Америка эртак ва афсоналари ўзбек тилида чоп этилди

16:06 04 Декабрь 2019 Маданият
369 0

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ўзбекистонлик ҳамкорлари билан “Америка эртак ва афсоналари” китобини ўзбек тилида чоп эттирди. Рангли расмлар билан безатилган ушбу китобга ҳайвонлар, қушлар ва кўплаб бошқа қизиқарли персонажлар ҳақидаги 60 дан ортиқ кичик ҳикоялар киритилган бўлиб, улар www.americanfolklore.net сайтидан олинган. Китоб Тошкентдаги “Baktria Press” нашриётида босилди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар берди.

"Ўзбекистонда китоб ўқиш маданияти, хусусан ёшлар орасида, оммалаштириш бўйича қатор саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Кўп кишилар Эрнест Хемингуэй, Теодор Драйзер, Марк Твен каби америкалик классиклар ва уларнинг асарлари билан таниш бўлса-да, ёш китобхонлар Америка адабиётидан унчалик хабардор эмас. Ушбу китобни бевосита инглиз тилидан таржима қилган ҳолда чоп эттириш орқали АҚШ элчихонаси ёш ўқувчилар учун мўлжалланган китоблар нашрини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишдан мамнундир", дейилади хабарда.

“Америка эртак ва афсоналари” Ўзбекистондаги кутубхоналар ва мактабларга тарқатилади. Уни Тошкентдаги Америка маркази ва Миллий кутубхонада жойлашган “АҚШга дарича” хонасидан ҳам топиш мумкин. Элчи Даниэл Розенблюм ва америкалик инглиз тили ўқитувчилари бу китобни талаба ва ўқувчилар даврасида ўқиб, китоб, адабиёт ва мутолаанинг аҳамияти хусусида суҳбатлашади.

Ушбу китоб АҚШ элчихонаси аввалроқ ўзбек тилида нашр эттирган “Америка ҳикоялари”, "Ўзбекистоннинг икки ривояти” ва “Раққоса Айиқхоним” китоблари қаторига қўшилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019