Андижонда 3 минг 361 гектар боғ, 336 гектар токзор яроқсиз деб топилди

13:17 21 Январь 2020 Иқтисодиёт
794 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Андижон вилоятида 2019 йилда Озиқ-овқат хавфсизлиги дастури доирасида амалга ошириладиган ишларнинг бажарилиши ҳамда 2020 йилда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар мавзусига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 январдаги “2020 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасини экспорт салоҳиятини оширишга доир” ҳамда жорий йилнинг 9 январидаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020 — 2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар таҳлил қилинди.

Тадбирда маълум қилинишича, вилоятда айни пайтда 2 минг 347 та боғдорчилик-узумчилик йўналишидаги, 1 минг 180 та сабзавотчилик-полизчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Улар 37 минг гектар майдон мавжуд. Бундан ташқари, яқин ғалладан бўшаган 70 минг гектар майдонида такрорий экин сифатида сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириш имконияти яратилган. Натижада 2 миллион 325 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш режалаштирилмоқда. Бозордаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида маҳсулотнинг 90 фоизи ички бозорга етказиб берилади.

2019 йилнинг декабрь ойида республикамиз Президенти раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириққа асосан вилоятдаги боғ ва токзорлар хатловдан ўтказилиб, 3 минг 361 гектар боғлар, 336 гектар токзорлар яроқсиз, деб топилди. Энди уларнинг ўрнида экспортбоп маҳсулотлар берувчи боғ ва токзорлар ташкил этиладиган бўлди.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда Андижон туманидаги “Тўқмоқсой”, Асака туманидаги “Қарчиғай замин саховати”, Балиқчи туманидаги “Тўхтасинбек боғи”, Булоқбоши туманидаги “Уммон мавжлари”, Жалақудуқ туманидаги “Болгария ифтихори”, Избоскан туманидаги “Абдуллоҳ умид мевалари” каби боғдорчилик фермер хўжаликлари томонидан амалга оширилаётган ишлар талабга жавоб бермаслиги айтиб ўтилди.

Тадбир давомида амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим масалалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?