Ангор томорқаларида бу йил қарийб 75 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади

09:02 17 Апрель 2020 Жамият
700 0

Сурхондарё вилоятида 406 минг 600 дан зиёд оила ўзининг 48 минг 940 гектардан ортиқ томорқа майдонига эга. Уларнинг аксарияти томорқасидан самарали фойдаланиб, яхшигина даромад олиб келишмоқда. Бунинг учун эса барча имкониятлар мавжуд.

Буни Ангор тумани мисолида айтадиган бўлсак, ҳудудда 22 минг 298 та хонадон томорқа эгалари бўлиб, экин экиладиган майдон 2 668 гектарни ташкил этади. Бундан ташқари 24 гектар майдонга 693 та иссиқхона барпо этилган. Ҳозирги кунда очиқ майдон ҳамда иссиқхоналарга экилган турли хилдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг деярли барчаси пишиб етилган.
 

Туманнинг “Занг-Гиламбоп” маҳалласида яшовчи Абдурашид Туропов бундан 6 йил аввал ўз томорқасида иккита иссиқхона ташкил этган эди. Жорий йилнинг январь ойи бошида бу ерда помидорнинг серҳосил “Бўрон” навидан 1600 дона экиб, апрел ойидан ҳосил ола бошлади.

Ангор туманида “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури бўйича кредит олиб, иссиқхона қурган ва кўплаб маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлаётган ишбилармонлар ҳам талайгина. “Тўлқин” маҳалласида яшовчи Жамшид Назаровни ана шундай тадбиркорлар сафига киритиш мумкин. Ёш тадбиркор 15 сотих майдонга 3 та иссиқхона барпо этиб, мана икки йилдирки, мўмайгина даромад олиб келмоқда. Айни кунларда бу ерда иш қизғин. Пишиб етилган помидор маҳсулоти териб олиниб, пешма-пеш бозорларга етказиб бериляпти.

Туманнинг “Юқори Таллимарон” маҳалласидаги Холмурод Қодирқулов хонадонида бўлганимизда томорқадаги манзарани кўриб, “инсон қўли гул” деган иборанинг нақадар ҳақиқат эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Томорқанинг бир томонида карам пишиб турган бўлса, бир қисмида экилган картошка қазиб олиняпти. Бошқа томонда эса саримсоқ пиёз бозорга чиқаришга тайёрланмоқда. Биргина шу томорқанинг ўзида саккиз турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти пишиб, халқимиз дастурхони учун тайёр ҳолатга келтирилган.
 

Ангорлик Тошбўри Холбеков ҳам 72 ёшни қаршилаган бўлса-да кафтдеккина томорқасини яшнатиб қўйибди. Очиқ майдонга экилган пиёз маҳсулоти истеъмолга тайёр ҳолатда. Томорқадан ўрин олган 3 сотихли иссиқхонада эса булғор қалампири барқ уриб ривожланмоқда. Аҳамиятлиси, иссиқхона четига тажриба тариқасида серҳосил узум навидан ҳам экилган. Хонадон эгасининг айтишича, бир-икки йилда ҳосил бериши кутилаётган ток барглари ёзда кўчатларни иссиқдан асрашда айни муддао бўлади.
 

Шу тариқа аҳолининг эрта баҳорда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш ҳамда экспортни амалга ошириш мақсадида мазкур тумандаги барча томорқаларда тўлиқ тўқсонбости ва эртаки экинлар экилиб, уларнинг аксарияти тайёр ҳолатга келтирилган. Бу эса жорий йилда томорқаларда етиштирилиши кутилаётган 74,6 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бекаму кўст йиғиштириб олиш имконини беради.
Илҳом Раҳматов,

"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?