АОКА тасарруфида “Ўқитувчи” илмий-услубий ноширлик маркази ташкил этилади

19:19 14 Февраль 2019 Жамият
718 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги таркибидаги “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи иккита туилмага ажратилиб, нашриёт номи остида илмий-услубий ноширлик маркази ва матбаа уйи ташкил этилади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Илмий-услубий ноширлик марказини ташкил этишдан мақсад – узлуксиз таълим тизимида Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда янги авлод дарсликларини ишлаб чиқишдан иборат.

Агентлик Бош директори Комил Алламжоновнинг таъкидлашича, “Марказда илм-фан мутахассислари, юқори педагогик тажрибага эга соҳа вакиллари ҳамда масъулиятли муҳаррирлар, мусаҳҳиҳлар гуруҳи жамланади. Уларга замон талабларига жавоб берадиган, инновацион янги авлод дарсликларини ишлаб чиқишлари учун барча зарурий шароит ва қулайликлар яратиб берилади“.

“Ўқитувчи” илмий-услубий ноширлик маркази дарсликлар ва ўқув қўлланмаларининг сифати ва безатилишини яхшилаш, бу борада замонавий жаҳон тажрибаларини жорий этиш, дарслик лойиҳаларини тайёрлашда давлат стандартлари ҳамда санитария меъёрларига тегишли ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, шунингдек, мактаб дарсликларини тайёрлаш тартибини тўлиқ қайта кўриб чиқади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?