Америкалик олим Кристофер Форт ўзбек тилида мақола ёзди

15:36 21 Май 2019 Жамият
256 0

Бугун ўзбек тили шарқу ғарб давлатларида, жумладан, Европада ҳам ўрганилаётгани барчамизни фахрлантиради.

Тил – дил калити, дейишади. Югурик замон сўқмоқларида инсоният учун тобора қадр топаётган, ўзликни ва яшаб қолиш шартини ортмоқлаб чопаётган манзара – бу, она тили ҳодисасидир. Ўзбек тили ҳам ана шу қутлуғ каҳкашон ичида янада сайқалланиб, гўзаллашиб бормоқда. Бугун ўзбек тили шарқу ғарб давлатларида, жумладан, Европада ҳам ўрганилаётгани фикримиз далилидир. 

АҚШнинг Мичиган университети докторанти Кристофер Форт яқинда ўзбек тилида мақола ёзди. “Ўзбек тили XXI асрда“ деб номланган мақолада она тилимизнинг ўзига хос жиҳатлари, шалоладек сержило қирралари ҳақида сўз юритилган. Қуйида К.Фортнинг шу мақоласини ҳавола қиламиз. Баъзан ўзимиз ўз тилимиз қолиб бошқа тилда сўзлашишни афзал билаётган бугунги кунда океан орти фуқароси бизнинг тилимизда равон мақола ёзгани кишини беҳад қувонтиради, қалбимизда ОНА ТИЛИмиздан фахр туйғусини юксалтиради. Зора, бу биз учун ибрат, намуна вазифасини ўтаса, деган ўй кечади кўнгилдан.

ЎЗБЕК ТИЛИ ХХI АСРДА

Мовароуннаҳрда турк тилида биринчи бўлиб ёзмаган бўлса ҳам, Алишер Навоий эски ўзбек тилининг бобоси унвонини қозонган, чунки у биринчи бўлиб турк тилида яхши ёзган. У “Муҳокамат ул-Луғатайн” асаридаги сон-саноқсиз гўзал байтлари билан турк тилининг ҳусни форс тилиникига нафақат тенг, балки айрим жиҳатларда устун чиқади, деб исбот қилган.

Навоийнинг вафот этганидан беш юз йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, унинг сўзлари ва келтирган далиллари ҳали ҳам ўз исботини топмоқда. Биз, албатта, глобаллашаётган дунёда яшаймиз. Ўзбек тилига қараганда жаҳон бўйлаб кенг тарқаган тиллар – масалан, инглиз, француз, рус ё хитой тили кўпроқ ижтимоий ҳаракатчанлик имкониятини беради. Тарих ва мустамлакачилик натижалари шулар – тақдирга тан беришга тўғри келади. Аммо бу замонавий факт Навоий меросига зиён етказа олмайди, чунки Навоий ижод қилган турк тили ва ҳозирги ўзбек тили ўзига хос ҳусн ва лакуналарга эга. 

Ўзбек тилининг ўзига хослиги ҳақида сўз борганда, кўп муаллифлар тилнинг луғатидаги дурларни кўрсатиб ўтадилар. Масалан, “завол” сўзи бошқа тилларда йўқ. Мабодо “завол” ҳақида айтилмаса, ўзбек тилининг беназир мақоллари тўғрисида гапирилади.

Шахсан мени эса луғавий сўзлар эмас, балки ўзбек тилининг синтаксиси ёки сўзлар тартиби кўпроқ қизиқтиради. Она тили инглиз тили бўлган мендек одам учун ўзбек тилининг сўзлар тартибини ўрганиб олиш жуда қийин бўлган ва бу сўзлар тартиби мени нафақат гапларни бошқача ўйлаб тузишга, балки мен кузатган дунё ва гаплашган одамларга бошқача нуқтаи назардан қарашга мажбур қилади. Ўзбекчада гапирсам, шундай айтишим мумкин, ўзимни бошқа одамдек ҳис қиламан. Бу тилда ўзига хос гўзаллик бор.

Ўзбек тилининг синтаксисдаги ҳусни мен учун субъектив ҳиссиёт ҳамдир. Тилдаги сўзлар тартиби қулоққа ёқадиган симметрик куй тузади. Бирон гап “мен”дан бошланса “ман” билан тугайди, “сен”дан эса “сан” билан тугайди ва ҳоказо. Бу табиий симметриядан ўзбекчада ҳар бир гапда тўлалик ё тугаллаш ҳисси бор.

Ҳазрат Навоий бу хушоҳангликни шубҳасиз сезган бўлса керак, чунки ушбу ўзига хос овоз унинг турк тилидаги ғазаллари ва рубоийларида бетакророна ифодаланади. Навоийнинг ворислари, шу жумладан, мен шуғулланадиган ва асарларини инглиз тилига таржима қилаётган ХХ аср ўзбек адиблари, ўз аждоди меросидан тўла фойдаланишган.

Тез орада Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи мен инглиз тилига ўгирган таржимамда “Академик Стадис Пресс” томонидан чоп этилади. Чўлпонни таржима қилишга бел боғладим, чунки романнинг биринчи сўзларини ўқишим билан унинг ўзбек тилига хос усули мени ўзига афсун қилиб қўйди. Худди буюк бобоси Навоийдек Чўлпон ўзбек тилининг ўзига хос ифода қилиш имкониятларини тўла тарзда кашф этади. “Кеча ва кундуз” романининг ўзбекча лакуналаридан фойдаланиб, кўзга ташланадиган истиораларидан бири мана бу: “Ой ҳали чиқмаган; фақат кечанинг қоронғисига ўчакишган саноқсиз юлдузлар тепада туриб машъалларини ёндирганлар, худди пешона олдида кўринган энг ёруғ бир юлдуз, пиёз тўғраб ётган келинчакнинг кўзларидай, пирпираб ёнарди”. Албатта, бошқа халқларда ҳам пиёз тўғраш кўз ёшларига сабаб бўлиши маълум, аммо бу истиора ўзбек оилаларидаги муносабатларни очиб беради ва шу заҳотиёқ Марказий Осиёдаги маданий ҳаётнинг ўзига хос жиҳатини ифодалайди.

Глобаллашув жараёнига қарамай, ўзбек тили жаҳон тамаддуни тарихига ўзининг ҳиссасини қўшган тил бўлган ва бўлади. Ўзбек тилининг бадиий сўз усталари – Навоий ва Чўлпондек алломалар жаҳон бўйлаб донг таратишга лойиқ. Мен таржимон бўлиб, уларнинг номларини дунёга танитишда иштирок этишдан хурсандман. Ишонаманки, ҳозирги замон Ўзбекистон ёшлари ўз боболари меросидан фахрланади ва уни дунёга тарқатишдан ифтихор қилади. 

Кристофер Форт, Мичиган университети докторанти (АҚШ).

* * *

Кристофер Форт – 1988 йили АҚШнинг Миннесота штатида туғилган.

2010 йилда сиёсатшунослик ва рус тили бўйича бакалавр даражаси билан Мичиган давлат университетини тамомлаган. Оҳайо давлат университетида магистр даражасини олган.

Кристофер докторлик ишида ХХ аср рус ва ўзбек адабиётларини қиёслаб, таҳлил қилмоқда. Унинг Толстой ва ўзбек адабиёти ҳақида мақолалари нашр қилинган.

Ҳозирда у Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз“ романини инглиз тилига таржима қилиб, чоп эттириш ҳаракатида.

Кристофер Форт бир неча йил Ўзбекистонда яшаб, ўзбек тилини ўрганган. 2018 йилнинг августида Тошкентда ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари“ мавзуидаги халқаро конференцияда ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлаган эди.

ЎзА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019