“Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида

22:20 16 Январь 2019 Ҳужжатлар
493 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Республикамизда юқори технологияли фармацевтика корхоналарини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга инвестицияларни, энг аввало, Ҳиндистон Республикасидан тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ички бозорни ўзимизда, шу жумладан, маҳаллий доривор ўсимликлар хом ашёсини чуқур қайта ишлаш асосида ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори воситалари билан тўлдириш, шунингдек, Андижон вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш асосида янги иш ўринларини яратиш ва республикамиз аҳолиси даромадларини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Андижон вилояти ҳокимлигининг Андижон вилояти Андижон туманида “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда – “Андижон-фарм” ЭИЗ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар “Андижон-фарм” ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

юқори қўшилган қийматли, шу жумладан, “in-bulk” шаклида фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналарни ташкил этиш учун, энг аввало, Ҳиндистон Республикаси етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ва илғор технологияларини жалб этиш;

доривор ўсимликлар хом ашёсини қайта ишлаш ва тайёр дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тиббий техникалар, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги замонавий ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этиш;

доривор ўсимликлар хом ашёсини ўзига хос табиий шароитларда етиштириш ва кейинчалик қайта ишлаш борасида Андижон вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш;

эркин иқтисодий зоналар ташкилотлари ҳамда республикамизнинг бошқа корхоналари ўртасида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш орқали маҳаллий доривор ўсимликлар хом ашёси ва материаллари негизида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;

“Андижон-фарм” ЭИЗ ҳудудида муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, шунингдек, унинг ҳудудида сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш;

“Андижон-фарм” ЭИЗнинг соҳа кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, уларнинг “Андижон-фарм” ЭИЗ ҳудудида жойлашган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташини ташкил этиш орқали тайёрлашда қатнашиш.

3. Белгилансинки:

“Андижон-фарм” ЭИЗнинг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этади ва ушбу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин;

“Андижон-фарм” ЭИЗ фаолият юритадиган муддат давомида унинг ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона тартиблари амал қилади.

4. Қуйидагилар:

“Андижон-фарм” ЭИЗ иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 21 декабрдаги ПФ–5600-сон Фармони талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2016 йил 26 октябрдаги ПФ–4853-сон Фармонининг 3, 4 ва 5-бандлари қоидалари;

“Андижон-фарм” ЭИЗ дирекциясига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида” 2017 йил 12 январдаги ПФ–4931-сон Фармонининг 8-банди қоидалари татбиқ этилсин.

5. Андижон вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда “Андижон-фарм” ЭИЗга кирувчи ҳудудлар чегараларини белгилашни ва “Андижон-фарм” ЭИЗ дирекцияси фаолиятини ташкил этишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Белгилансинки, “Андижон-фарм” ЭИЗ дирекциясининг функциялари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тавсияларини инобатга олган ҳолда Андижон вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг қарорига асосан эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш ва бошқариш тажрибасига эга бўлган хорижий компанияларга, биринчи навбатда, ҳинд компанияларига берилиши мумкин.

7. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент фармацевтика институти билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига Андижон вилоятининг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда саноат плантациялари ташкил қилиш учун доривор ўсимлик турлари рўйхатини, шунингдек, маҳаллий доривор ўсимликлар хом ашёсидан фойдаланган ҳолда доривор моддалар (субстанциялар) ва дори воситалари ишлаб чиқариш соҳасидаги янги илмий тадқиқотлар натижаларини тизимли равишда тақдим этиб борсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ “Андижон-фарм” ЭИЗ ҳудудини, шунингдек, унинг иштирокчиларини ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан кафолатли таъминласин.

9. Андижон вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда уч ой муддатда белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган “Андижон-фарм” ЭИЗнинг бош режасига асосан “Андижон-фарм” ЭИЗ ҳудудида муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастури лойиҳасини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда ҳар йили келгуси йилга Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришда “Андижон-фарм” ЭИЗнинг белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бош режаси асосида “Андижон-фарм” ЭИЗнинг транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун капитал қўйилмалар лимитларини ҳамда зарур марказлаштирилган инвестициялар ажратилишини назарда тутсин.

11. “Андижон-фарм” ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича қуйидагилар:

Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК” ДУК – буюртмачи этиб;

танлов асосида аниқланган лойиҳа ташкилоти – бош лойиҳа ташкилоти этиб;

Андижон вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар – молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Андижон-фарм” ЭИЗга, энг аввало, Ҳиндистон Республикасидан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва илғор технологияларни жалб этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин ҳамда 2019 йилнинг биринчи чорагида “Андижон-фарм” ЭИЗ тўғрисида Ҳиндистон Республикаси ва хорижий мамлакатларда тақдимот ўтказилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Андижон вилояти ҳокимлиги буюртманомаларига биноан “Андижон-фарм” ЭИЗда жойлашадиган корхоналарнинг инвестициявий ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига кириш, шу жумладан, кўп марталик визаларни консуллик

ва бошқа йиғимларни ундирмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Андижон вилояти ҳокимлиги буюртманомаларига биноан “Андижон-фарм” ЭИЗдаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга белгиланган тартибда кўп марталик визаларни бериш ва муддатини узайтириш ҳамда вақтинчалик яшаш жойи бўйича пропискага қўйиш ва муддатини узайтириш давлат божи ундирмасдан амалга оширилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Андижон вилояти ҳокимлиги буюртманомаларига биноан республикага (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида мавжуд бўлмаган) ишчи кучини жалб этишга рухсат берилиши (узайтирилиши)ни, шунингдек, ушбу фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш ҳуқуқининг белгиланган тартибда берилиши (узайтирилиши)ни таъминласин.

16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Андижон вилояти ҳокими Ш.Қ.Абдурахманов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 14 январ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019