Амударё қамишидан экспортбоп қурилиш материали ишлаб чиқарилмоқда

17:30 24 Май 2018 Иқтисодиёт
501 0

Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон КСП Грант” масъулияти чекланган жамиятида ДСП маҳсулотларини ишлаб чиқаришда хомашё сифатида Амударё бўйида табиий ҳолда ўсувчи қамиш ўсимлигидан фойдаланилиб келинмоқда.

Маълумотларга кўра, корхона 2017 йилнинг июлидан бошлаб ўз фаолиятини йўлга қўйган. Бу ерда 250дан зиёд иш ўрни яратилиши қаторида 2000 дан зиёд одам мавсумий (куз-қиш мавсуми) ишга жалб қилинган.

Мазкур МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот лаборатория текширувидан ўтказилганда, унинг намликка чидамлилик даражаси Россияда тайёрланадиган муқобилидан 30 фоиз юқори эканлиги маълум бўлди. Мазкур қурилиш материали ҳам ички, ҳам ташқи бозор учун мўлжалланган. Хусусан, Афғонистон ҳамда Тожикистон мамлакатларининг ҳар бири билан экспорт бўйича 2 млн. долларлик шартномалар имзоланишига эришилди.

Корхона вакили Чори Қувватовнинг таъкидлашича, Амударё сув ҳавзаси бўйларида жуда кўп миқдорда қаровсиз ҳолатдаги қамиш ўсимлиги бор ва айни пайтда уларнинг 10 фоизига яқини мавсумий жалб этилган ишчилар томонидан ўриб олиниб, ДСП маҳсулоти ишлаб чиқариш учун хом-ашё сифатида корхонага олиб келинган. Қолган қисми ҳам тез орада ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси берган статистик маълумотларга кўра, чет элдан, хусусан, Россия, Украина, Хитойдан сўнгги 1 йилда тахминан 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 500 000 куб метр ёғоч-пайрахали плита фанерлари (ДСП) Ўзбекистон бозорига импорт қилинган. Ўзбекистонда эса маҳаллий тарзда ишлаб чиқарилаётган шу турдаги маҳсулотлар эса ички эҳтиёжнинг атиги 8 фоизини қондирмоқда, холос.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар