Amnesty International: “Охирги беш йилда Ўзбекистонда бешта, 2018 йилнинг дастлабки беш ойида эса 200 тадан кўп оқлов ҳукми чиқарилди”

16:27 13 Июнь 2018 Жамият
915 0

Раҳм-шафқат, меҳр-мурувват кўрсатиш, кечиримли бўлиш инсониятнинг улуғ хислати, жамиятнинг юксак маънавий-ахлоқий қиёфасини кўрсатиб берувчи кўзгулардан бири ва ислом динининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) ҳам кечиримлилик борасида тенгсиз бўлгани буни тасдиқлайди. Бир сафар у зотдан “Ё Расулуллоҳ, гўзал хулқ нима?” деб сўрашганида, ушбу оятни ўқиб берган эканлар: “Афв-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг” (Аъроф, 199).

Шу маънода халқимиз давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонини бағрикенглик, олижаноблик, инсонпарварликнинг юксак намунаси сифатида кутиб олди.

Зеро, мамлакатимизда илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди. Уларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади. Ўз навбатида, афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга ҳар томонлама кўмак берилади...

Бинобарин, узоқ йиллар давомида республикамизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фақат салбий фикр билдириб келган халқаро ташкилотлар, хориж оммавий ахборот воситалари ҳам бугунги келиб бу борада сезиларли ўзгаришлар рўй бераётганини тан олиб, уларга муносиб баҳо бериб келяпти.

Хусусан, охирги 14 йил ичида илк бор Ўзбекистонга ташриф буюрган Amnesty International халқаро ташкилоти делегацияси вакиллари ҳам буни алоҳида эътироф этди. Ваҳоланки, мазкур нуфузли ташкилот доимо кескин, муросасиз ва деярли тўлиқ танқидий фикрлар билдириши билан танилган.

Булар ҳақида унинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори ўринбосари Денис Кривошеев Германиянинг энг нуфузли Deutche Welle халқаро телерадиоканалига берган интервьюсида гапириб берди.

Унинг фикрича, айни пайтда Ўзбекистонда қамоқхоналарнинг тўлиш даражаси 80 фоизгача пасайган ва бу республикада афв этиш тамойили қўлланилаётгани, оқлов ҳукмлари кўпайгани ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳукмлари камайгани билан боғлиқ.

“Бу жуда сезиларли ўзгариш, сабаби маълумотларда Ўзбекистонда, умуман минтақада қамоқхоналар тўлиб кетганини кўрсатиб келарди”, - дейди Денис Кривошеев.

“Агар охирги беш йилда Ўзбекистонда фақатгина беш маротаба оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, 2018 йилнинг дастлабки беш ойининг ўзида уларнинг сони 200 тадан ортди. Бу рақамлар кўплаб давлатлар, жумладан, Россияда ҳам оқлов ҳукмлари тобора камайиб бораётган бир шароитда, айниқса, таҳсинга лойиқ. РФда мазкур кўрсаткич ниҳоятда кам – йилига 0,3 фоизга тенг, бу тизимнинг ўзида нимадир ишламаётганини англатади”- дея қўшимча қилди у.

Эксперт Ўзбекистонда судьялар агар айбланувчининг айбига ишонч ҳосил қилмаса, ўзининг профессионал бурчини бажариш мақсадида шубҳа-гумонларни судланувчининг фойдасига талқин этаётгани, иш эса айбдорликни исботлаш йўлида ишончли далиллар аниқланиши учун терговчига қайтарилаётгани, бу эса конституциявий тамойилларга мос эканлигига урғу берган.

Денис Кривошеев 2017 йилда қамоққа олиниб, 2018 йил суд залидан озод қилинган журналист Бобомурод Абдулланинг иши бўйича ҳукм ҳам Ўзбекистоннинг одил судлов тизимида ўзгаришлар рўй бераётгани ҳақида ўйлашга мажбур қилишини билдирди.

АҚШда ўзининг жиззакилиги билан машҳур Project Syndicate интернет нашрида яқинда эълон қилинган материалда ҳам Ўзбекистонда воқеаларнинг бундай ижобий ривожланиши юқори баҳоланган. Унда мазкур янгиланишлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат тарихида янги саҳифа очишга бўлган реал интилишларини тасдиқлаши ҳамда некбинлик(оптимизм) ҳиссини мисли кўрилмаган даражада кучайтириб юбориши таъкидланади. Бинобарин, таниқли оммавий ахборот воситаси биринчи марта охирги йигирма йилда Ўзбекистонда панжара ортида бирорта журналист қолмаганига алоҳида урғу берган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019