Андижон вилоятида 12 млрд. сўмдан зиёд нефть хом ашёси талон-тарож қилинган

14:36 24 Октябр 2019 Жамият
469 0

Андижон вилоят Прокуратураси томонидан “Андижоннефть” акциядорлик жамияти фаолияти юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида “Ўзнефтгазинспекция” мутахассислари томонидан текшириш ўтказилди ва қиймати 12 млрд. 825,9 млн сўмлик 15 287 тонна манбалар аниқланди. Бу "Ўзнефтгазинспекция" ахборот хизмати хабар берди. 

Жумладан, жамиятнинг нефть конлари, нефтни йиғиш, тайёрлаш ва топшириш цехларида ўтказилган хатловда товар нефтдан қиймати 254,5 млн. сўмлик 310,2 тонна ортиқчалик ва қиймати 22,7 млн.сўмлик 42,4 тонна камомад, цехлараро қувурларни демонтаж қилишда ва нефтни қайта ишлаш заводига юборишда қувурлар орқали нефтни талон-тарож қилиш йўли билан қиймати 1 млрд. 404 млн. сўмлик 812,3 тонна товар нефть йўқотилганлиги, 479,6 млн. сўмлик 795,8 тонна қазиб олинган нефтни ҳисоботларга киритмаган ҳолда ўзлаштириш, ҳисоботларни сохталаштириш орқали 2 млрд 583,8 млн. сўмлик 3486,9 тонна камомадни ва 70,8 млн. сўмлик 95,9 тонна ортиқчаликларни яшириш, 6 млрд 313,3 млн. сўмлик 7 697 тонна нефтни ҳисоботларга қўшиб ёзиш, шунингдек, 1 млрд 678,9 млн. сўмлик 2046,9 тонна нефтни бажарилмаган иш ҳажмини кўрсатиш ҳисобига бирламчи ҳужжатларсиз асоссиз равишда ҳисобдан чиқариш ҳолатларини ташкил қилади.

“Андижоннефть” АЖда жамият бошкарув раиси Б. Нарматовнинг раҳбарлик қилаётган фақатгина 2019 йил июнь ойидан сентябрь ойигача бўлган фаолият даврини олсак, жами аниқланган манбаалар нефтни асоссиз ҳисобдан чиқариш, қўшиб ёзиш, ҳисобот ҳужжатларида ва хатловда камомадлар ҳамда ортиқчаликлар бўйича 1.838.951.734 сўмлик 1 356,8 тоннани ташкил этди.

Текширув якунида расмийлаштирилган ҳужжатлар Андижон вилоят Прокуратурасига топширилди ва айни пайтда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?