“Андижон-фарм” ЭИЗ нега ташкил этилмоқда?

21:28 17 Январь 2019 Иқтисодиёт
428 0

Иллюстратив фото

Президентимиз томонидан имзоланган “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонни нафақат водий, балки бутун мамлакатимиз аҳли, айниқса, биз каби соҳа мутахассислари катта хурсандчилик билан кутиб олишди.

Зеро, мазкур тарихий ҳужжат ҳудудда учрайдиган доривор ўсимликлар, бебаҳо минераллардан оқилона фойдаланиш, улардан нафақат ички бозор учун мақбул бўлган, балки экспортбоп маҳсулотлар етиштиришда улкан имкониятлар очиб беради. Айнан шу йўналишдаги ютуқлари билан дунёда тан олинган Ҳиндистондан тўғридан-тўғри инвестициялар фаол жалб этилиши эса бу борадаги лойиҳалар, шубҳасиз, рўёбга чиқарилишини англатади. Юртбошимизнинг ушбу давлатга ташрифи бу йўлдаги интилишларга қўшимча мадад ва рағбат беради.

Нега шу каби эркин иқтисодий зоналардан бирига манзил сифатида айнан Андижон танланди? Сабаби барчамизга маълум — ушбу замин ҳам наботот олами, табиий захира неъматларига бой. Қолаверса, у ерда ишлайман деган мутахассислар ҳам етарли. Қаранг, бир ҳужжат билан бири-бирига кластердек чамбарчас боғланган тўртта масалага аниқ ечим берилмоқда.

Биринчидан, хом ашёни самарали қайта ишлаш учун замонавий база яратилиб, вилоятнинг халқаро имижи оширилади. Иккинчидан, юқори қўшилган қийматга эга, сифатли, экологик жиҳатдан тоза товарлар тайёрланади. Учинчидан, янги иш ўринлари яратилади, ишсизлар сони камаяди. Тўртинчидан, халқ табобати ва замонавий тиббиёт уйғунлашади, шу асосда инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтириш учун яна бир таянч зона вужудга келади.

Бизнингча, айнан мана шундай ижтимоий-иқтисодий омиллар “Андижон-фарм” ЭИЗ яратилишига асос бўлган.

Сизга бир оддий фактни айтаман: одам организми 92 та кимёвий элементдан ҳосил бўлгувчи минглаб бирикмалардан таркиб топган. Ҳар бир унсурга маълум бир вазифа юклатилган. Замонавий тиббиётнинг аниқлашича, масалан, организмда литий элементининг камайиши хотира ва кўриш қобилиятининг сусайиши, эркакларда простатит, аёлларда миома хасталикларини келтириб чиқаради. Ваҳолонки, дунёда таркибида литий сақлайдиган доривор маҳсулотлар жуда кам.

Иллюстратив фото.

Биз Ўзбекистонда ўсадиган деярли барча ўсимликлар мевалари, барглари, илдизлари ва бошқа қисмларининг кимёвий таркибини текшириб чиқдик. Шу орқали қарийб барча мева-сабзавотда литий борлиги, лекин у жуда камлигини аниқладик. Аммо қатъий интилишларимиз туфайли бундай танқисликни тўлдиришнинг йўли топилди. Тадқиқотларимиз давомида ўзида энг кўп литий сақлайдиган маҳсулот қизил ва сариқ пиёз эканлиги исботланди.

Иллюстратив фото.

Бинобарин, ҳар куни овқатдан кейин тухумдан кичик бўлган, буғда пиширилган ана шундай неъматдан уч-тўрт донадан тановул қилиб туришни халқ табобати тавсия этади. Пировардида олти ойда хотира ва кўриш тикланади, шамоллашлар йўқолади.

Андижонда нима кўп, пиёз кўп. У ерда фаолият бошлайдиган янги эркин иқтисодий зонада эса ўзимизда мавжуд бўлган мана шундай арзон неъматлардан ҳам қимматбаҳо, ҳам ниҳоятда фойдали маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Яқинда яна бир янгиликка қўл урилди. Серқуёш диёримизда ўсадиган нок, беҳи, олма, ошқовоқ, саримсоқпиёз, кунжут ва анордан таркиб топган ҳамда одамнинг табиий қувватини оширадиган янги озиқ-овқат қўшилмаси ихтиро қилинди. Айни пайтда “Табиий қувват” номи билан янги патент лойиҳасини ҳам тайёрлаб қўйдик.

Бундан ташқари, ўзимиз яратган “Астош”, “Айритош”, “Аскальций”, “Шифоий Марҳабохон” номли озиқ-овқат қўшилмаларига Интеллектуал мулк агентлиги томонидан товар белгиси берилди. Мазкур маҳсулотлар буйрак ҳамда сийдик йўлидаги тошларни эритиш, иммунитетни ошириш хусусиятига эга.

Тарвуз уруғи ва пўчоғидан ҳам ана шундай воситалар яратилган. Хўш, буларнинг барчасини саноатга татбиқ этиш нима беради? Энг муҳимини айтаман: ушбу полиз экинидан қоладиган қолдиқ ҳамда чиқиндилардан буйрак, ўт қопи ва сийдик йўлларидаги тошларни эритувчи ниҳоятда шифобахш маҳсулот тайёрланади. Яъни ташлаб юбориладиган нарсадан валюта олиб келадиган товар пайдо бўляпти. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бироқ уларни амалга ошириш шу пайтгача муаммо бўлган, кўпи қоғозларда қолиб кетаётган эди.

Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур долзарб ҳужжат эса илм-фан, табобат жабҳаси вакилларининг бу йўлдаги эзгу орзуларини амалга ошириб беради. Заминимизда униб-ўсадиган, саломатликка кони фойда-ю, аммо баъзи пайтлари исрофу хор бўлаётган мевалар, сабзавотлар, хуллас, табиий неъматларга қайта жон бағишлайди, уларнинг нафақат маҳаллий, балки ташқи бозорлардаги қадр-қимматини кескин юксалтиради.

Иброҳим АСҚАРОВ, кимё фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи,

Ўзбекистон Табобат Академияси раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019