Андижонда ука ўз опасининг қотилига айланди

10:05 13 Октябр 2020 Жамият
5356 0

Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Умиджон Умаров опаси Шахнозанинг умрига зомин бўлди. Жиноят изини яшириш мақсадида онаси ва укаси иштирокида мурдани ўзлари истиқомат қилаётган хонага кўмиб юборди. Куни кеча   жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида ушбу масала кўриб чиқилди.

Воқеа 2018 йилнинг 2 январь куни бўлиб ўтганди. 2017 йилда турмушидан ажрашган андижонлик Шахноза Умарова тирикчилик важидан фоҳишалик билан шуғулланишни касб қилиб олди. Ахлоқсиз эркаклар билан муносабати давомида ичкилик ва тамаки чекишни ўрганди. Яна ҳам ачинарлиси, бу воқеаларнинг барчаси ўз онаси, укаси ва жиянлари билан биргаликда истиқомат қилаётган хонадонда рўй берарди.

Ўша куни уйига номаълум эркакни таклиф қилди. Бир хонада ўтириб овқатланишди. Кўнгилхушликдан сўнг эркак кетмоқчи бўлди. Шахноза «меҳмон»ни кузатиб қўйишни жияни Шерзодга буюрди. Болакай бегона тоғани кузатиб киргач, аёл уни сўроққа тутди.

— Менга қара, кўчада қўшнилар бор эканми?

— Ҳа, бор экан.

— Улар бу киши ким эди, деб сўрашгандир? Нима деб жавоб бердинг?

У кишини танимаслигимни айтдим.

Шерзоднинг ушбу жавоби аёлнинг фиғонини кўкка кўтарди. Нима учун тоғам бўлади, деб айтмадинг, дея уни қўлига кирган буюм билан урди. Капгирни олиб, белига зарб берди. Қўлига кирган ўқловни орқа пешовига тиқишга уринди. Боланинг азобланишига бефарқ қараб тура олмаган аёлнинг онаси уларнинг ўртасига тушди. Ўз онасига ҳам тинчлик бермаган  Шахноза кўчага чиқиб, сигарет ва ароқ олиб келишини буюради. Шу пайт хонага кириб келган укаси Умиджон вазиятни шу заҳоти тушунади. Онаси ва жиянини уйдан чиқариб юбориб, опасини дўппослай бошлади. Аслида аёлнинг таъзирини бериб қўйгиси, шу тариқа тавбасига таянтириб қўймоқчи бўлди. Бироқ, ҳаммаси ошиб кетди. Аёлнинг эгнидаги кийимини ечиб олиб, унинг оёқ-қўлини боғлаган йигит Шахнозанинг дуч келган жойига тепа бошлади. Оғзи-бурни қонга тўлган опасига раҳм қилиб ўтирмади. Уни шу аҳволда ердан кўтариб, ерга ташлади. Шунча азоб, шунча жароҳатдан сўнг опаси воқеа жойининг ўзида ҳаётдан кўз юмди.

Қотиллик жиноятини яширишга уринган йигит шу хонанинг ўзида бир метрлик чуқур ковлади. Уни кўмишга онаси ва жияни ёрдам берди. Уччовлон хонани тартибга келтириб, бўлиб ўтган воқеани ҳеч кимга айтмасликка келишиб олдилар.

Ёпилган қозон маълум вақтгача ёпиқлигича қолиши мумкин эди. Бироқ, йигит тинчини йўқотди. Тушларига опаси кириб чиқадиган бўлди. Халоватидан айрилгач, оиласи билан бошқа уйга кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Бўлиб ўтган воқеаларни турмуш ўртоғига айтиб берди. Шу тариқа кўнгли бироз бўлса-да, таскин топар, деб ўйлаган эди. Лекин аёли бу аҳволда яшаб бўлмаслигини тушунди. Ички ишлар бўлимига хабар бериб, эрининг қотиллигидан огоҳ этди.

Шу йилнинг 9 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида Умиджон Умаровнинг жиноят иши атрофлича кўриб чиқилди ва унга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Оила жамиятнинг кичик бўлаги, деймиз. Демак, оиладаги муҳит биз яшаётган жамиятга жуда катта таъсир кўрсатади. Шундай экан, бу муқаддас масканда фақат яхшилик, эзгулик ва меҳр-оқибат мужассам бўлмоғи даркор.

Воқеа юзасидан фикр билдирадиган бўлсак, ахлоқсизлик аёлни ўзи танлаган қисмат домига тортди. Жиноятчилар қилмишига яраша жазосини олдилар. Бироқ, оиладаги носоғлом муҳит билан ким шуғулланади? Бу оилада вақти келиб яна шу каби мудҳиш воқеа юзага келмаслигига ким кафолат беради? Шундай экан, бу каби оилалар билан шуғулланишни мутасадди идоралар вакилларигагина топшириб қўймай, қўни-қўшни, маҳалладошлар ҳам эътиборлироқ бўлмоқлари шарт. Токи, инсон инсоннинг кўзгусидир, дейдилар. Биз ўша кўзгуга боққанимизда нигоҳимиз фақат яхши амаллардан порласин.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?