Андижон шаҳар ҳокимлиги ходими 16 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётиб қўлга тушди

16:43 15 Сентябр 2018 Жамият
678 0

Давлат Хавфсизлик Хизмати Андижон вилояти Бошқармаси ва вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Андижон шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича бош мутахассиси Тўхтамурод Қодиров фирибгарлик қилиб, тадбиркордан пул олаётган пайтида қўлга олинди. Бу ҳақида “Oʻzbekiston 24” канали хабар берди.

Маъсул шахс, Андижон шаҳрида жойлашган “Жаҳон бозори” савдо комплекси ҳудудидаги бўш турган 60 кв.метр ер майдонидан фойдаланиш бўйича Андижон шаҳар ҳокимининг фармойиши чиққани, келгусида мазкур ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ажратиб бериш ва керакли ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига маҳаллий тадбиркордан 17500 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 16000 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Тергов олди жараёни ва суриштирувларда Тўхтамурод Қодиров бундай ишларга олдин ҳам қўл урганлиги аниқланди. У улгуржи савдо билан шуғулланиш учун лицензия бериш эвазига бошқа бир тадбиркордан ҳам 300 АҚШ доллар миқдорида пул олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168, 211 ва 214-моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар