Алим Эрназаров: “Бизда 8200 кишига 1 адвокат тўғри келади. Бу ҳалокатли даражада кам” 

16:34 23 Сентябр 2019 Жамият
323 0

Ўзбекистон Адвокатлар палатасида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судья ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашган эди. Мазкур мулоқот чоғида Палата раиси Алим Эрназаров меҳмонни мамлакатимиз адвокатурасининг ҳозирги вазият билан таништирар экан, соҳадаги долзарб муаммоларга бирма-бир тўхталди. Аввало, кадрлар танқислигига эътибор қаратилди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 3946 нафар адвокат рўйхатга олинган. Яъни, ўрта ҳисобда 8200 нафар аҳолига битта адвокат тўғри келади.

“Бу ҳалокатли даражада кам, – деди Палата раҳбари. – Энг ачинарлиси, сўнгги 8-10 йилда адвокатлар сонида нормал потенциал ўсиш кузатилмаган”.

Хўш, бошқа мамлакатларнинг аналогик кўрсаткичлари қандай?

А.Эрназаровнинг сўзларига кўра, яқинда Палата томонидан дунёнинг 41 давлатидаги адвокатлар сонининг умумий нуфусга нисбати таҳлил қилинган. Аниқланишича, аҳолининг адвокатлар билан таъминланганлик даражаси бўйича биз нафақат илғор Ғарб давлатлари, ҳатто постсовет макондаги қўшниларимиздан ҳам анча ортда қолганмиз.

Қиёслаймиз: жаҳонда энг юқори кўрсаткич Исроилга тегишли – 136 кишига битта адвокат. Шунингдек, яқин давлатлардан: Туркияда 665/1, Эстонияда 1300/1, Украинада 1200/1, Грузияда 700/1, Қозоғистонда 3932/1. 

“Бу ҳали фақат сон масаласи. Ҳар бир фуқаронинг малакали юридик ёрдам олиш имкониятлари алоҳида муҳокамага арзийди”, – таъкидлади Палата раҳбари.

А.Эрназаровнинг айтишича, мазкур муаммо комплекс ечим талаб қилади, аммо ҳали-ҳануз объектив ва субъектив сабабларга кўра бу борада аниқ тўхтамга келинмаган. Ҳолбуки, агар шошилинч чоралар кўрилмаса, вазият йил сайин оғирлашиб бораверади. Адвокатлар ва аҳоли сони нисбатини бир қадар мақбулроқ миқдорга келтириш эса узоқ вақт талаб этадиган жараёндир.

“Биз ўрганиб чиқдик: Ўзбекистон ОЎЮлари бир йилда тахминан 650 нафар ҳуқуқшунос тайёрлар экан. Агар адвокатура фойдасига мораторий эълон қилиб, ҳамма битирувчилар адвокатликка йўлланган тақдирда ҳам 5 йил давомида атиги 3500 нафар янги адвокат қўшилади”, – деди Палата раиси.

Бу бир иложсиз чора, албатта. Воқелик шундайки, алалоқибат бармоқ билан саноқли битирувчиларгина адвокатурани танлайди. Яқин-яқинларгача юридик ОЎЮларини тугатганларнинг аксари прокуратура ва суд идораларида ишлашга иштиёқманд эди. Ҳозирда уларнинг ҳаваслари бир қадар ўзгарган, бироқ адвокатуранинг бугунги аҳволи ҳануз ёш мутахассисларнинг амбицияларига мос эмас, таассуфки...

Ҳа, Ўзбекистоннинг адвокатлар “армияси” камсонли бўлгани етмаганидек, тобора “қариб бораётир”. Алим Эрназаровнинг маълумотига кўра, 4 минг нафарга етар-етмас адвокатдан 30 ва ундан кичик ёшдагилар салмоғи атиги 70 кишини ташкил қилади!..

“Жамиятимизда адвокатнинг обрўйи ўзи ҳамин қадар. Қолаверса, шу касб эгаси бўлишни орзусида юридик билим олган ёшлар адвокатлик фаолиятини бошлашда маъмурий чекловларга дуч келади. Масалан, қонунчилигимизга кўра, адвокат лицензиясини олиш шартларидан бири – ҳуқуқий соҳада 2 йиллик иш стажига эгалик. Шу каби тўсиқлар адвокат бўлиш истагидаги камёб ёшларнинг оёғига тушов бўлаётир”, – дея афсус билан қайд этди Адвокатлар палатаси раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019