таъмирлаш эмас, 1000 та мактабни бугунги талабларга тўлиқ мослашга эришиш керак. 10 йилда бўлса ҳам барча мактабларни талаб даражасида бўлишига эришамиз. Ҳозирги ҳолатда 30 фоиз мактаб таъмирланаверади, 30 фоиз мактабга қурувчи етиб бормайди...

Мактаб ва боғчаларни таъмирлаш ёки қуриш бўйича дастурлар тузилаётганда депутатларнинг фикрини ҳисобга олиш керак. Депутатларга бу масалаларда жуда кўп шикоятлар келади.

Яна бир масала, пенсия жамғармаси ҳанузгача 82 фоиз маблағини бюджетдан олмоқда. Президент томонидан уч босқичли пенсия таъминоти тизимини яратиш бўйича берилган топшириқ ижро қилинмаяпти.

Охиргиси, Президент томонидан 5893 сонли Фармон билан талабаларга ажратиладиган таълим кредитларининг бир қисмини «Ёшлар келажагимиз» фонди ҳисобидан, имтиёзли фоизларда ажратиш топшириғи берилган. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган ушбу фонднинг низомида бу кўзда тутилмаган. Негадир ушбу низомга ўзгартириш киритишни хоҳлашмайди. Бугун талабаларнинг 75 фоизидан кўпроғи шартнома асосида таълим олади. Уларнинг ҳаммаси тижорат банклари таклиф қилаётган фоизларда кредитдан фойдаланолмайди. Бу масалани такрор кўтардик, ҳал бўлмагунича кўтараверамиз. Президент Фармони ижро қилиниши шарт.

Алишер ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси

фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?