АОКА директори Президент, блогерлар, блокланган сайтлар, ҳокимлар, кўзбўямачиликлар, давлат иши, Тесла ва бошқа нарсалар ҳақида нималар деди?

17:45 05 Август 2019 Жамият
213 0

“AlterEgo”нинг янги сонида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори К.И.Алламжонов билан интервью берилди. Қуйида у билан тўлиқ танишишингиз мумкин.

Журналист: Яқинда сиз Европа бўйлаб катта “юриш” қилдингиз — Лондон ва Вена шаҳарларига ташриф буюрдингиз. Бу давлатларга боришдан асосий мақсадингиз нима бўлган?

К. Алламжонов: Бош мақсадим — мамлакатимиздаги сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ўзгаришлар билан таништиришдан иборат бўлган.
Ёдингизда бўлса, ЕХҲТнинг сўз эркинлиги масалалари бўйича вакили жаноб Арлем Дезир томонидан хорижий ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилмаслигимиз ҳақида мурожаат қилинган эди. Биз бу баёнотга жавобан катта ишларни амалга оширдик, яъни юртимизда кўплаб хорижий ахборот манбаларидан тўлиқ фойдаланиш имконияти тикланди, шунингдек, ахборот соҳасини эркинлаштириш бўйича бошқа чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ташрифлар ташаббуси Европа томонидан билдирилди ва биз ҳам мамнуният билан ушбу имкониятдан фойдаланиб, мамлакатимизда фуқаролар ва сўз эркинлиги, ОАВ мустақиллиги, давлат идоралари очиқлигини таъминлаш учун шакллантирилган “Йўл харитаси” доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида, қолаверса, Ўзбекистонда журналистика соҳасидаги касбий мақомлар ва қадриятларнинг ривожланиши тўғрисида ҳам сўзлаб бердик. Президентимизнинг сиёсий иродалари туфайли биз очиқлик йўлини танлаганимизни ва сўз эркинлигини қарор топтиришга интилаётганимизни хорижлик ҳамкасбларимизга етказдик. Гарчи ҳаммасини бир зумда амалга ошириш мумкин бўлмаса-да, биз олдимизга қўйган мақсадларни бажаришга ва жаҳон ҳамжамияти томонидан белгиланган талабларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Ж: Сиз шахсан мамлакатда сўз эркинлигини қай даражада баҳолайсиз, унинг муаммолари нимада?

К.А: Масаланинг икки томони бор: агар журналистик нуқтаи назардан ёндашсак, тажриба етишмаслигини таъкидлаш мумкин. Аксарият журналистларда билим етишмайди. Агар ўтмишга назар солсак, 25 йил давомида журналист касби эътиборсиз бўлган. Мамлакатда ОАВ соҳаси деярли ёпиқ ва цензура кучли бўлган, журналистлар ва ОАВ қатъий назорат қилинган ҳамда муайян омиллар сабаб журналистика факультети битирувчилари бошқа соҳаларга ўтиб кетишган. Журналистик фаолиятини давом эттирганлар эса асосан енгил, юзаки ёндашувларга берилиб кетишган, воқеликларни чуқурроқ, таҳлилий нуқтаи-назардан ёритишмаган ва мукаммаллашиш учун ўз устида ишлашмаган.

Бироқ энди бирданига профессионал даражада ишлаш имконияти юзага келди, кутилмаганда ҳамма эшиклар очилди. Албатта, муаммолар ҳам бор. Журналистлар учун осон бўлаётгани йўқ. Биз буни жуда яхши тушунамиз. Бироқ яна бир бор қайтараман, Юртбошимизнинг сиёсий иродалари бор, давлат ва ҳукуматнинг танлаган йўли, ўз ёндашуви бор. Буни сизнинг ҳамкасбларингизга тегишли бўлгани учун гапиряпман.
Давлат хизматчилари, яъни мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилаётган муаммолар ҳам мавжуд.

Ж: Ҳозирги очиқлик ва умумий хайплар атмосферасида дарёнинг нариги қирғоғидагилар — давлат амалдорлари ўзини қандай ҳис қилмоқда?

КА: Уларга осон эмас. Чунки журналистикани назорат қилишга асосланган ўтган 25 йиллик даврда барча амалдорлар ўзини бўш қўйган, хотиржам юрган. Улар одамлар билан мулоқот қилишмаган, кун тартибидаги оддий масала бўйича ҳам интервью беришмаган, чунки бу ман этилган. Ҳатто матбуот хизматлари бўлмаган. Амал эгалари ва раҳбарларга, яъни биринчи шахсларга матбуот, жамоатчилик олдига ва оммавий ахборот воситаларига чиқиш очиқчасига тақиқлаб қўйилган. Фақат битта одам чиқиши мумкин бўлган, холос. Шу сабаб, амалдорлар ўзларини “қўйворишган”. Хорижий давлатларда жамоатчилик билан ишлаш давлат хизматчилари мажбуриятининг муҳим қисми ҳисобланади, чунки улар ҳар бир ҳаракатларини жамият олдида оқлашлари ва изоҳ беришлари лозим. Бизда эса ҳамма ўзига ўзи хон эди, хоҳлаганини қилар ва фақат битта одамгина ҳакам эди. Бу одамда 30 млн. аҳолининг қаричига қараганда нисбатан тор доирадаги талаблар бўлиши мумкин эди. Бутун аҳолига қараганда битта одамнинг кўнглини топиш осонроқ.
Эндиликда очиқ танқид қилиш имконияти туғилди. Вазирлик ва идора раҳбарлари ОАВ ва журналистлар олдида чиқиш қилишларига тўғри келди. Табиийки, бу муаммоларсиз бўлмайди.
Биламизки, улар чиқиш қилишганда биргина хато жавоб кескин мунозараларга айланиб кетади. Салбий оқибатларга олиб келади. Бу эса амалдорларни ўз устида ишлашга мажбур қилади. Улар ўйлаб гапиришни бошлашади. Бу ҳам ўзига хос тарбия жараёни. Яна бир бор таъкидлашни истардим: буларнинг барчаси осон кечаётгани йўқ.

Ж: Бугунги кунда танқиддан кўра ёлғон овозалар, провакациялар кўп. Бундай ҳолатларда сўз айтиш ҳуқуқига жуда эрк бериб юборилган бўлмайдими? Чунки жуда кам киши холис бўлишга интилади, ҳаммаси хайпларга асосланган ва бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

КА: Албатта, буларнинг барчаси назоратда. Биз атайин имконият бердик. Мана, яқиндагина ўтказилган матбуот анжуманида бир журналист “Нотўғри маълумот ва провокациялар учун журналистларни жазолаш вақти келмадими?” дея савол берди. Мен унга жавобан: “Шошмайлик. Биз эндигина соҳага эркинлик бериб, нафас олишни бошладик. Журналистлар эндигина кўтарилишни бошлашмоқда. Мен ОАВ соҳасида кўплаб қўпол қонунбузарликлар бўлаётганини кўриб, тушуниб турибман. Бизда ҳали танқидий журналистика ривожланмаган. Журналистлар ўзларини эркин ижодкор этиб ҳис қилишлари учун ҳали кўп ишларни амалга ошириш зарур. Майли, ҳозир улар адашишсин ёки ўзларини касб нуфузига хос бўлмаган  тарзда тутишсин, майли истаганини қилсин, биз уларни қистовга олмаймиз. Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад — журналистика соҳаси ўсишига тўсқинлик қилмаслик. Бироқ кейинчалик биз албатта ўйин қоидаларини аниқ ўрнатамиз. Ҳозирча эса бош ҳакам — жамоатчилик фикри. Тўғри, улар шов-шув кўтаришяпти. Бошқа тарафдан эса бу давлат тузилмаларини ишлашга мажбур қиляпти. Мудраб ўтирган ўринларидан уйғотишга ундаяпти. Бу жараён, жараён эса осон бўлмайди”, дедим.

Ж: Сизни Uz24 ва Turon24 муассиси дейишади. Сиз ва жамоангиз қачондир цензурага учраганми?

КА: Албатта. Нега биз медиа соҳасида яхши ишлаймиз? Чунки мен вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматида, ОАВда, телеканалларда оддий ходим сифатида ишлаганман. Мен сайт очиш жуда қийин бўлган вақтларда сайт ташкил этганман. Баъзида таҳдидлар ҳам бўлган, бирор ахборотни узатишдан аввал минг марта таҳлил қилганмиз. Бироқ жамоамизнинг дадиллиги ва ўз касбига содиқлиги ўз натижасини кўрсатган ва биз кўп марта ўткир масалаларни ёритишга муваффақ бўлганмиз. Бунинг учун гоҳида панд ҳам еганмиз.

Ж: Нега Turon24 ёпилди, у медиа майдонда ёриб чиқиб ўз ишини бошлаганди?

К.А: Turon24 жиддий провокацион фитналарга дуч келди. Turon24 ташаббуси илгари мен билан ишлаган, мен яхши билган ёш йигитларнинг ташаббуси эди. Биласизми, мен бунга қадар бизнес билан шуғулланганман ва менинг медиа тузилмаларим бор эди. Улар менинг ёнимга “Сиз Президентнинг матбуот котибисиз, ОАВ даражасини кўтаришга ҳаракат қиляпсиз, агар рухсат берсангиз”, дея ташаббус билан келишган. Бизда ғоя бор, агар сиз қўллаб-қувватласангиз ва ахборот олиш учун эшикларни очишга ёрдам берсангиз, сайт ташкил этамиз, дейишди. Мен хўп дедим. Мен ўша вақтда менга мурожаат қилганларнинг ҳаммасига ёрдам бердим ва қўллаб-қувватладим. Натижаси нима бўлди. Бу шахсан менинг сайтим экани ҳақида ва манфаатлар тўқнашуви борлиги тўғрисида миш-мишлар тарқалди. Сайтда танқидий материаллар узатила бошланганда фитналар авж олди, амалдорлар уларга эмас, менга қўнғироқ қила бошлашди. Гўёки мен атайлаб уларга салбий кампанияларни уюштираётгандай. Мен уларга бу сайтга ҳеч қандай алоқам йўқлигини тушунтирдим. Аммо мен барча журналистларни қўллаб-қувватлайман. “Агар сизда муаммо бор бўлса, уни олиб чиқиш керак. Менга қўнғироқ қилгандан кўра, яхшиси уларга жавоб беринг”, дедим. Шундай қилиб, ўзим босим остида қолдим. Ушбу салбий вазиятларнинг барчаси собиқ хавфсизлик кучлари туфайли юзага келди. Улар Turon24 ни йўқ қилиш учун қаттиқ курашишди ва кўриб турганингиздек, у йўқ.

Ж: Қайси маҳаллий оммавий ахборот воситаларини ўқийсиз?

К.А: Мен барча маҳаллий ОАВни ўқиб чиқаман, чунки бу менинг ишим. Агар мени нима кўпроқ қизиқтиришини сўрасангиз, мени блогерлар фикри кўпроқ қизиқтиради. Сизнинг кўрсатувларингизни кузатаман. Яқинда фаолиятингизни бошлаган бўлсангиз-да, ҳаммаси яхши кетяпти. Ферузхон, Kun.uz, Gazeta.uz ларни ўқийман. Мен ўқишга мажбур бўлган ва мен ўқиш учун қидирган ОАВ мавжуд. Бироқ касбим тақозоси сабаб, мен барчасини ўқийман. Менга ҳар эрталаб барча мақолалар ва блогерлар фикри йиғилган папкани олиб киришади.

Ж: Келинг сўз эркинлигига қайтамиз. Яқиндагина ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримовани Instagram  саҳифаларида қўллаб-қувватлаган бир нечта санъаткорлар, жумладан, Жаҳонгир Позилжонов, Ҳалима Ибрагимоваларнинг Zo‘r TV телеканалида клипларини узатишни тақиқлангани муҳокама бўлди. Бу сўз эркинлигининг бузилиши эмасми?

К.А: Мен ҳам бу ҳақида ўқидим, бироқ менинг уларга тақиқ қўйилганига ишончим комил эмас. Яхшиси, Zo‘r TV телеканали бу ҳақида расмий баёнот берсин: ким ёки нима учун уларга тақиқ қўйгани ҳақида, шунда мен ўз фикримни билдиришим мумкин. Аслида эса, яна бир бор такрорлайман, ҳар бир киши, ҳар бир журналист ёки блогер ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Олтин қоида бор: “Айтилган сўз учун жавоб бериш зарур”. Агар айтган сўзларинг тўғрилигига ва ҳеч кимни ҳақорат қилмаслигига ишончинг комил бўлса, истаганингни гапир.

Ж: Нима деб ўйлайсиз, нега ўзбек телевидениеси кўпчилик фикри бўйича жуда ёмон? 

К.А: Ўзбекистон телевидениеси деганда давлат каналлариними ёки хусусий каналларни назарда тутяпсизми?

Ж: Давлат ва хусусий каналларни ҳам. Биламан, бир нечта каналларга алоқангиз бор, бироқ менга каналларда ҳақиқатан долзарб, қизиқарли, таълимий кўрсатувлар камлиги, кўпроқ кўнгилочар дастурларга эътибор қаратилиши жуда қизиқ. Бу нима билан боғлиқ?

К.А: Мен сўзларингизга бир оз ўзгартириш киритмоқчиман. Менинг ҳозирги кунда ҳеч қайси каналга алоқам йўқ, бу барчага аён. Мен фақат давлат ишлари билан бандман. Саволингизга жавоб берадиган бўлсам, бу кўпроқ контентни шакллантирадиган инсонларниниг билим ва даражасига боғлиқ. Агар эътибор қаратаётган бўлсангиз, бугунги кунда шундай тенденция кузатилмоқда: нима оддий ва жўн бўлса, бу ажойиб нарса сифатида қарши олинмоқда. Масалан, мен ҳеч қайси канални томоша қилмаслигим мумкин эмас. Масалан, мен учун битта кўрсатувни қабул қилиш қийин дейлик. Бироқ рейтингга қарасанг — ўша кўрсатув энг юқори ўринда бўлади.

Ж: Тўғри шундай.

К.А: Шунинг учун ҳам, эҳтимол сизнинг фикрингизча, сиз ҳам менга ўхшаб бу каналларни кўрмаганингиз учун улар шундай ёмон кўринади. Бироқ аксарият кишилар уни ёқтиришса-чи? Агар бу кўрсатув аҳолига ёқмаса, эфирдан олиб ташлашлари мумкин эди-ку ахир. Лекин у томошабинларга ёқади. Майли роҳатланишсин.

Ж: Муаммо одамлардами?

К.А: Гап факат одамларда эмас. Гап, яна бир бор таъкидлайман, контентни шакллантирадиган одамларнинг билим даражасига боғлиқ. Улар ҳам ўзимизнинг одамлар, четдан келган эмас. Хусусий каналлар ёки бошқа каналлар хориждан мутахассисларни жалб қила олишмайди. Сиз бу ҳақида эшитганмисиз? Ва негалигини биласизми?

Ж: Йўқ, билмайман.

К.А: Чет эллик мутахассислар келишганда улар бизнинг аҳолига нима маъқул келишини тушунишмайди. Уларнинг менталитетларига, дунёқарашларига бу ердаги шакллантирилган контент тўғри келмайди. Улар буни тушунишди, улар буни бошларидан ўтказишди. Хорижий мутахассислар жуда катта лойиҳаларни бошлашган эди. Бироқ бу лойиҳалар самарасиз бўлди.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бизда реклама бюджети жуда кам. Масалан, мен эшитган маълумотларга кўра, республика бўйича барча телеканалларда умумий реклама бюджети 15 млн долларни ташкил этади. 20 та телеканал учун 15 млн доллар нима бўлади? Уларнинг офислар ва барча харажатлар учун сарфлари ҳар бир каналда 1-1,5 млн доллар бўлса, улар қайси пулга контентни шакллантиришлари мумкин?
Мен телеканалларда ишлаганимда турли хорижий компаниялардан ҳар хил йирик лойиҳалар билан келишарди. Масалан, улар доим “Нега сизларда “Голос”га ўхшаган кўрсатув йўқ? Нега сизларда жаҳон брендидаги сериаллар ёки ситкомлар йўқ?” дея кўп сўрашар эди. Ҳаммаси маблағга боғлиқ. Агар буларнинг барчасининг харажатлари қопланмаса, қандай қилиб сифатли контент ёки лойиҳа тақдим этиш мумкин? Яъни бу томон ҳам жиддий аҳамиятга эга. Ҳаммаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Айтганимдек, контентни  шакллантирадиган журналист ёки ижодкорлар даражаси, бюджет ва иқтисод ҳамда одамларнинг тушуниши. Агар бу кимгадир ёқмаса, телевизорни ўчириб қўйиши мумкин.

Ж: Нима деб ўйлайсиз, қачондир бу вазият ўзгарадими?

К.А: Бу ҳаммаси иқтисод ривожланиши билан боғлиқ. Иқтисод юқори даражада бўлса, одамларнинг дунёқараши ўзгаради. Одамларнинг пули кўпайса, улар талабчан бўлишади. Кейин уларни бундай оддий ва арзон нарсалар билан ҳайратлнтира олмайсиз. Ва улар янада кўпроқ нарсани исташади. Чунки пул ва имконият сабаб улар бошқа давлатларга саёҳат қилишни бошлайдилар, қўполроқ айтганда, ҳаётнинг турли жозибаларини, ҳаёт пул билан гўзал эканини тушуна бошлайдилар. Улар буни тушунишганда сифатли таълим, тиббий хизмат, сифатли хизматлар ва телевидениеда сифатли контентни хоҳлашади. Буларнинг барчаси иқтисод билан боғлиқ, тамом.

Ж: Яна сўз эркинлигига қайтамиз. Кўпчилик учун сўз эркинлиги, таъкидлаганингиздек — танқид. Нима деб ўйлайсиз, Президентни танқид қилиш мумкинми? Нега буни ҳеч ким қилмайди?

К.А: Мен фикрингизга қўшилмайман, танқид қилишяпти. Мен яқинда Gazeta.uz да бир мақола ўқидим, танқидий. Нега Президентни танқид қилишмайди? Бу савол — менга эмас. Демак бунга сабаб йўқ. Билмадим, биз барча ҳуқуқ ва имкониятларни беряпмиз. Нега сиз танқид қилмайсиз?

Ж: Менга ҳаммаси ёқади.

К.А: Демак, кўпчиликка ёқади.

Ж: Сиз Президент матбуот котиби лавозимига тайинланганингиздан сўнг оммавий ахборот воситаларига жиддий кириб келдингиз. Сиз матбуот котиби этиб тайинланган кунингизни эслайсизми? 

К.А: Ҳа. Мен тоғда эдим. Менга қўнғироқ қилиб: “Сен Президентнинг матбуот котиби этиб тайинландинг”, дейишган.

Ж: Бу одатда қандай бўлади? Бу қандайдир резюме юбориш биланми ёки суҳбат орқалими? Қандай қилиб одамлар муҳим лавозимларга тайинланади?

К.А: Мен бундай лавозимларга фақат яқин алоқалар орқали тайинлашади ёки бунинг учун пул тўлаш керак, деб ўйлардим доим. Чунки мен шундай ҳолатларга ўз кўзларим билан гувоҳ бўлгандим, мен шу соҳада ўсдим ва бундай ишлар қандай бўлишини кўрдим. Ва шу сабаб, 2012 йил эди шекилли, давлат тузилмаларини бутунлай тарк этдим. Хафсалам пир бўлган эди. Шунчалик содда бўлган эканманми, доим “Агар яхши ишласанг, албатта, назарга тушасан ва юқорига кўтариласан”, деб ўйлардим. Амалда эса бундай бўлмади. Мен кечаю-кундуз ишладим, неча кунлаб дам олмадим. Бироқ кўтарилмадим. Ва қайсидир бир кунда мени йиғилишда қаттиқ койишди ва давлат ишидан менинг кўнглим қолди, хафсалим пир бўлди. Мен: “Бўлди, раҳмат, болалар, энди мен давлат ишида ишламайман”, дедим ва кетдим.
Бизнес билан шуғулланишни бошладим. Лойиҳалар билан ишлашга киришдим. Мен қаттиқ хафа бўлиб, хафсалам пир бўлганди. Бироқ вақт ўзгарди, шу тарзда бизнес билан шуғулланишда давом этдим ва яхши натижаларга эришдим. Мен ўса бошладим, бизнесда давлат ташкилотларига қараганда анча адолатли муҳит бор эди. Биз 8 тоннали ош дамлаш лойиҳасини амалга оширганимизда (буни ақлбовар қилмас иш деб ҳисоблайман) мен кўпчиликнинг тилига тушиб қолдим. Чунки бу ўта жиддий лойиҳа эди, назаримда. Сиз қатнашганмидингиз?

Ж: Бу жуда ажойиб лойиҳа эди. Афсуки мен унда иштирок этолмадим, чунки жуда кўп одам бор эди.

К.А: Кейин мен кўп танқидлар остида қолиб кетдим. Ҳамма менга: “У ерда талотўп бўлди! Тартибсизлик бўлди!” дейишди. Мен жавобан: “Кечирасизлар, 150 минг киши йиғилган. Қайси давлатда 150 минг одам тўпланса ва бепул овқат тарқатилса, тўполон бўлмайди?” дедим. Худога шукрки, ҳеч ким зарарланмади. Ким тўполон кўтарди? Бу лойиҳа 150 минг кишини бирлаштирди ва бу бепул тадбир эди. Катта тажриба бўлди. Агар бу 150 минг одамнинг бир фоизи аҳмоқ бўлса, демак, жамиятимизда ақллилар, соғлом фикрли ва турфа хил феъл-атворли одамлар билан биргаликда аҳмоқлар ҳам мавжуд. Ахир бу бир ярим минг киши дегани. Агар шундан 0,5 фоизи тарбиясиз ва маданиятсиз бўлса, бу 750 киши дегани. Сиз telegram каналларда тарқалган видеоларга эътибор қаратинг. У ерда бор йўғи 20-40 киши, қўйингки, 100 нафар одам бор. Ҳаммаси шундан бошланди...
Мен тинчланиш кераклигини айтдим. Бундай тадбир Ўзбекистонда ҳали ҳеч қачон бўлмаган, бу илк марта эди. Мен яна бир нарсага кўпроқ аминманки, гўштни олаётган ўша одам ёки аёлни видеода кўрган қўшниси, танишлари ёки қариндошлари: “Вой, уят, уят, у ерда нима қилаётгандинг?” дейишади. Одамларнинг фарзандлари ҳам: “Ойи, дада, мени шарманда қилдингиз! Синфдошларим ўзингизни қандай тутганингиз ҳақида менга гапиришяпти!” дейишларига ишончим комил. Шундай қилиб улар барибир ўз устида ишлашади ва бу ўша одамларнинг тарбияси учун хизмат қилади.
Бундай тадбирлардан қўрқмаслик керак дейман. Мени ўшанда қаттиқ танқид қилишган эди: “Минбаъд бундай ишларни қилма!”, дея. Кечирасизу, агар одамлар бундай тадбирларда маданиятли бўлишини истасангиз, уларни тақиқламаслик керак. Аксинча, кўпроқ ташкиллаштириш зарур. Тўс-тўполон, тартибсизлик бўлишидан қўрқмаслик керак, ташкиллаштириш керак. Шундай қилиб бундай тадбирларни ўтказиш маданияти секин-асталик билан шаклланади. Шу тарзда тадбирларда хавфсизликни таъминлайдиган хавфсизлик кучлари учун ўзини тутиш маданияти пайдо бўлади. Ва шу тарзда ташкилотчиларнинг тажрибаси шаклланади. Масалан, мен бунақа тадбирларни илгари ҳечам ташкиллаштирмаганман. Биринчи марта ўтказдим. Аслида, бу ҳеч қандай ўлим ёки жароҳатларсиз ўтганига раҳмат дейиш керак. Ҳаммаси жуда чиройли ўтди.
Охир-оқибат биз нимага эришдик? Миллий таомимиз Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди, бутун дунёда бу ҳақида билишади. Исталган мамлакатда, палов ҳақида гапирсангиз билишади. Муболаға қилмаяпман. Бу яхши-ку! Ёки ёмонми? Шундай қилиб мени шу тадбир орқали пайқаб қолишди. Мен у ерда яққол намоён бўлдим... кейин айтишларича, тадбирни мен ташкиллаштирганим ҳақида гап-сўзлар тарқалган. Биз “Ўзбегим” китобини ҳам чоп этдик. Кўрганмисиз-йўқми, билмийман.

Ж: Кўрганман, ажойиб китоб.

К.А: Айни ўша кунларда Президент матбуот котиблигига ваканция очиқ турган эди. Менга таклиф билан қўнғироқ қила бошлашди ва мен: “Йўқ, қўйсангиз-чи”, деб жавоб қайтардим. Мен ўшанда “Давлат хизматига бошқа қайтмайман, деб ўзимга ўзим сўз берганман”, деб жавоб қайтардим.

Мен шу йирик лойиҳалардан сўнг тоғда, дам олишда эдим. Ва менга қўнғироқ қилиб, “Сени шунчаки таклиф қилишмаяпти, сени матбуот котиблигига тайинлаб бўлишди”, дейишди.
Мен ҳайрон бўлдим:
— Қандай қилиб?
— Сен шу ерда керак экансан.
— Агар бу топшириқ давлат раҳбари томонидан берилган бўлса, мен бажонидил қабул қиламан, дедим. Албатта, бу лаҳзалар менинг давлат хизматларида адолатсизлик ёки фақат таниш-билиш орқали ўсиш мумкин деган фикрларимни ўзгартириб юборди. Шундай қилиб, ҳаммаси ўзгарди.

Ж: Президент матбуот хизмати сиз раҳбарлик қилганда яхши томонга ўзгарди. Буни тан олиш керак. Ишларни йўлга қўйиш қай даражада қийинчилик туғдирди? Қандай қаршиликларга дуч келдингиз?

К.А: Албатта, дуч келганман. Ҳаммасини нолдан бошлаш керак эди. Мендан олдинги ҳамкасбларимдан ҳеч бир аҳамиятли нарса йўқ эди. Иқтидорли болалар бор эдики, уларни қўллаб-қувватлаш ва имкониятларини юзага чиқариш зарур эди. Матбуот хизматига келганимда менга ҳамма ходимларни “тозалаш” ва ўзгартириш кераклигини айтишди. Мен: “Шошманг, сиз уларга ўзини кўрсатишга имкон бердингизми? Имконият бериб кўрайлик. Уддаласа уддалади. Агар уддалай олмаса, исталган вақтда ўзгартириш мумкин”, дедим. Шундай қилиб, биз механизмни йўлга қўйишга, яъни ишлаб чиқариш айланмаси, контентни шакллантириш, раҳбар билан кўришишни таъминлашга қаттиқ ҳаракат қилдик. Албатта, жуда қийин бўлди. Қийинчилик ҳамма вақт ва ҳамма ёқда бўлади.

Асосийси, ҳаммаси раҳбарингизга боғлиқ. Агар раҳбаринг буни хоҳласа, сенга ҳамма шароитни яратиб беради. Агар раҳбаринг истамаса, қанчалик уринма, ҳеч нарсага эришмайсан. Менинг бахтимга, юртбошимиз менга ёрдам бердилар, қўллаб-қувватладилар ва тавсиялар берганимда қулоқ тутдилар. Яъни, биз бу тандемга эга эдик ва ушбу тандем сабаб биз турли муваффақиятларга эришдик.

Ж: Сиз Президент билан қанча муддатда кўришиб турар эдингиз? 

К.А: Деярли ҳар куни.

Ж: Сиз Президентнинг одатий иш куни нималардан иборатлигини айтиб бера оласизми?

К.А: Эрталаб соат 9-9:30 да иш бошланади ва қачон тугаши номаълум. Биз доим: “Ўзингизни эҳтиёт қилинг, жуда кўп ишлаяпсиз”, деб кўп айтардик. Масалан, ҳар тонг — биз Юртбошимиз учун тайёрлаган турли маълумотлар, қабуллар ва жадвал бўйича тадбир бор бўлса, тадбир билан, учрашув бўлса, учрашув дайджести билан бошланарди. Кун шу ишлар билан давом этарди ва биз уйга жуда кеч қайтардик, дам олиш кунларисиз ишлардик.

Ж: Нега дам олиш кунларисиз?

К.А: Менимча, йиғилиб қолган муаммолар тинчлик ва бўшашишга имкон бермасди.

Ж: Бу савол энергия билан боғлиқ. Дарҳақиқат, ҳаммани Президентнинг бунчалар серғайрат инсон эканликлари ҳайратлантиради. Сизнингча, улар бунча ғайратни қаердан оладилар?

К.А: Бу, эҳтимол мамлакатни яхши томонга ўзгартиришга бўлган кучли истак билан боғлиқ бўлса керак. Тўпланиб қолган муаммолар ва уларни ҳал қилиш, мамлакатимизни янги босқичларга олиб чиқиш истаги Юртбошимизга тинчлик бермайди ва улкан ғайрат бағишлайди. Биз уларнинг ортларидан улгуролмасдик. Президентимиздан ёш бўлсам-да. Жуда қаттиқ чарчадим. Юртбошимиз шу қадар ғайратлиларки, менга ўхшаганларнинг 10 таси ярим йўлда қолиб кетади. Айниқса, вилоятларга сафарга борганда. Соат 8:30 да аэропортда бўлишимиз керак эди. Бунинг учун соат 6:30-7:00 да уйғониш зарур. Ярим соат ичида биз, 8:30 да — Президент келарди. Самолётга ўтириб учамиз. Самолётдан тушишимиз билан кортежга ўтирамиз ва қилинадиган ишларнинг режали дастури жуда зич тузилган бўлади. Дастурдаги ишлар кўламини камайтириш мумкин, бироқ Президентимиз ҳатто йўлда ўтган ҳар бир дақиқамиз самарали фойдаланишни талаб қиладилар. Сиз тасаввур қилолмайсиз, биз ҳатто сув ёки чой ичмаймиз, овқатланмаймиз, дам олмаймиз — трапдан тушишимиздан, объектларга боришни бошлагандан то тунгги 12 гача ишларни тугатмагунимизча.
Буни тасаввур қила оласизми? Биз ҳолдан тоямиз, Президентимиз эса ҳали тетик. Президентимиз халқимиз билан мулоқот қилганда одамларнинг муҳаббатлари ва қўллаб-қувватлашларини ҳис қилиб, кучга тўлсалар керак. Бу эса ишлашга рағбат беради. Объектларга бориб келгандан сўнг, 3-4 соат давом этадиган йиғилиш бошланади. Унда муҳим ва долзарб масалалар ҳал қилинади. Тунгги соат 12 да мажлисдан чиқамиз, чарчаганмиз ва Президент эса тетик ҳолда 10-15 дақиқа тамадди қилиб, телевизор орқали янгиликларни кузатадилар, матбуотни ўқийдилар. Мана шундай ақлбовар қилмас режим.

Ж: Айтишларича, Президентнинг столи устида, буни сиз ҳам бир неча бор таъкидладингиз, дайжест туради. Аввал бу битта жилд бўлган бўлса, ҳозирда менинг билишим бўйича, бир нечта жилд. Ва кўпчилик турли сабаблар билан шу жилдлар ичида ўзининг масаласи бўлишини истайди. Унинг ичида жуда кўп материаллар жамланади. Буларнинг орасида маълум манфаатлар тўқнашуви келиб чиқиши мумкин: ким, нима, қандай қилиб шу жилд ичига киритилади?

К.А: Яъни, сиз булар қандай ажратиб олинишини сўрамоқчисиз?

Ж: Ҳа.

К.А: Маълумотлар “тозаланмайди” — мен сизга сабабини тушунтираман. Раҳбар бир нечта маълумот манбаларига эга. Агар битта жамоа ахборотни фильтрлаб, қисқартириб тақдим этса, бошқа жамоа барибир бу ҳақида маълумот етказади. Кўряпсизми, шу сабаб кимнингдир бошида калтак синиши мумкин. Шунинг учун, кун давомидаги янгилк ва маъулумотлар, тўлиқ мазмунда бўлмаса-да, қисқартирилиб, асосий мавзуси билан берилади. Фактлар албатта баён этилади. Уни фильтрлаш мумкин эмас. Чунки раҳбарда ахборот олиш имкониятлари жуда кўп, жумладан, интернет орқали ҳам.
Эҳтимол, илгари фильтрлаш мумкин бўлгандир, чунки интернет, сайтлар деярли бўлмаган, фақат газеталар бўлган. Уларни эса кесиш ва фақат керакли материални бериш мумкин бўлган.

Энди эса яшира олмайсиз. 

Ж: Мени доим бир савол қизиқтирган. Президентнинг мобил телефони борми?

К.А: Бор. 

Ж: У телефондан фойдаланадими? Одамлар унга қўнғироқ қилишадими?

К.А: Мен буни аниқ билмайман, лекин бир-икки марта мобиль телефон орқали гаплашганини кўрганман.

Ж: Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда Президентнинг бирор вилоятга боришидан олдин йўллар таъмирланиши, асфальтланиши, ҳамма ясаниб олиб кутиб олиши ҳақида кўплаб хабарлар бўлди. Менинг тушунишимча, амалдорлар ўз олдиларига қўйилган вазифаларни Президент ташрифига яқин муддатда бажаришга киришиб қолишади. Президент кўзбўямачиликка қарши курашяптими?

К.А: Албатта, Юртбошимиз ҳар доим: “Мени мақташ шарт эмас. Менинг келишимга шундай қаттиқ ишлаяпмиз деб сохта иддаолар, кўзбўямачилик қилиш керак эмас", дейдилар. Лекин негадир телевизорда ва ОАВда фақатгина Президент борадиган чиройли жойларни кўрсатишади.

Ж: Тўғри, ҳар доим.

К.А: Бу уларнинг иши, уларнинг танлови. Мен Юртбошимиз билан бирга кортежда юрганимда баъзида, рости, жаҳлим чиқарди. Кетиб боряпмиз, қаердир тозаланмаган, йўллар қийшиқ, чанг. Мен журналистларимга “Буларни тасвирга олинг, кўрсатинг. Нега уларни кўрсатмайсиз?” дейман. Мен ўшанда Администрация раҳбаридан: “Нега ҳоким тайёргарлик кўрмайди?”  деб сўрардим.
Бу мен учун ғалати эди. Чунки биз уйга меҳмон таклиф қилганда ҳам супуриб, йиғиштиришга ўрганганмиз. Нима бўлганда ҳам бу уйингизнинг табиий ҳолати бўлмайди. Чунки меҳмон келганда одатда уй нисбатан тартибсиз ҳолатда бўлади. Бу ҳам худди шундай. Мен: “Биз ахир меҳмонга келдик, у давлат раҳбари”. Менга эса: “У рухсат бермайди”, дейишарди. Мен: “Ҳеч бўлмаса ахлатларни бузилган биноларни баннер билан ўранглар”, дердим. 

Ж: Менимча, сиз ҳозир қувлик қиляпсиз. Чунки биз худди шу манзарани кўриб турибмиз.

К.А: Йўқ. Бу ҳар доим шундай бўлади дегани эмас. Доим ҳаракат қилишади. Ҳар қандай вазиятда ўзини ҳурмат қилган ҳоким чиройли кутиб олиб, кузатишга ҳаракат қилади. Бундай ишлар тизимли ёки мунтазам равишда қилиниши мумкин. Афсуски, кўпинча буларнинг барчаси “бум” асосида бажарилади.

Бошқа бир тарафдан эса уларни ҳам тушуниш мумкин, Президент ташрифи ҳақида 2-3 кун олдин хабар берилади. Агар улар ҳаммасини мунтазам бажариб келганларида эди, бундай ховлиқишга ҳожат бўлмасди.

Мен яна бир бор айтаман, мен ҳеч кимни оқламайман, кўрганларимни гапираман. Мен у ерда ишлаган вақтимда кўрганман, ҳозир эса у ерда ишламайман, балки вазият ўзгаргандир. Ярим йилча бўлди, у ерда ишламаётганимга. У ерда ишлаганимда бундай вазиятларга дуч келганман. Бу фактларнинг барчаси (бузилган йўллар) видеоёзувларда сақланган. 

Ж: Нега биз, чиройли яшай олмаймиз? Нега агар Президент келмаса, ҳеч қандай иш қилинмайди?

К.А: Бу ҳам вақт билан боғлиқ масала. Ва яна иқтисод билан боғлиқ масала. Ҳаммаси пулга келиб тақалади. Пул бўлмаса, буни қандай амалга ошириш мумкин? Шунинг учун иқтисодни яхшилаш мақсадида бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Фақат пул билан ҳаммаёқни чиройли қилиш мумкин. Мана, яқиндагина ҳокимларга маҳаллий бюджетни мустақил равишда шакллантиришга рухсат берилди. Илгари рухсат беришмаган. Энди рухсат  беришди ва улар маълум миқдордаги маблағга эгалик қиладиган бўлди.

Ҳоким бўлиш — қудратли бўлиш деганимас. Агар унинг имкони бўлиб, бу ишни амалга оширмаса бу бошқа масала. Агар унинг хоҳиши бўлсаю, имкони бўлмаса-чи? Ҳаммаси пул билан боғлиқ-ку. 25 йил давомида канализация тизимидан тортиб, йўллар, таълимгача, тиббиёт ва қолган барча соҳа тартибсиз эди. Буларнинг ҳаммасини бир кун ичида тузатиб бўлмайди. Йиллар керак.

Фурсатдан фойдаланиб, мени томоша қилаётганларга айтмоқчиман: “Катта натижаларни қисқа вақт ичида ва тезкорлик билан кутиш керак эмас. Буни ўзимиз шу позицияда бажаришга ҳаракат қилиб кўрайлик, кейин осон ёки оддийлигини муҳокама қиламиз”.

Яна бир бор айтаман, иқтисод ривожланиши керак. Пул керак. Пулсиз бундай улкан мамлакатни 2-3 йил ичида жаннатга айлантириш мумкин эмас.

Ва қатъий илтимос қилардим, Президентимизнинг ҳар бир қадамларини, ислоҳотларини бу қадар чуқур муҳокама қилишмасин. Энг асосийси ва муҳими — ҳаммасини яхши томонга ўзгартиришга истак борлиги. Ҳамма ҳаракат қиляпти. Ҳозир раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган амалдорларнинг барчаси ҳам олдин раҳбар бўлишмаган. Мен ҳам давлат тузилмасининг бошлиғи эмас эдим. Менга ҳам, бошқа вазирларга ҳам маъмурий иш юритиш сирларини ўргатишмаган. Бу борада алоҳида таълим бўлмаган, шунинг учун ҳам ҳамма нарсани бирданига олий даражада ва мукаммал бажариш қийин.

Бизда ҳам камчиликлар бор, биз ҳам хато қиламиз. Лекин асосийси, ўзгартириш учун хоҳиш бор. Менимча, бу устувор масала бўлиши керак. Асосийси — ҳаракат. Тан олиш керак, кечаю кундуз ҳаракат қилишяпти. Лекин бу ҳақида, осон бўлмаган фаолиятимизнинг натижалари хусусида одамларга, жамоатчиликка жар солиб айта олмаймиз, давлат ходимларининг катта “муаммо”ларидан бири ҳам шу.

Ж: Нима сабабдан матбуот котиби лавозимини тарк этдингиз?

К.А: Соғлигим тўғри келмади.

Ж: Ростданми?

К.А: Ҳа.

Ж: Шавкат Мирзиёев Миромонович келагнларидан сўнг оммавий ахборот воситалари ҳақиқатан анча эркинликка эга бўлди. Журналистлар ҳам, жумладан блогерлар ҳам. Бугунги кунда блогерлар ҳатто ОАВдан кўра дадилроқ. Бироқ бу дадилликка сабаб — ҳеч қандай жавобгарликнинг йўқлиги бўлса керак, назаримда. Яъни қонунчиликда “блогер” атамаси киритилмаган. Бу борада қандай чоралар кўрилмоқда?

К.А: Биз ҳозирда блогерлик соҳаси тилга олинган қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз, блогерларнинг мақомини журналистларникига тенглаштириш режалаштирилган. Шу тариқа улар ҳам барча жабҳада кўп ваколатларга эга бўлади.

Ж: Бу қачон амалга оширилади?

К.А: Қонунни қабул қилиш алоҳида вақт ва регламент талаб этади. Энг асосийси, ҳужжат аллақачон тайёр. Белгиланган тартибда ҳозирда визалар тўпланмоқда, кейин Олий Мажлисга тақдим этамиз.

Ж: Сиз, ҳақиқатан? блогерларни ижобий бирдамликка чақирган биринчи амалдорсиз. Буни бажариш жуда қийин бўлса керак. Овқатлантириш, ичириш, Қудратхўжаев билан суратга тушишга қўйиб бериш ва уларнинг ҳаммаси сизни жуда яхши кўришади. Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги вақтда блогерлар журналистллар ўрнини эгаллашдими? Ва чиндан ҳам блогерлар тўртинчи ҳокимиятга айланишдими?

К.А: Қайсидир борада, ҳа. Баъзи жабҳаларда — йўқ. Нима бўлганда ҳам, менимча, биз уларни қандай аташимиздан қатъий назар, блогерларнинг ўз фикрлари бор. Журналистларда эса қатъий талаблар бор. Улар холис бўлишлари керак. Блогер ўйлаганини гапиради, журналист эса фактларни қайд этади. Шу нуқтаи назардан уларнинг ўхшаш жиҳатлари бор, бир хил бўлганлари ҳам мавжуд. Муҳими — хоҳ бу блогерллик бўлсин, хоҳ журналистика, соҳа ривожланса бўлди.

Ж: Блогерлар кўпинча ахборотларни қулоғи билан эшитиб, тарқатаётган вақтда биз қандай йўл тутишимиз керак, холис бўлишимиз керакми? Дейлик, улар ҳақиқат бўлмаган гапни гапиришади ёки у қадар ҳақиқат бўлмаган ахборотни узатишади. Бу ҳам вақт жараёними?

К.А: Бу вақт жараёни ва бу ўйин қоидалари йўқлиги сабаб содир бўлади. Яъни, у мавжуддек кўринади, лекин уни ҳамма тан олиши керак. Бу бизнинг режаларимизда бор. Журналистлар уюшмаси яқинда журналистлар этикаси кодексини қабул қилди. Менга айтишларича, бу ҳужжат халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Уни эълон қилганларидан сўнг, ҳамксбларингизнинг бунга ижобий муносабатини ҳисобга оладиган бўлсак, ўйлайманки, ҳаммаси яхши ёзилган. Яшаб турсак, кўрамиз. Амалиётда синаб кўриш керак. Агар бу иш билан биз шуғуллансак, бизнинг вазифамиз, албатта, демократлашмаган бўлади. Журналистлар уюшмасининг вазифаси барчани бирлаштириш ва ҳамма учун бир хил бўлган ўйин қоидаларини белгилаш. Биз оқибатда мутаносиб йўлни танлашимиз зарур ва биз шунга яқинлашяпмиз.

Яқинда Лондонга ташриф буюрганимда бизнинг Журналистлар уюшмаси каби бир ташкилот раҳбари билан суҳбатлашдим. Бу нодавлат ташкилот эди. Бу учрашувда менга: “Буюк Британияда ўз вақтида бетартиблик бўлган. Журналистлар нима хоҳлашса ёзишган, нима тўғри келса гапиришган. Натижада бир қизалоқ ҳалок бўлган. Бу биз учун белги бўлди. Шундан сўнг барча журналистлар йиғилдик, гаплашдик ва келишдик. Келинглар, қоидалар белгилаймиз”, деб ўз тажрибасини гапириб берди. Ҳозир уларда шу ташкилотнинг 15 мингга яқин аъзоси бор, уларнинг ҳар бир ОАВ билан махсус келишувлари бор.

Бу келишувда улар риоя этишлари шарт бўлган ва қоидабузарлик учун жазо чоралари белгиланган тартиблар мавжуд. Мен журналистлар тез-тез жазоланишадими, деб сўрадим. Менга “Уларнинг ўзлари жазолашади, давлат эмас”, деб жавоб беришди. Яъни бунда муайян келишув борлиги ва ҳар бир қадам ёзиб қўйилганини ҳисобга олиб, жамиятнинг ўзи жазолайди. Жазолаш чоралари фақат жарима. Максимал жарима эса миллион фунтни ташкил этади.

Ж: Ҳозир бир нечта блогерлар юракларини ҳовучлаб ўтиришгандир. 

К.А: Бу Англияда. Мен қачондир бизда ҳам шундай кун келишини назарда тутиб гапиряпман, биз барибир тартибсизликлардан чарчаймиз. Биз давлат идораси сифатида, барча шароитларни яратяпмиз. Кўряпсизми, сиз ўзингиз шу соҳанинг вакили сифатида қачон бу тўхташини, нега шундай бўлишини сўраяпсиз. Бу яхши, албатта. Шундай қилиб, сиз ҳамкасбларингиз билан ҳаммасини муҳокама қиласиз. Ушбу ғоянинг пайдо бўлишининг ўзи яхши. Барча қоидаларни тартибга солиш ва уларга риоя қилиш қолади. Ҳар соҳанинг ўз қоидалари бўлиши керак.

Ж: Яна бир мени шахсан қизиқтирадиган савол: Агентликка раҳбар бўлишингиз биланоқ, кутилмаганда Facebook ва Youtube ишга тушиб кетди. Бу тасодифми?

К.А: Йўқ. Биз бу учун ҳаракат қилдик.

Ж: Ким блоклаганини айта оласизми? Бу нега керак бўлган? Бундай чорадан мақсад нима?

К.А: Улар аллақачон ҳибсда.

Ж: Яхши, лекин бундан мақсад нима бўлган?

К.А: Гап шундаки, уларнинг фикрича, тўсатдан салбий фикрлар кўпайиб кетган. Ва улар Facebook ва Youtube ни ёпиш билан салбий ахборотлар оқимини камайтириш мумкин, деб шу қарорга келишган. Бу масалада жуда жиддий мунозараларга сабаб бўлган. Мен салбий ахборотларга қарши контраргумент ва контрфактлар билан курашиш керак, деган фикрни айтганман.

Ж: Бу узоқ йўл.

К.А: Бу узоқ йўл. Бироқ бу тўғри йўл, бошқа йўл йўқ. Ҳозирги кунда интернетни ўчириш билан ҳеч нарсага эришмайсан. Яхши, Facebook ни ўчиришди. Натижада нима бўлди?

Ж: Ҳамма VPN дан фойдаланишни бошлади.

К.А: Ҳа. Менинг ойим VPN нима экнлигини билмас эдилар. Бироқ улар ҳам ундан фойдаланишни бошладилар. VPN эса барча хавфсизлик тизимларини бузади. У барча ресурсларга кириш имконини беради. Агар ҳамма VPN дан фойдаланишни бошласа, давлатда назорат қилиш воситаси қолмайди, масалан, террорчилик сайтларини, конституцияга қарши турли тарғибот ҳаракатларини ёки гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи сайтларни назоратга олиб бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси веб-ресурслар орқали бўлади-ку. Агар ҳар бир фуқаро ҳар қандай тўсиқдан ўтиб кетадиган VPN дан фойдаланаётган бўлса, қандай қилиб  мамлакатни ҳимоя қилиш мумкин? Шундай қилиб, биз буларнинг барчасини тушунтирдик ва уддасидан чиқдик.

Ж: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги. Журналистлар сиздан тез-тез ёрдам сўраб мурожаат қилишадими?

К.А: Жуда тез-тез.

Ж: Асосан нима ёрдам сўрашади?

К.А: Ахборот олиб бериш ёки ҳукумат амалдорлари билан интервью белгилаш, чунки бу уларда баъзан осон бўлмайди. Уларни қабул қилишмайди. Улар керакли шахсни топишолмайди. Бу бизнинг вазифамиз бўлмаса-да, уларга кўмаклашамиз. Ҳозир шаклланиш даврида, биз бор имкониятимизни ишга соляпмиз, ахборот майдонида кўпроқ ахборот бўлишидан биз манфаатдормиз.

Ж: ЎзА ва Агентлик ўртасидаги муносабатлар қандай?

К.А: Улар мутлақо алоҳида муассасалар. Бизнинг Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги — ахборот сиёсатини шакллантириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади, ЎзА бўлса алоҳида ахборот агентлиги.

Ж: Улар сўнгги вақтларда медиа маконни турли босимлар ва ҳужумкор руҳдаги танқидий материаллар билан тўлдиришмоқда. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

К.А: Бу нима билан боғлиқлигини билмайман, лекин бу нотўғри, деб ҳисоблайман. Яъни ахборот агентлиги муаллифлик материалларини ёзиш ҳуқуқига эга эмас. Таҳлилий ва бошқа барча материалларни назарда тутяпман. Уларнинг талаблари қатъий. Ахборот агентлиги далилларни келтиради, ОАВ учун манба бўлади. Улар кейинги журналистик фаолият учун ахборотни бош ишлаб чиқарувчиси бўлишлари лозим. Улар эса баъзида бу қоидаларни бузишади.

Ж: Сизга журналистларнинг ҳозирги авлоди билан мулоқот қилиш қизиқми? Улар аввалги журналистлардан қай даражада фарқ қилишади?

К.А: Улар анча қизиқувчан. Ҳақиқатпарвар. Балки бир авлод вакили бўлганимиз учун ҳам қарашларимиз, қизиқишларимиз умумий бўлса керак.

Ж: Жуда кўп фикрлар журналистлардан чиқаётганини эшитдим. Масалан, ID-карта ғояси. Лойиҳани амалга ошириш қайси босқичда? Бу ғоя негадир тўхтаб қолди, ҳатто сайтларда ҳам бу ҳақида гапирмай қўйишди...

К.А: Биринчидан, бу Никита Макаренконинг ғояси эди. Биз Президент қарорини тайёрлаганимизда, барча журналистларни таклиф қилдим. Тайёрланаётган ҳужжат бўйича қандай таклифлари борлигини сўрадим. Улар нимани ўзгартиришни хоҳлашларини сўрадим.

Мунозара пайтида ва кейинчалик мулоқотларда бу ғоя таклиф қилинган. Агар барча қоида ва меъёрий ҳужжатлар юқори даражада сифатли ишлаганда эди, ID-картага умуман эҳтиёж бўлмасди.

Бироқ мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, журналистларни қўллаб-қувватлаш, ҳар қандай эшикнинг очиқлигини таъминлаш ҳамда ҳимоя ҳужжати сифатида ушбу лойиҳани киритишга қарор қилдик. Бу ҳужжат чиққанда ва амалга ошириш керак бўлганда кутилмаганда журналистлар томонидан салбий шарҳлар кўпайиб кетди. Бу нега кераклигини муҳокама қила бошлашди. Биз очиғи, чалғиб қолдик. Биз агар бу сизга керак бўлмаса, шуни айтинглар, дедик. Ва қандайдир қарма-қарши фикрлар бор эди.

Шунинг учун, охир-оқибат ID-карта Агентлик ҳузуридаги пулл учун бўлади, деган қарорга келдик. Яъни, биз ҳозир муайян пулл ташкил қиламиз ва пулл таркибида бўлмаган журналистларни унга аъзо бўлишга рағбатлантириш мақсадида одатдагидан кўра кўпроқ имтиёзлар белгиланади.

Бу шундай жамият бўладики, бу ҳужжат ва имтиёзга эга бўлганлар қаердадир навбат кутишмайди, улар навбатсиз ўтишади. Бу мажозий маънода.

Ж: Журналистлар билан савол тушунарли бўлди, бироқ корхона ва идораларнинг матубот хизматлари ҳақида тушунмовчиликлар мавжуд. Маълумки, ахборот хизматларида ишлайдиган аксарият ходимлар матубот хизмати қандай ишлаш лозимлиги ҳақида кам маълумотга эга, уларда керакли имконият ва билимга эга эмас. Бу масалага қанда ёндашиш керак? Ахборот хизматларини ёпиш ва фақатгина сизнинг Агентлигингиз орқали суҳбат ўтказиш керак эмас-ку.

К.А: Йўқ, албатта.

Ж: Гарчи бу қизиқ бўлса ҳам, тўғрими?

К.А: Агар сиз Президентнинг ахборот хизматлари борасидаги сўнгги қарорини кўрган бўлсангиз, у ерда ҳаммаси тартибга солинган. Яъни ушбу қарорга кўра, ҳар бир вазирлик ва идорада ахборот хизмати бўлиши шарт. Бу бўлим олдин ҳам бўлган, бироқ ахборот хизмати раҳбари маслаҳатчи даражасига тенглаштирилмаган эди.

Лавозим “жамоатчилик билан алоқалар бўйича вазир маслаҳатчиси” деб аталади ва унинг мавқеи ушбу идора раҳбари ўринбосарига тенглаштирилади.

Илгари матбуот хизматлари бор бўлган, лекин уларнинг фаолияти раҳбар ёки матбуот котибининг ўзига боғлиқ бўлган. Агар улар иккаласи ҳам исташса, ҳамма ишлари яхши бўлган. Агар бир томоннинг истаги мос келмаса ҳам, иш юзага чиқмай қолади. Шунинг учун ҳам саноқли вазирлик ва идоралар фаолияти яққол шаффоф кўриниб турган, қолганлари эса “мудраб” ўтиришган. Ва на Вазирлар Маҳкамаси ва на бошқа идоралар томонидан ахборот хизмати масаласи кўтарилмаган.

Ж: Бу ҳам прецедент, биринчи марта.

К.А: Ўзбекистон тарихида илк марта ахборот хизматлари масаласи Президент даражасигача кўтарилди, чунки биз очиқлик йўлини танладикми, у сифатли ва самарали фаолият кўрсатиши ва ўз ахборот хизматига эга бўлиши зарур.

Нега, масалан, матбуот котиблари қўпол қилиб айтганда “ўлик”дай? Чунки бу соҳа обрўси бўлмаган. Худди шундай журналистика соҳасида ҳам. Нега сиз журналистикани тугатиб, бошқа соҳага ўтиб кетдингиз? Чунки бу соҳанинг обрўси бўлмаган, бу ерда — соҳада қиладиган иш бўлмаган.

Ж: Нонга ҳам пул топиш қийин, деб айтган бўлардим.

К.А: Ана, кўрдингизми. Ойлик кам, машина йўқ, қабул қилишмайди, раҳбар гаплашмайди. Улар ишга келишади, газета ўқишади, агар бирор тадбир бўлса, кўринишади ва кетишади. Энди бутунлай бошқача бўлади. Энди мавқе, моддий-техник таъминот, мамлакат раҳбарининг талабини инобатга олган ҳолда, бу касб ҳозирда барчада қизиқиш уйғотмоқда. Ва биз — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги буларнинг барчасини таъминлаймиз.

Биз уларни ўқитамиз, тренинглар ташкиллаштирамиз, талаблар ўрнатамиз ва журналистлар фикрининг натижалари бўйича ушбу вазирлик ва идоралар фаолиятини баҳолаб борамиз. Биз бу вазирлик ва идоралар раҳбарларини — журналистларнинг ишлаши учун шароит яратиб бермаган тақдирда жазолашимиз мумкин. Шундай механизмни яратяпмиз. Ва буларнинг барчаси, хусусан, Президент қарорининг ҳар бир банди жиддий тартибга солинган. Президент шундай вазифа белгиладилар, улар қўллаб-қувватлайдилар ва бу ирода сабаб биз ҳозир шу иш билан шуғулланяпмиз.

Ж: Блиц. Қисқа саволлар, қисқа жавоб бериш мумкин.

Нима хавфлироқ: тонировка ёки дрон?

К.А: Дрон.

Ж: Блогелар солиқ тўлаши керакми?

К.А: Агар улар даромад кўраётган бўлсалар, нега тўлашмасин?!

Ж: Тесла ёки Феррари?

К.А: Иккаласи ҳам.

Ж: Сўз эркинлиги бу — ?..

К.А: Ривожланиш сари энг тўғри йўл.

Ж: Нега “Олтин қалам” мукофоти деярли доимо давлат нашрлари журналистларига берилади?

К.А: Шунчаки “Олтин қалам” комиссияси таркибини аллақачон ўзгартириш вақти келди.

Ж: Журналистика университети мамлакат учун яхши журналистларни тайёрлармикин?

К.А: Буни вақт кўрсатади.

Ж: Кўпроқ нима томоша қилган яхшироқ: ҳинд жангари фильми ёки турк сериали?

К.А: Яхши, фойдали, менинг фикримча, фалсафий ғояга эга ва чуқур таъсирчан фильм.

Ж: Ўзбекистонда ўзининг Дмитрий Киселёви бўлармикин?

К.А: Эҳтимол.

Ж: Ўзбекистоннинг энг зўр ёзадиган блогери ким? Ўзбек ва рус тилларида.

К.А: Менга кўпчилик ёқади. Булар davletov.uz, Ферузхон, Али Қаҳҳоровни ўқийман. Мен унга салом йўлламоқчиман. Негадир сўнгги вақтларда у мендан хафа. У ҳақиқатан менга ёқади. Ажойиб бола. Бундайлар кўп. Менга ҳазил билан ёзадиганлар ёқади.

Ж: Сиз учун ватанпарварлик нима?

К.А: Бу оддий: ёлғон гапирманг ва хиёнат қилманг.

Ж: Беш йилдан сўнг Ўзбекистон қандай бўлади?

К.А: Ҳаммаси зўр бўлади.

Ж: Ишончингиз комилми?

К.А: 100 фоиз!


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019