Алкоголь коронавирусни даволамайди!

02:12 23 Апрель 2020 Жамият
908 0

Иллюстратив фото

Коронавирус ҳақида маълумотлар ёйилгач, “Уни спиртли ичимликлар билан даволаш ва профилактика қилиш мумкин”, деган миш-миш ҳам тарқалди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

Аввало, бир сўз билан айтишимиз мумкинки: Тиббиёт ривожланган замонда яшаяпмиз. Касалликни эрта ташхислаш ва мавжуд имкониятлар, самарали дори-дармонлар билан дардга шифо топишдан мосуво эмасмиз. Шундай шароитда нажотни зарарли йўллардан қидиришга не ҳожат?! Ким тавсия қилишидан қатъий назар, бундай “муолажа”га кўнманг. Бинобарин, бу билан дардингизни зўрайтирганингиз етмаганидек соғлом органларингизни дардманд қилиб қўйишингиз ҳеч гап эмас.

Вирусни ароқ билан енгаман, деганлар янглишади

Томоқ оғриғи ва йўталда “ички компрес”ни қўллашни ёқловчилар кўплаб топилади. Лекин бу шамоллашни бартараф этувчи ечим эмас. “Дори ҳам маълум миқдорда зарарли”, дегувчилар табиий йўллардан фойдаланишлари, чиниқиш, спорт, бақувват овқатланиш ва организмни мустаҳкамлаш орқали курашишларига имкон бор. Кўпчилик антибиотиклардан нафратланиб, “ички компрес”лар орқали даволанишни афзал билади. Лекин спиртли ичимликдан кўра антибиотикнинг зарарли таъсири организмдан эртароқ чиқиб кетар экан. Ароқ ошқозон, айниқса ошқозон шиллиқ қавати ҳамда ўн икки бармоқ ичак учун душмандир. Бу қабул қилинаётган дориларнинг ўзлаштирилишига халақит берибгина қолмай организмни кучсизлантириб, иммунитет фаолиятига дахл кўрсатади. Ҳар қандай дорини спиртли ичимлик билан бир вақтда қабул қилиш хавфли, шамоллаганда кўп қўлланиладиган тана ҳароратини туширувчи препаратлар билан аралаштирилганда эса инсонга икки ҳисса кўпроқ зиён келтиради. Кишида температура юқорилаб келаётган бўлса, спиртли ичимлик дарҳол ошириб юборади ва бемор хавф остида қолади. Чунки катта кўрсаткичдаги тана ҳароратида органлар, айниқса юрак ва жигар азият чекади. Томоқ оғриғи маҳали ароқ ёки коньяк билан чайиш, ғарғара қилиш маҳаллий шиш ва яллиғланишни йўқотмайди, аксинча кучайтиради.

Коньяк эски дардларни қўзғайди

Спиртли ичимликлар ичида коньяк қарамликка олиб келиш бўйича етакчилик қилади. Яъни, дарддан тузалгунча вақтни мўлжаллаб, татиб кўрган кишида алкоголга мойиллик пайдо бўлиб, тузалгандан кейин ҳам ундан ўзини тиёлмай қолади. Айниқса, гастрит, қандли диабет, гипертония ва гипотония, ўт қопида тоши бор беморлар коньякнинг зарарли таъсирига сезгир бўладилар, улар учун бир қултум коньякнинг ўзи тоби қочиши учун кифоя. Ҳар қандай сурункали касаллик коньякка яқин йўламаслик учун асос бўлади. Коньяк калориялилиги жиҳатидан майонез билан тенг ўринда туради ва иштаҳани ҳаддан ташқари очиб юборади. Бу эса меҳмондорчиликларда овқатланиш қоидаларини бузиш, тўплаган энергияни сарфлолмаслик муаммосини келтириб чиқаради.

Қон кўпайтириши кутилган вино астмани “совға” қилади

Винони кўпчилик “Алкоголь эмас, узум-ку. Қонни кўпайтиради” деб оқлайди. Лекин у юрак ишемик касалликлари ва жигар циррозини келтириб чиқаришини хаёлларига келтирмайдилар. Винода ошқозон ширасини рағбатлантириш ва бу билан иштаҳани очиши туфайли ортиқча вазн, ошқозонда кислота кўпайишига замин ҳозирланади. Панкреатит, гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси, буйрак ва жигарида дарди борларга вино мутлақо мумкин эмас. Анемиядан халос бўлиш мақсадида вино ичган киши аллергия, мигрен, ҳаттоки астмани орттириб олиши ҳеч гап эмас. Ахир қон кўпайтирувчи табиий маҳсулотлар, темирдан таркиб топган препаратлар сон-саноқсиз-ку, нега оддий анемиядан қутиламан деб хавфли астмага дучор бўлиш керак? Яна бир салбий маълумотга кўра, айнан вино саратон катакчаларини қўзғатишга сабабчи бўлар экан. “Вино – узум”, деганлар, марҳамат, серқуёш ўлкамизда хозир-у нозир узумлардан истеъмол қилсинлар, ана шунда фойда кўрадилар.

Пешоб ҳайдовчи пиво калийни емиради

Худди вино каби пивонинг ҳам оқловчи тарафкашлари кўп. “Пиво алкоголь ҳисобланмайди, у ачитқи буғдой”, деб баъзилар бошқа спиртли ичимликларга яқин йўламаган ҳолида пивони тарк этмайди. Айниқса жазирама ёзда уни чанқовбосди ичимлик сифатида харид қиладиганлар кўпаяди. Лекин буларнинг бари хато хулосалардир, ҳар қандай пиво алкоголь ичимликлар сирасига киради. Пиво юрак-қон томир, ошқозон-ичак тракти, моддалар алмашинуви, асаб тизимига салбий дахл қилади. Бу ичимликнинг пешоб ҳайдаш хусусияти ҳеч кимга сир эмас. Буни билиб олиб, буйрак касалликлари (пиелонефрит, нефроз)да ўзбошимчалик билан қўллаб кўрадилар, оқибатда буйрак зўриқиб, қовуқ кучли босимдан қийналиб қолади. Кўп миқдорда пешоб ажратиш организмдан калийнинг чиқиб кетишига сабаб бўлиб, киши ҳолсизланади, кўз олди қоронғулашади, томоғи қуриб, қулоғи шанғиллайди. Бу юрак безовталигидан даракдир. Яна айримлар пивони бироз тўлишиш, ортиқча озғинликдан чекиниш мақсадида ичадилар. Тўғри, пиво иштаҳани очади, лекин вазннинг ёшга номуносиблиги сабаб бўлган муаммони ечиб беролмайди. Тўлишишни истаган одам ўта ориқлик сабабини шифокор билан излаши, парҳезшунос ёрдамида вазн кўпайишига хизмат қилувчи фойдали маҳсулотлардан тановвул қилиши лозим.

Маълумотларга кўра, 30 грамм спирт (бу икки стакан ароқ ёки ярим бакал пиво ҳисобига тўғри келади) жигар циррози куртак очиши учун кифоя. Аёллар учун эса ушбу ўлчов уч баробар кам бўлган тақдирда ҳам шундай оқибатга олиб келади. Ичувчиларда инфарктга чалиниш хавфи 45 фоизга кўтарилса, бу билан боғлиқ ўлим эҳтимоли 37 фоизни ташкил этади. Ўз жонига қасд қилганларнинг аксарият қисми сархушликда бу машъум ишга қўл урганлари аниқлаган. Энг ёмони, бу иллат соғлом насл қолдириш қобилиятига сезиларли даражада путур етказади. Ушбу мавзуга оид тугал хулосамиз – алкоголь маҳсулотлари ҳеч қачон дори вазифасини бажаролмайди, у орқали дардга даво топиш афсонадан ўзга нарса эмас. Асоссиз фикрларга ишониб, “оз-оздан ичиб туриш” кўпдан кўп муаммоларга эшик очади.

Мурат УТЕНИЯЗОВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати

Давлат инспекцияси,

Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси бошлиғи

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?