Америкалик машҳур рассом Трамп ва Путинни Москвада очиладиган санъат асарини бориб кўришга таклиф қилди

14:21 05 Июнь 2018 Дунё
678 0
Фото: ТАСС

Америкалик машҳур рассом Дэвид Датуна КХДР ва Жанубий Корея чегараси, Нью-Йорк ва Москва шаҳарларига тинчликпарварлик композицияларини ўрнатмоқчи. Айни пайтда шу бўйича икки давлат вакиллари билан музокаралар олиб бориляпти. Бу ҳақида ижодкор ТАСС ахборот манбасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Бундан олдин Датуна футбол бўйича Россияда ташкил этиладиган жаҳон чемпионати учун ҳам санъат асари яратаётгани ва Москвада пайдо бўлиши ҳақида хабарлар тарқатилганди.

“Менинг ғоям шундан иборатки, ҳам КХДР, ҳам Жанубий Корея чегаралари учун, яъни бир вақтнинг ўзида икки томон учун инсталляция яратишдир. Ҳамма маъно шунда. Ўз ижод маҳсулимни давлат раҳбарлари Ким Чен Ин ва Мун Чжэ Ин учрашган жойга ўрнатишни режалаштирганман”, деди Датуна.

У КХДР ва Жанубий Корея бу фикрни қўллаб-қувватлаганини билдирган.

“Биз ушбу мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз билан алоқадамиз, улар менинг ғоямни қўллаб-қувватламоқда. АҚШда ҳам худди шундай тасвир пайдо бўлади. Ўйлашимча, уни ёз давомида Нью-Йоркда очамиз. Ва мен президент Трамп ва президент Путинни Москвадаги инсталляциям очилишига чин дилдан таклиф этишни хоҳлардим”, деди у.

Маълумот учун, рассом 2013 йилда ўзининг илк санъат объектини яратди. Уни Google Glass қурилмаси орқали кўриш мумкин. Унинг номи “Америка портрети” бўлиб, 2014 йилда Вашингтон Миллий портретлар галереясида намойиш этилганди.

У бугун санъат янада кўпроқ мультимедиа технологиялари билан боғланиб кетганини таъкидлайди.

“Мультимедиа соҳаси, фойдали технологик қурилмалар, сунъий интеллект – биз хоҳлаймизми, йўқми, келажак шулар билан. Келажакда санъатни замонавий технологияларни жорий этмасдан тасаввур қилиб бўлмайди” , деди у.

“Ҳозир NASA билан ўзига хос лойиҳа устида ишлаяпман. Бу исталган одам космосга ўз ижодий ғоялари – расмлари, фильмлари, хоҳлаган нарсасини жўнатиш имконини берадиган санъат сунъий йўлдошидир. У ҳозир тайёр, фақат уни самога учириш учун навбатда турибмиз”, дея таъкидлади рассом.

Маълумот учун, Дэвид Датуна 1974 йил 10 февралда Тбилисида туғилган. 1998 йилда Грузиядан АҚШга кўчиб кетган. Унинг асосий ижод мавзуси мамлакатлар миллий байроқлари ҳисобланади. Охирги бир неча йил давомида у ўзининг фалсафий-тарихий концепциясига таянган ҳолда дунёдаги деярли 80 та давлатнинг 500 хил кўринишдаги байроқлари инсталляцияларини яратган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019