Андижонда чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхона иш бошлади

11:47 06 Сентябр 2018 Иқтисодиёт
269 0
Фото: Хурсандбек Араббоев.

Саминжон Ҳусанов, “Халқ сўзи online”/Андижон. Андижон вилоятида чиқиндини қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхона фаолият бошлади. Булоқбоши тумани Кулла маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида иш бошлаган “Eco clean trans” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш учун 7  миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя йўналтирилди.

Фото: Хурсандбек Араббоев.

Корхонага чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган 12 турдаги замонавий дастгоҳлар ўрнатилган. Улар ёрдамида ҳар қандай турдаги маҳсулот чиқиндилари қайта ишланиб, экологик жиҳатдан тоза бўлган салфетка, резина гранулалари, шлакоблок каби тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Фото: Хурсандбек Араббоев.

“Корхонамиз тасарруфида 48 та йирик махсус автотранспорт воситаси ва 15 та кичик ҳажмдаги мобиль транспорт мавжуд. Айни пайтда тажриба тариқасида Андижон шаҳридаги чиқиндиларни қайта ишлаш билан машғулмиз. Келгусида вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларини қамраб олишни режалаштирганмиз. Бунинг учун йил охирига қадар ҳудудларда 15 та қабул қилиш шохобчалари ташкил этилади. Корхонамизда аҳоли даромадини ошириш ҳам кўзда тутилган. Яъни, аҳоли томонидан олиб келинган чиқиндиларни сотиб олишни йўлга қўйдик, - дейди корхона раҳбари Сардорбек Тожимаҳмудов.

Фото: Хурсандбек Араббоев.

Бу ерга келтирилган хом ашёнинг 80 фоизи қайта ишланиб, қолган 20 фоизидан ёқилғи сифатида фойдаланиш — газ ва электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Биргина Андижон шаҳрининг ўзида кунига 500 тонна маиший чиқинди ҳосил бўлишини инобатга олсак ушбу лойиҳа нафақат вилоят иқтисодиётини юксалтиришга, балки экология барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар