Андижон вилояти ҳокими нега ёшлар билан қурилиш майдонида учрашди?

17:22 06 Январь 2020 Жамият
912 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтишини эшитган йигитлар “Ёшлар маркази” аталмиш салобатли саройига қора костюм-шимга галстукка таққанча ташриф буюрамиз, деб ўйлаганлари рост. Аммо учрашув Хўжаобод туманидаги адирлик ёнбағрида бўлиши ҳақидаги хабар тарқалди. Эгнига ишчилар кийимини кийган 400 нафар ёшлар шу куни ҳокимни яна бир катта лойиҳа қурилиши майдонидан топдилар.

— Вилоятимизда олиб борилаётган ишларни ўз кўзингиз билан кўриб, баҳо беринг, керак бўлса унда иштирок этинг, деган мақсадда сизларни шу ерга таклиф қилдим, — дейди вилоят ҳокими. — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ўтказган ёшлар билан учрашувида “2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш бўлади”, деган сўзлари, умид қиламанки, Андижон вилояти мисолида ўзгача ифода топади.

Учрашув давомида вилоят раҳбари ёшларга яратилаётган шароитлар, таълим олишлари, меҳнат қилишлари учун вужудга келаётган имкониятлар, билим ва салоҳиятини намойиш этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Ўз ютуқлари ҳақида ғурурланиб ҳикоя қилган ёшларнинг муваффақияти эса бошқаларга ибрат бўлди:

— Якунланган йилда Малайзияда ўтказилган каратэ бўйича Осиё чемпионатида ғолиб бўлдим, — дейди Осиё чемпиони Аслбек Мадаминов. —Бу ютуғим Президентимиз томонидан юқори баҳоланиб, грант асосида Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилиндим. Мен қатори яна 76 нафар андижонлик тенгдошларим шундай бахтга сазовор бўлдилар. Давлатимиз томонидан биз ёшларга шу қадар кенг имкониятлар яратиб қўйилган экан, нима учун ундан унумли фойдаланмаслигимиз керак! Насиб бўлса, бундан кейин ҳам юртимиз ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этамиз.

Шу куни ёшлар адирлик ёнбағрида барпо этилаётган катта ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши билан яқиндан танишиб, унинг атрофида ўз қўллари билан боғ барпо этдилар. Уларнинг қўли билан экилган минглаб кўчатлар келгусида ҳудуднинг экологик ҳимоясини таъминлайди. 

Рустамжон ЭШОНОВ олган сурат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?