Александр Лукашенко: “Беларусь-Ўзбекистон алоқаларида ўтган 20 йилдан кўра кўпроқ иш қилинди... Бу сизнинг Президентингиз хизматлари. У оқил, талантли инсон”

15:45 13 Июнь 2018 Сиёсат
366 0
Фото: nuz.uz

Беларусь Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон билан алоқалар ривожи юқори суръатлар касб этаётганини таъкидлади.

Давлат раҳбари бу ҳақда бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев билан учрашувда айтиб ўтди, деб хабар берди Беларусь Президенти матбуот хизмати.

“Охирги йил, балки сал кўпроқдир, агар янги даврни олиб қарайдиган бўлсак, мен ўзимнинг дўстим Шавкат Мирзиёевга тез-тез гапирганимдек, Беларусь-Ўзбекистон алоқаларида ўтган 20 йилдан кўра кўпроқ иш қилинди. Бу ерда менинг хизматларим минимум. Бу сизнинг Президентингиз хизматлари. У оқил, талантли инсон, деб айтган бўлардим”.

“Сизларнинг охирги вақтларда халқаро алоқаларда, уларни иқтисодиёт базасига туширган ҳолда амалга оширган ишларингизни, мен ўйлашимча, дунёдаги, боз устига собиқ иттифоқ ҳудудидаги бирорта давлат қила олмади. Шу йилларда Сизга фақат баракалла, дейман. Сизлар дунёга очилдингиз ва очилишнинг ушбу даврида нимани олиш керак бўлса ўшани максимум қўлга киритдингиз”.

Александр Лукашенко Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи иқтисодиётда эканлигини таъкидлади.

“Дипломатия, сиёсат – бу яхши. Ҳар доим гаплашиб олиш мумкин. Сезиш, натижани тутиб қолиш эса – энг муҳимидир. Ва сизлар бунинг уддасидан чиқдингиз. Бу мамлакатингиз раҳбариятининг буюк хизматидир. Ўзбекистоннинг халқаро аренадаги, халқаро муносабатлардаги ушбу шижоати Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларга ҳам хизмат қилади”, дея эътироф этди у.

Белорусь Президенти икки томонлама алоқаларни ижобий баҳолаб, мамлакат раҳбарлари расмий ташриф доирасида учрашишдан олдин ҳамкорлик бўйича муайян пойдевор яратиб олишга келишиб олганини айтди.

“Биз ўзбек ва белорус халқлари дастурхонига ниманидир қўя олишимиз учун”, дея буни рамзий маънода изоҳлаб ўтди у.

Александр Лукашенко муаммолар ҳар бир давлатда етарли эканлиги, Ўзбекистон ҳам мавжуд масалаларни инсон ресурслари, табиий-иқлим шароити, иқтисодиёт ва жамиятни модернизация қилишнинг юксак суръатларини инобатга олган ҳолда яқин беш йил давомида енгиб ўтишини қайд этди.

“Лекин сизлар биз мазкур жараёнларнинг шунчаки тарафдор кузатувчилари, шунчаки мухлислари эмаслигимизни тушунишингиз керак. Биз, албатта, сизларнинг муваффақиятларингиздан қувонамиз. Биз сизлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиётнинг фаол тарафдорлари, агар истасангиз, двигателимиз. Сизлар бизга ишонишингиз мумкин”, - деди Беларусь раҳбари.

Ўз навбатида, Ниғматилла Йўлдошев ҳам Ўзбекистон Беларусь Президентига катта ҳурмат билан қараши ва мамлакатнинг муваффақиятларидан, унинг ўсиб бораётган халқаро нуфузидан қувонишини таъкидлади.

“Биз сиз мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамиша катта аҳамият берганингиз ҳамда бераётганингизни биламиз, юқори баҳолаймиз. Шунингдек, ўзбекистонликлар учун қайғули бўлган кунларда бизнинг Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун Ўзбекистонга борганингиз халқимиз хотирасида мангу қолади”, - деди Сенат раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар