Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида бадиий фильм, Абдулла Орипов ҳақида ҳужжатли фильм ишланади

16:06 10 Март 2020 Маданият
1073 0

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳақида ҳужжатли фильм, буюк саркарда, темурийлар давлатининг асосчиси Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида тарихий бадиий фильм ишланади. Бу ҳақида “Ўзбеккино“ Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухаликовнинг Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев билан учрашувида маълум қилинди.

Вазирлар Маҳкамасида 2019 йил 10 декабрда ўтказилган йиғилиш баёни ижросини таъминлаш, вилоятлар билан ҳамкорликда бадиий, ҳужжатли фильмларни суратга олиш ишларини муҳокама қилиш, жойлардаги кинотеатрлар аҳволи билан яқиндан танишиш каби масалаларни ҳал этиш учун “Ўзбеккино“ Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухаликов навбатдаги хизмат сафарини Қашқадарё вилоятига амалга оширди.

Фирдавс Абдухаликовнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи вилоят ҳокими Зоир Мирзаев билан учрашувдан бошланди. Учрашув давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасидаги топшириқ ва вазифалар ижроси, бугунги кунда Бухоро вилоятида кинотеатр ва кинозоналар қурилиши, Бухоро вилояти билан ҳамкорликда бадиий ва ҳужжатли фильмларни суратга олиш ишлари муҳокама қилинди.

Учрашувда Қашқадарё вилоятида тарихий мавзудаги ва замон қаҳрамони акс эттирилган фильмлар суратга олиш таклифи ҳам берилди.

“Қашқадарё вилояти билан ҳамкорликда вилоятнинг буюк фарзандлари ҳаётини киноасар қилишга келишдик. Ўзбек шеъриятининг забардаст вакили Абдулла Орипов, Қашқадарё вилоятининг машҳур тарихий ёдгорликларидан бири Лангар Ота зиёратгоҳи ҳақида ҳужжатли фильм, буюк саркарда Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида тарихий бадиий фильм яратилади”, деди “Ўзбеккино“ раҳбари Фирдавс Абдухаликов.

Учрашувдан кейин вилоятдаги мавжуд кинотеатрларнинг моддий техника таъминоти ва бугунги аҳволи ўрганилди.

“Ўзбеккино” раҳбари Наврўз байрами арафасида Республика кинопрокати марказининг Қашқадарё филиалига замонавий махсус жиҳозланган 2 та "Дамас" автомашинаси совға қилинишини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, туман ва шаҳарлардаги маданият марказлари замонавий киножиҳозлар билан таъминланиши ҳақида таклиф билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?