Алишер Саъдуллаев: Ёшлар учинчи ренессанс драйверлари бўла оладими?

23:05 01 Сентябр 2020 Жамият
363 0

РEНEССАНС. Бу сўзни илгари ҳам эшитганман, ўқиганман. Уни фанда илк бор итальян гуманистлари қўллаганини ҳам биламан. Лекин кеча бу сўзни Ўзбекистон Президенти лафзидан эшитиб, унинг шукуҳини, қувватини ўзгача ҳайрат, ўзгача масъулият билан идрокладим. Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган стратегик саъй-ҳаракатлар кун келиб Учинчи Ренессансга пойдевор бўлишини жўшқин маърузадан шууримга оқиб кираётган мотивациянинг катта тўлқинида англадим. Ахир, мудроқ жамиятни, одамларни уйғотишнинг ўзи УЙҒОНИШнинг – РEНEССАНСнинг дебочаси эмасми! Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмаслиги, бугунги ёшлар – кечаги ёшлар эмаслигини исботлашга ҳожат қолмаганининг ўзиёқ залворли натижа эмасми!

Эътибор қилинг: Президент биз ҳақимизда – ёшлар ҳақида алоҳида эътибор ва қатъий ишонч билан гапирди. Таълим, деди, математика, кимё, биология – фундаментал фанларни зўр ўқитайлик, деди, инновацияларга йўл очайлик, деди. Ёшларнинг маърифати, маънавияти бош масаламиз, стратегик вазифамиз, устувор йўналишимиз, деди. Деганларининг амалдаги исботини кўринг: сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилди. Бу йил эса олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин йигит-қизлар ҳужжат топширди. Бу дегани ёшларимизнинг таълим олишга мотивацияси нақ 40 фоизга ошди, дегани! Шу ўқув йилидан яна бир янги тизим жорий этилди: кам таъминланган оилаларда улғаяётган қизларимизнинг билим олиш имкониятини кенгайтириш мақсадида ОТМда улар учун давлат гранти асосида 940 та қўшимча ўрин ажратилди. Мана сизга истеъдодларнинг интилишларини рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун яратилган имкониятлар!

Ўқитувчилар ойлигини $1000 миқдоригача ошириш, уларнинг ижтимоий мавқеини юксалтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди Президентимиз. Ҳақиқатан ҳам, узоқни кўзлаган ҳар қандай режанинг асосини сифатли таълим ташкил этади. Кўҳна Хитой мутафаккири Конфуций: «Агар режангиз бир йиллик бўлса, шоли экинг, ўн йиллик бўлса, дарахт экинг, юз йиллик бўлса – болаларингизга таълим беринг», дея бежиз таъкидламаган. Келажакда кутилган «ҳосил»ни йиғиш учун Ўзбекистонимизда ҳозирдан кенг имкониятлар яратиляпти, ёшларни илму маърифатга рағбатлантириш, илм эгаларини қадрлашга қаратилган тизим шакллантириляпти.

Ўз навбатида, ёшлар ҳам шахсий ривожланиши учун мотивация манбаларини ўзи топа билиши керак – у хоҳ китоб, хоҳ киноасар, хоҳ спорт ёки саёҳат бўлсин. Имконият яратилса ўқийман, дейдиган эмас, ҳар қандай вазиятда ҳам билим олиш ва ривожланишга ҳаракат қиламан дейдиган йигит-қизларимиз сафи кенгайиши учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Биз яшаб турган шу муқаддас заминда Уйғониш – Ренессанс бошланган пайтлар Европа ҳали ғафлат уйқусида бўлганини кўпчилик ёшлар билмаса керак. Бу тарихий ҳақиқатни Европанинг етук олимлари тан олганини ҳам билмайдиганлар бордир балки. Ҳар қалай, атоқли немис шарқшуноси Адам Меснинг «Мусулмон Ренессанси», академик Николай Конраднинг «Шарқ Ренессанси» концепцияси осмондан тушган эмас. Агар «Die Renaissance des Islams» китобини ушбу мавзудаги бош манба деб ҳисоблайдиган бўлсак, Адам Месдек буюк олим фундаментал тадқиқотини яратишда улуғ ватандошимиз Берунийнинг илмий меросига таянганидан фахрланмай бўладими!

Машҳур Маъмун академиясида камолга етган Ибн Сино, Мусо ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний каби юзлаб алломалар Шарқ уйғониш даврининг биринчи босқичига, Темурийлар даври тамаддунининг ёрқин вакиллари — Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби олимлар иккинчи юксалиш босқичига ҳисса қўшгани қиёс қилинса, Учинчи Ренессанс вакиллари бугунги ислоҳотларнинг меваларидан баҳра олган Янги Ўзбекистон болалари орасидан етишиб чиқса, не ажаб!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Алишер Саъдуллаев,
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?