Ангренда Марказий Осиёда ягона минерал юнг ишлаб чиқарувчи завод қурилади

10:04 16 Август 2019 Иқтисодиёт
174 0

ЎзА

“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида Марказий Осиёда ягона бўлган минерал юнг ишлаб чиқарувчи янги “ANGREN INSULATION” заводи қурилишига старт берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президентимиз раислигида 12 август куни иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг биринчи ярмида 85 триллион 775 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилгани, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўп экани алоҳида таъкидланган эди.

14 август куни мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган устувор вазифаларга бағишланган навбатдаги кенгайтирилган йиғилишда мамлакатимиз тарихида биринчи марта инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 38 фоиздан ошгани, олдинги йилларда бу кўрсаткич 25 фоизга ҳам етмагани қайд этилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда. Бу – иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий сармоялар йўналтирилишига замин яратмоқда. Сармоядорлар учун олиб борилаётган “очиқ эшиклар” сиёсати ишлаб чиқариш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириб, йирик лойиҳалар амалга оширилишига имкон яратаётир.

“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида ҳам инвестиция жалб этиш орқали янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда “Ангрен” ЭИЗда минерал юнг ишлаб чиқарувчи янги “ANGREN INSULATION” заводи қурилишига старт берилди.

Маълумотларга кўра, хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликдаги мазкур замонавий ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш учун босқичма-босқич 40 миллион доллардан ортиқ сармоя киритилиши мўлжалланмоқда.

2020 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган корхонада 300 та янги иш ўрни яратилади. Дунё етакчи фирмаларининг 50 минг тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган автоматлаштирилган линиялари билан жиҳозланади.

Корхонада ички ва ташқи бозорда истеъмолчилар эҳтиёжи учун қурилиш, автомобиль ва енгил саноат, электротехника, композит материаллар ишлаб чиқариш каби жадал ривожланаётган соҳаларда талабгир маҳсулот ишлаб чиқарувчи энг янги технологиялар мужассам бўлади.

“ANGREN INSULATION” қўшма корхонасининг ишга туширилиши Ўзбекистонни Марказий Осиёда минерал юнг каби муҳим ва муқобили йўқ энергия тежайдиган маҳсулот ишлаб чиқарадиган етакчи мамлакатга айлантиради.

Қурилиш жараёнида минерал юнг изоляциясидан фойдаланиш энергия тежаш кўрсаткичларини сезиларли даражада оширади ва ҳар қандай бинонинг энергия самарадорлигини яхшилайди. Қурилиш компаниялари ва аҳоли томонидан минерал юнгдан фойдаланиш йилига камида 10 миллиард кубометр табиий газни тежаш имконини яратади. Тежалган ушбу миқдордаги табиий газ 1 миллиард доллар демакдир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019