“Амалдорлар уларнинг “Муаллим” деган шарафли номини ҳам ерга уриб, “Малим” деб йиғилиш-давраларнинг охирига, тракторчидан ҳам орқароққа ўтқаздилар”

17:04 12 Сентябр 2019 Жамият
368 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бундан икки йил аввал — 2017 йил 3 августда Президентимиз мамлакат ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган машваратда тарихий бир суҳбат қурган эдилар. Давлатимиз раҳбари маънавият, маърифат, маданият соҳаларининг жамият ҳаётидаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, бу соҳани Мудофаа вазирлиги фаолиятига қиёслаб ўтдилар.

Шу пайтгача ҳеч ким маънавий жабҳаларга бу қадар таъриф бериб, аҳамиятини бу қадар юксалтирмаган эди. Ижодкорларимиз учун ушбу қиёс ўзига хос дастурдек бўлиб, қаерда учрашув ва чиқишлар бўлса, ўша таъриф тилга олинади. Бу билан мудофаа соҳаси Ватан ҳимояси ва унинг сарҳадлари мустаҳкамлиги, мамлакат хавфсизлигини таъминласа, маънавият, маърифат, маданият фуқаролар руҳий дунёсининг дахлсизлиги, миллий маданий қадриятлар софлиги, инсонлар қалби ва онгининг ёт ғоя ва қарашлардан хавфсизлигини сақлаши таъкидланади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ва мурожаати ўша пайтдаги қарашларнинг изчил давоми, маънавий-маърифий соҳалардаги янги ислоҳотларнинг тизимли равишда, мунтазам давом этаётганининг том маънодаги исботи бўлди.

Эндиликда глобал дунёда юз бераётган ва бошқа барча ўзгаришларни назарда тутиб, таъбир жоиз бўлса, замона, давр томирларини ушлаб туриб, ташхис қўйиляпти, истиқбол йўлларининг аниқ тархи чизиляпти. Кун тартибига миллат, халқ, мамлакат тақдири билан боғлиқ муҳимдан-муҳим саналган ўрта мактаб ва унда ўқитувчи-муаллимнинг ўрни масаласи қўйилмоқда.

Мактаб масаласи ҳам шарафли, ҳам ёқимли, ҳам оғриқли масала, десак, янглишмаймиз. Шарафлилиги шуки — унда миллат тақдири, келажаги акс этади. Шу маънода, унинг ҳарбий соҳаларга қиёслангани халқимиз маънавий дунёсининг хавфсизлиги, бутунлиги ва ривожини кафолатлайдиган ҳаёт-мамот масаласи эканлигидан келиб чиқади. Унда иштирок этиш, мактабларимиз ривожи учун хизмат қилиш барчамиз учун шарафли бурч.

Ёқимлилиги шундаки, барчамизнинг мактаб билан боғлиқ ёруғ хотираларимиз, ҳаяжонли дамларимиз бор. Биринчи қўнғироқ, биринчи муаллим, синфдошлар, йиллар давомида олинадиган бир олам билимлар, ҳайратлар ва дўстлик, дилдошлик, илк муҳаббат, келажак орзулар нашидаси — барчаси мактаб давримиз билан боғлиқ. Ва биз бу давр хотираларини умримизнинг охиригача қалбимиз мулки сифатида сақлаймиз.

Булар мактаб шарафининг ёқимли туйғулари эса-да, ҳозирги кунда булар ёнида ниҳоятда ташвишли ўйлар, дард, оғриқ бор экани ҳеч кимга сир эмас. Мурожаат-маърузада Президентимиз буни бор кўлами ва сиру синоати билан теран намоён этдилар. Ўйлаймизки, Юртбошимиз сўзларини тинглаган барчамизнинг қалбимиз, онгу тафаккуримиз жумбушга келиб, алам-андуҳларимиз юзимизга ҳарорат берди. Назаримда, ҳаммамиз ўзимизни гуноҳкор ҳис қилиб, ўзимизга нега бунақа бўлди, қачон шу ҳолга келиб қолдик, нега ота-онангдек азизу табаррук ўқитувчимиз бу аҳволга тушди, деб савол бердик.

Биз ўтган аср 60, 70, 80-йиллари мактаб кўрган авлод кўз ўнгимизда ўқитувчи-муаллимнинг улуғлигидан то унинг чорасиз, забун аҳволга тушиб боришининг гувоҳи бўлдик. 1981 йили, яъни Шўро даврида қалби қайноқ ва уйғоқ беназир адибимиз Ўткир Ҳошимов мактаб ва мактаб ўқитувчисининг аҳволи ҳақида “Қалбнинг оппоқ дафтари” номли публицистик мақола ёзиб, республика матбуотида бонг урган эди. (Қарангки, мавзуга қайтмоқ учун орада қарийб 40 йил ўтиши керак бўлибди). Ўшанда не-не эҳтирослар қайнаган эди. Бироқ шўро корчалонлари на болаларимиз келажаги, на ўқитувчи обрўсини ўйламай, ўқитувчи ва ўқувчиларни ўқиш даврининг асосий қисмини дала меҳнатида ўтказадиган, чорасиз, иложсиз заҳматкашга айлантириб юбордилар. Бутифос ҳидини ҳидлаб, не-не касаллик азобларига дучор бўлиб, бутун бир авлодлар вояга етди. Бечора ўқитувчининг аламу изтироби ичида қолиб, не-не хўрлик, камситиш, ҳақоратларга чидашга мажбур бўлди. Кеча бир замон ўқувчи ва ота-оналарнинг ардоғида, бутун маҳалла ва қишлоқнинг бош зиёлиси, маслаҳатгўйи, ифтихори бўлган одам аста-секин чўкиб, кичкина тортиб борди. Амалдорлар уларнинг “Муаллим” деган шарафли номини ҳам ерга уриб, “Малим” деб йиғилиш-давраларнинг охирига, тракторчидан ҳам орқароққа ўтқаздилар, чунки тракторчи кимнингдир ери, томорқасини ҳайдаб берарди. Фойдали, керакли одам. “Малим”чи?! Унга жадид бобомиз Беҳбудийнинг “Падаркуш” пьесасидаги бойнинг сўзлари билан айтганда, “ўзининг емакка нони, киймакка кийимининг тайини йўғу, ўзгага ақл ўргатар”, қабилида қаралди. Оқибатда ўқитувчининг обрўси тушгандан-тушиб, қадр-қиммати топталди. Бу ҳолат яқин-яқингача давом этди. Ҳатто мустақиллик йилларида ҳам бу ниҳоятда аламли дарднинг чорасини қидирмадик. 

Аммо шу билан масала-муаммо ҳал бўлдимикин?! Дарднинг давоси топилдимикин?!

Йўқ, албатта! Йиллар давомида жароҳатланган ўқитувчилик психологияси бугун бирдан ўзгариб қолиши қийин, албатта. Уни моддий, ташкилий қўллаб-қувватлаш масаланинг жуда муҳим бир томони, аммо ҳаммаси эмас. Бугун мактаб ва муаллимлик жамиятнинг энг шарафли соҳаси, касби эканлигини англатиш, ўқитувчининг ҳурматини жойига қўйиш учун жуда кўп иш қилиш ва ҳаммамиз бу ишга масъул бўлиб, ўзимизни сафарбар этишимиз зарур. Биринчи навбатда, адабиёт ва санъат, театр спектакллари, куй-қўшиқ, телевидение ва албатта, кино санъатининг энг етакчи мавзуларидан бири мактаб ва устоз масаласи бўлиши керак.

Ўз вақтида рус кинорежиссёри Станислав Ростоцкийнинг буюк актёр Вячеслав Тихонов бош ролни ижро этган “Душанбагача омон бўлсак” фильми не-не баҳс-мунозара ва эҳтиросларга сабаб бўлганди. Тарих ўқитувчиси Мельников қанча авлодларнинг идеали, ибратига айланган эди. Ёки ўтган асрнинг 70-йилларида бутун республика бўйлаб жаранглаган Санобар Раҳмонованинг Пўлат Мўмин шеъри билан айтган “Устозлар” қўшиғи қанчадан-қанча одамлар қалбида устозларга меҳр уйғотди.

Бундай мисоллар кўп. Мен шу ўринда ўқитувчиларимизнинг энг ташаббускор, тиниб-тинчимайдиган, жамият маънавияти учун ўзини тўла жавобгар ҳис этадиган инсонлар бўлганини яна ёдга олмоқчиман. Бунинг биринчи ёрқин мисоли — нажотни мактаб ва маорифда, тараққийпарварликни муаллимда кўрган жадид боболаримиз ҳаёти ва фаолияти бўлса, иккинчиси, айнан шулар тарбиясини кўрган, уларга ҳавас қилиб, ўқитувчи бўлган инсонлар. Аслида, қишлоғу шаҳар, эл-юрт маънавий камолотини ўйлайдиган биринчи одам ўқитувчи эди.

Марҳум устозимиз, профессор Бегали Қосимовнинг бир мақоласидан иқтибос: “Тўрақўрғондаги 3-сон ўрта мактабининг Ёқуб Ғаффоров сингари фидойи ўқитувчилари эсга тушади. 1961 йилда у кишининг ғайрат ва ташаббуси билан ўлкашунослик тўгараги тузилиб, машҳур маърифатпарвар Исҳоқхон тўра Ибрат қадамжолари бўйлаб 40 дан ортиқ саёҳат ва экскурсиялар уюштирилган. Тўгарак Ибратнинг 80 дан ортиқ замондоши билан суҳбатлар қуриб, унинг бир қатор асарларини ва шахсий буюмларини топишга муваффақ бўлган. 1964 йилда мазкур мактабга ва шаҳар кўчаларининг бирига Ибрат номи берилди. Мактабда Ибрат музейи ташкил этилиб, 2500 дан ортиқ экспонат жамланди”. Мана, ўқитувчининг ташаббускорлиги! Бугун ўқитувчиларимиз қалбига шу кайфият ва ҳаракатни жойлаш, тиклаш учун кўп иш қилишимиз керак. Президентимизнинг мурожаатлари тарихий аҳамият касб этиб, мамлакатимизнинг барча фуқароларини ва энг аввало, жамики зиёлиларимизни ҳаракатга солмоғи лозим. Маърифатпарвар боболаримиз айтмоқчи “мактаб учун ишламоққа, саъй кўрсатмоққа айни замон етди”.

Шуҳрат РИЗАЕВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019