Алмашлаб экиш тизимига қачон ўтилади?

14:59 06 Декабрь 2018 Жамият
785 0

Архив фото

Қишлоқ хўжалиги равнақини унинг тармоқлари истиқболисиз тасаввур этиб бўлмайди. Масалан, ем-хашак базасисиз чорвачиликни ривожлантириш имконсиз. Худди шундай чорвачиликсиз деҳқончилик тараққий топмайди. Чунки ушбу тармоқдан олинадиган органик ўғит тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ кейинги пайтда аксарият жойларда на органик ўғитдан фойдаланиш, на алмашлаб экиш қоидасига риоя қилиняпти. Бу эса тупроқ унумдорлиги, экинлар ҳосилдорлиги пасайишига олиб келмоқда.

Дарҳақиқат, юртимизда ҳали-ҳамон алмашлаб экиш тизими ишлаб чиқилмагани, экинлар кетма-кетлиги ҳисобга олинмагани ташвишланарлидир. Айниқса, чорва учун муҳим озуқа ҳисобланган беда экинидан воз кечилгани бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Ваҳоланки, беда чорва учун ўта тўйимли ва витаминга бой ем-хашак бўлиши баробарида, тупроқ унумдорлигини тиклаш ҳамда сақлашда тенги йўқ. Шунингдек, беда экилган ерга уч йил давомида техникалар билан ишлов берилмайди. Бу ҳам тупроқ тарбига ижобий таъсир қилади. Қолаверса, мазкур экин атмосфера ҳавосидаги азотни ўзлаштириб ўзини-ўзи азот билан таъминлайди. Демак, парваришда азотли ўғитлар қўлланилмайди. Бунда нафақат азот, балки органик ўғитлар ҳам тежалади. Мазкур ҳолат Ўзбекистон деҳқончилигининг азотли ва органик ўғитларга бўлган талабини 30 фоизгача камайтириши мумкин.

Тупроқни яхшиловчи моддалардан яна бири гумусдир. Шунинг учун барча агротехника тадбирлари гумус миқдори ва сифати нуқтаи назаридан баҳоланса, мақсадга мувофиқдир. Республикамиз деҳқончилигида тупроқда гумус миқдори ва сифати пасайиб кетишига ҳам алмашлаб экиш тизими бузилганлиги, беданинг экиндан олиб ташланганлиги, парваришда органик ўғитлардан деярли фойдаланилмаслиги сабаб бўган. Ахир азотли ўғитлар қанчалик кўп қўлланилса,гумуснинг парчаланиши шунчалик тезлашади. Шу билан бирга, меъёридан ортиқ азотли ўғитлар тупроқдаги ялпи азот миқдори камайишига ҳам олиб келади. Чунки тупроқда азотнинг 98-99 фоизи органик модда ҳолида, яъни гумус таркибида бўлади.

Деҳқончилигимизда азотли ўғитлардан кенг фойдаланиш нафақат гумус, балки ялпи азот миқдори пасайишига олиб келди. Натижада ерларимиз ўғитламасдан ҳосил бермайдиган ҳолга тушиб қолди ва бу жараён ҳали давом этмоқда. Демак, экинларнинг азотга бўлган талабини органик ўғитлар ва дуккакли экинлар, жумладан, беда тўплайдиган биологик азот ҳисобига қондириш керак.

Гап юқори ҳосилдорликка эришиш хусусида кетар экан, ерларнинг мелиоратив ҳолатига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Зотан, соз бўлмаган тупроқда агротехника тадбирлари ҳам, ўғитларни қўллаш ҳам фойдасиз. Шу маънода, аввало, республикамиз шароитида сувда эрувчан тузлар ва таркибида натрий катиони улуши юқорилиги ҳисобига шўрланган ерларни бир-биридан ажратиб олиш керак. Чунки бундай тупроқларда ўтказиладиган мелиоратив тадбирларнинг фарқи мавжуд. Масалан, сувда эрувчан тузлар туфайли шўрланган майдонларда, биринчи навбатда, шўр ювиш тадбири ўтказилиши лозим. Бунда туз миқдори ва тупроқнинг механик таркиби каби омиллар ҳисобга олинса, янада яхши. Таркибида натрий катиони кўп бўлган тупроқларда эса бу тадбир натижа бермайди. Бунда ювишдан олдин, албатта,гипслаш ишларини олиб бориш зарур.

Натрий катиони ернинг ишқорийлиги ва гумус моддаларнинг эрувчанлигини оширади ҳамда “қора” шўр деган манзарани келтириб чиқаради. Бунда гумус моддалари тез ювилиб, парчаланиб кетади. Тупроқ таркиби бузилади. Оддий қилиб айтганда, ер қатқалоқ бўлиб қолади. Гипслашда ўғит ишлаб чиқувчи завод ёки комбинатларда чиқинди сифатида ташланаётган фосфогипсдан фойдаланиш мумкин.

Мелиоратив ҳолати бузилган тупроқларда экин турини тўғри танлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бундай ерларда натрийга талабчан ва шўрга чидамли амарант, лавлаги, кунгабоқар, исмалоқ ва шунга ўхшаш экинларни экиш мақсадга мувофиқ.

Қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлашда тупроқ механик таркибига эътибор бермаслик ҳам ривожланишга тўсқинлик қилмоқда. Ваҳоланки, суғоришда, ўғитлашда, тупроққа ишлов беришда, экинларни жойлаштиришда механик таркибнинг аҳамияти юқори. Енгил механик таркибли (қум, қумлоқ, енгил қумоқ) тупроқларда сув ва ўғиттез-тез, кам-камдан қўлланилгани маъқул. Уларда кўп сув билан суғориш нафақат бефойда, балки зиён ҳам. Аксинча, томчилатиб суғориш эса яхши самара беради.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда тупроқ ўғитлаш, суғориш ва унга ишлов бериш, умуман, барча агротехника тадбирлари катта масъулият талаб этади.Биз келтирган тавсиялар эса бу борадаги ишларни янада яхшилашга хизмат қилишига ишонамиз.

Тўлқин ОРТИҚОВ
Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг кафедраси доценти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019