Антитермаль плёнка автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини ҳал қиладими?

10:12 22 Июль 2019 Жамият
304 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида автомобиль ойналарини қорайтириш (“тонировка”) масаласи кўриб чиқилди.

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама иссиғидан ҳимоя қилишда етарлича шароитлар яратиш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларда асосий масала сифатида, ёзнинг иссиғи, қуёш нурлари, айниқса, ультрабинафша нурларидан сақланишда автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат бериш сўралган.

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ойналарнинг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсатнома олиш жисмоний шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг тўқсон баравари (18 245 700 сўм), юридик шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз йигирма баравари (24 327 600 сўм) миқдоридаги маблағни тўлаш орқали амалга оширилади. Табиийки, кўплаб фуқароларимизда бунча маблағ тўлаш эвазига бир йилгагина рухсатнома олишга моддий имконият етарли эмас.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, агар ушбу суммани тўлашга ҳайдовчининг қурби етса ҳам, иссиқдан ҳимояланишга ҳеч қандай нафи бўлмайди. Чунки қарорга ­асосан, ойналарининг тусини ўзгартириш автотранспорт ­воситасининг фақатгина орқа ойналарига рухсат берилади, холос.

Фракция аъзолари фуқароларимизни қийнаётган ушбу масала юзасидан аҳоли фикрлари, ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар ва мутасадди вазирлик позициясини ўрганиб, ҳам халқ манфаатлари, ҳам хавфсизлик талабларини инобатга ­олган ҳолда, ўз таклифларини ишлаб чиқди.

Яъни бугунги кунда автотранспорт эҳтиёт қисмлари билан савдо қилиш дўконларида антитермаль плёнкани учратиш мумкин. У бир қадар шаффоф бўлиб, асосий вазифаси автомобиль салонини қуёшнинг ­ультрабинафша нурларидан ­сақлаб, жазирамада исиб кетишини камайтиради.

Йиғилишда антитермаль плёнка билан қопланган автомобиль ойналарининг бир нечта намуналари кўргазмали кўринишда тақдим этилди.

Намуналардан кўриш мумкинки, антитермаль плёнка хусусиятига кўра, тонировка плёнкасидан анча устунликка эга ва ҳайдовчилар учун ҳам ён-атрофни кўришга халақит бермайди. Энг асосийси, транспорт воситасининг ичидаги шахслар ташқаридан бемалол кўринади, ҳеч ­кимнинг хавфсизлигига дахл қилмайди.

Депутатларнинг ушбу ташаббусини тадбирда қатнашган ­Вазирлар Маҳкамаси, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари қўллаб-қувватлашди.

Айни пайтда Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартириш ки­ритишни назарда тутувчи таклиф тайёрланмоқда. Унга кўра, 70 фоизлик чеклов 15 фоизга, яъни 55 фоизгача туширилса, ҳайдовчилар бемалол антитермаль плёнкадан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу эса нафақат йўловчилар, балки ҳайдовчиларга ҳам қулайликлар яратади. Депутатлар, шунингдек, ушбу амалиётни ­жамоат транспортларида ҳам қўллаш таклифини илгари ­суришди.

Мунисхон КАРИМОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019