Андижон вилоятида ички сайёҳлик фаолияти шаклланади

11:20 28 Май 2020 Welcome to uzbekistan
131 0

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида ҳудудда ички туризмни ривожлантириш масаласига эътиборни қаратди. Жумладан, Хонобод шаҳрини Фарғона водийсининг сайёҳлик марказига айлантириш бўйича ўз кўрсатмаларини берди. Шундан сўнг Бош Вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Хонобод шаҳрида бўлиб, бу ернинг туризм салоҳияти билан танишди ва келгусида бажарилиши лозим бўлган масалаларни кенгашди.

Айтиш жоиз, шу йилнинг 25 май кунидан бошлаб Хонобод шаҳрида мутасадди идоралар вакиллари иштирокида туризмни ривожлантириш йўналиши бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда. Натижада мавжуд зиёратгоҳлар, тарихий обидалар ҳолати таҳлил қилиниб, камчиликларни бартараф этишга киришилди. Карантин тартибларига зид бўлмаган тарзда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Сайёҳлик марказида дам олувчиларга етарли шарт-шароит яратиб бериш мақсадида ўзининг истиқболли лойиҳалари билан иштирок этаётган тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам муаммолардан холи, деб бўлмайди. Уларнинг аксарияти банклар билан боғлиқ хизматлар юзасидан ўз мурожаатига эга бўлса, айримларининг қулай ер майдони ва бино масаласидаги сўровига эга. Бош Вазир ўринбосари иштирокида бўлиб ўтган қабулда бу каби масалалар ижобий ечим топди.

-Пандемия даври тугаши билан Хонобод шаҳри сайёҳлар учун ўз эшикларини очади,-дейди Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев. – Унга қадар шаҳарни сайёҳлик марказига айлантириш борасидаги ишлар амалга оширилади. Бугина эмас, карантин даври тугаши билан вилоятдаги 43 та зиёратгоҳ ва маданий мерос объектлари, 5 та санаторий, 375 та кафе ва ресторанлар, шунингдек, 125 та чойхона фаолиятга шай ҳолатга келтирилади. Бунинг натижасида 12 минг нафарга яқин аҳоли ўзининг доимий иш ўрнига эга бўлади.

Айни пайтда ишчи гуруҳи вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ички сайёҳлик фаолиятини шакллантириш имкониятлари билан танишмоқда. Жумладан, Хўжаобод туманидаги Имом ота номли қишлоқни туризм қишлоғига айлантириш масаласи ўрганилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?