Андижон вилоят ҳокими уй можароси юзасидан ўз муносабатини билдирди

19:03 31 Май 2019 Жамият
1613 0

Фото: «Халқ сўзи»

Саминжон Ҳусанов, “Халқ сўзи Online”/Андижон. Андижон вилоят ҳокимлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари журналистлари билан бир қаторда республика нашрлари вакиллари ҳам иштирок этдилар. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳудудда аҳолини турар-жой билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди. Шунингдек, журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб асносида вилоятда инвестицияни шакллантириш, туризмни ривожлантириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Анжуман давомида вилоят ҳокими матбуот нашрларида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган “Президент уй берди” деб телевизордан раҳмат айттирилган андижонлик аëл “шоу уй”дан чиқарилди” сарлавҳали мақолага ўз муносабатини билдирди:

“Андижон шаҳрининг “Мустақиллик” собиқ Пушкин МФЙда 14 та кўча бўлиб, уларда 1539 та хонадонда 2256 та оила истиқомат қилади. Маҳалла 1920-1930 йилларда умумий ҳовли шаклида барпо этилганлиги сабаб бугунги кунга келиб, яроқсиз ҳолатга тушиб қолган. Аҳоли сонининг ортиши натижасида битта хонада бир неча фуқаролар истиқомат қилишига тўғри келган. Ҳатто омборхоналардан турар-жой сифатида фойдаланаётганлар ҳам кўп. Шу боис маҳалла аҳлининг яшаш шароитини яхшилаш, турмуш тарзини шакллантириш,доимий иш ўрни билан таъминлаш чораларини кўра бошладик. Боиси, бу ҳудудда истиқомат қилувчиларнинг аксарияти ишсиз бўлиб, кўплаб аёллар турмушидан ажраган ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлар. Бу бир томондан салбий ҳолатларга ҳам сабаб бўлган. Мисол учун, вилоятда содир этилган кунлик жиноятнинг 50 фоизи айнан шу маҳалла фуқаролари ҳиссасига тўғри кела бошлаган. Уларни турар-жой ва иш ўрни билан таъминлаш орқали салбий ҳолатга нисбатан ижобий ечим топишга ҳаракат қилдик. Натижада 2017 йилда Хўжаобод туманининг Андижон шаҳри билан туташган қисмида дастлаб 226 та турар-жой биноси қуриб битказилди. Айни пайтда давом этаётган қурилишлар туфайли уларнинг сони 1000 та етади. Бунинг натижасида 2256 та оиланинг 1000 таси намунали, арзон ва барча қулайликларга эга бўлган 2 сотихли ҳовли-жойга эга бўладилар.

Аҳолининг қолган қисми айнан шу ерда қад ростлаётган кўп қаватли уйларга кўчиб ўтадилар. Айтиш, жоиз барпо этилаётган уйларнинг умумий қиймати 75 миллион сўмдан 85 миллион сўмни ташкил этади. “Мустақиллик” кўчасидаги уйларнинг эркин савдодаги нархи эса 4 миллион сўмдан 55 миллион сўмгача эканлигини инобатга олсак, аҳоли эътирозига ўрин қолмайди. Амалдаги тартибларга риоя этиладиган бўлса ҳар бир хўжаликка биттадан уй қуриб беришимиз ҳам мумкин эди. Бироқ, биз ундай қилмадик. Мана шу хўжаликда нечта оила мавжуд бўлса, уларнинг барчасини алоҳида турар-жой билан таъминлашга қарор қилдик. Оқибатда 2 сотихли ҳовли-жойлар ҳақиқий рўйхатда турувчи фуқароларга бепул қуриб берилди. Бир ҳовлида истиқомат қилувчи иккинчи оила вакиллари, яъни уй бекасининг қизи ёки ўғли эса кўп қаватли турар-жой биноларига кўчирилиши кўзда тутилган. Айтиш жоизки, уларнинг аксарияти ҳатто ушбу ҳудудда доимий рўйхатда ҳам туришмайди. Ана шундай фуқаролардан Х. Тиллаева, М. Раҳимова, Ш. Бакирова, Х. Эрматова ҳамда М. Абдувалиевалар ҳам кўп қаватли уйлардаги хонадонларга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганлар ва улар учун ажратиладиган хонадонларнинг дастлабки тўловлари “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси” МЧЖ томонидан олдиндан тўлаб берилган.

Умуман олганда, 46 нафар оғир шароитдаги аёллар билан 15 февраль куни шартнома тузилган бўлиб, 596 млн. 700 минг сўм дастлабки тўлов учун маблағлар ўтказиб берилиши шакллантирилган”, - деди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов.

Фото: «Халқ сўзи»

Айтиш жоизки, вилоятда давлатимиз мустақиллигининг дастлабки 25 йили мобайнида ҳукумат томонидан бирорта ҳам турар-жой биноси қад ростламаган бўлсада, бугунги кунга келиб бу борада ибратли ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, 2018 йил давомида 4, 5 ва 7 қаватдан иборат 60 га яқин турар-жой бинолари қад ростлаган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 100 тадан ортади. Айни пайтда вилоятда уй-жойга муҳтожлар сони 20 минг нафарни ташкил этишини ҳисобга олсак, бундан буён барча уйлар кўп қаватли шаклда қурилиши мақсадга мувофиқ деб топилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019