“Акция”лар ортидаги “оғу”лар

17:50 11 Апрель 2019 Жамият
1119 0

“Энергетик ичимликлар нима?”, “Энергетик ичимликларни истеъмол қиласизми?”, “Энергетик ичимликларнинг қанчалик “мухлисисиз?” ижтимоий тармоқлар орқали ушбу сўровномани ўтказиб шунга амин бўлдикки, айнан охирги йилларда ушбу ичимликлар аҳоли ўртасида кенг тарқалган ва таъми ёқмаса ҳам олишга мажбур бўлишмоқда. Табиийки, ўзингиз сезганингиздек “оммалашувига” албатта, оммавий ахборот воситалари орқали узатилаётган, тинмай бот-бот такрорлаб кўрсатилаётган “мега акциялар”нинг таъсири катта. Хўш энергетик ичимликлар биз учун қанчалик фойдали?!

Телевизор орқали қайта-қайта реклама қилинаётган, баҳордаги ҳолсизлик дармонингизни қуритаётган пайтда шаҳар пештахталарида катта “баннер”ларда “мазасига гап йўқ”, “қувватга кир” дея ўзининг ёрқин рангларда кўринишлари билан эътиборингизни жалб этиб, қизиқиш уйғотаётган, таъми ва таркибини билмасдан туриб миянгиз олиб ичишим керак деган сигнални қабуллаб бўлган энергетик яъни қувватбахш ичимликлар чиндан ҳам қувватбахшми?! Бугун кўпчиликнинг қўлида ушбу ичимликни учратиш мумкин. Айниқса, охирги пайтларда ушбу тоифадаги ичимлар “қувват” бериш билан биргаликда “мега акциялар”ини тақдим этишмоқда. Нархи ўн-ўн беш минг туради, аммо акцияларида қатнашиб қопқоғини йиғсангиз, бир думалаб миллионерга айланишингиз турган гап. Қандай акциялар дейсизми?!

“…. СОТИБ ОЛ, ТОШКЕНТ CИТИДАН КВАРТИРА ЮТИБ ОЛ”

Ҳа, сиз ҳам қизиқишни бошладингизми?! Албатта, ким ҳам бундай “чорлов”лардан кейин қизиқмайди. Аммо, айрим юртдошларимиз таъмини ва таркиби билмасдан туриб, сотиб олишмоқда. Энг ҳайратланарлиси шундаки ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги гуруҳларда ва шахсий сахифаларида “Ситро”нинг 6-қисмини топиб беринг суюнчиси бор, эвазига 2000$ бераман” ёки “WФ дан илтимос 5та қопқоқ қисмини топишга ёрдам беринглар” деган “постлар” тез-тез учраб туради. Айниқса, ўсмирларнинг бунга қизиқиши юқори. Аслидачи?! Чиндан ҳам бу қопқоқчалар ютуқлими?! Йўқ, албатта. Бу акцияларда қатнашиб топганингиздан кўра, кўп нарсани ютқазасиз. Чунки, тўлиқ ютуқли қопқоқлар ўзингиз айтганингиздек 6 та ёки 5 қисм бўлади. Энди ўйлаб кўринг Ўзбекистонда 33 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, демак пулингизни ҳавога сарфлашингиз турган гап. Охирги пайтларда, “интернет троллари” томонидан сохта қопқоқларни сотаётганлар ҳам кам эмас. 

Алишер Палвонов (21 ёш): - Энергетик ичимликларни хуш кўрмайман. Аммо шу акциясига қизиқиб оламан. Акциялар бошланганидан бери харид қиламан. Менимча, шу пайтгача олган энергетик ичимликларимнинг пулига шу автомобил ёки уйга бошланғич тўлов, умуман ўзимга керак барча маиший техникаларни сотиб олсам бўларди. Буни “шув” тушганимча билмасдим. Негаки бу ичимликларнинг барча қопқоқларни бор, фақатгина ўша омадли қопқоқлар кам. Фаcебоок ижтимоий тармоғи орқали ютуқли қопқоққа суюнчи бор деб пост қўйдим. Кўпчилик менда бор қанча берасиз деб ёзди. Бошида ҳазиллашиб ёзяпти деб ўйладим. Аммо бир тарафдан қизиқиб кўрдим ва улар билан учрашдим. Айтган пулларини бердим. Ўзимда йўқ хурсандман. Компанияга борсам бу қопқоқлар “сохта қопқоқлар” эканини айтишди. “Уддабурон”ларни эса ҳалигача қидираман. Шунча пулларимга ачиндим. Негаки кунига 3 ёки 4 та энергетик ичимликлар сотиб олардим.

Бу қопқоқ йиғиш шунчаки қизиқиш эмас, эндиликда ишқибозлар учун бу асосий мақсадга айланаётган эди. Албатта, телевизорда Самарқандлик машина ютган, Навоийлик маиший техникалар, Нукуслик скутер ютиб турган реклама роликларини кўриб ҳавасингиз ортади. Сизга ҳам ютуқли совринлар тугаб қолмасидан олдин ўша “топилмас қопқоқни” топишни хоҳлайсиз. Аммо ҳар бир нарсада меъёр бўлса жуда яхши. Ахир ўтмаган “маҳсулот”ни инсон саломатлигини ўртага қўйиб, сотишнинг оқибати ачинарли бўлиши мумкин. Жорий йилдан бошлаб “Реклама тўгʼрисидаги“ қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган ва унинг 221-моддасида энергетик ичимликлар бўйича чекловлар жорий қилинди. Унга кўра, эндиликда қуйидагилар тақиқланади:

- соат 7-00 дан соат 22-00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;

- реклама қилиш мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш;

- асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агар бунда энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан ёки тасвиридан фойдаланиладиган бўлса;

- ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;

- асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш.

ҚУВВАТБАХШ ИЧИМЛИКЛАР ҚУВВАТБАХШМИ?!

Европа давлатлари аллақачон бундай ичимликлардан воз кечишмоқда. Улар энергетик ичимликларни “ўлим коктейли” деб аташади. Маълумот учун шуни айтиш лозимки, тилга олинаётган ичимликлар организмга қўшимча қувват бермайди. Фақат бу воситалар таркибидаги моддалар организмнинг ички резервига йўл очади. Соддароқ қилиб айтганда, ичимлик ҳеч қандай қувватга эга эмас, фақат ўз ресурсларингиздан фойдаланади.

Муҳаббат Жамшидова (шифокор): - Бугун бозорларимда қувватбахш ичимликлар сотуви кўпайиб кетди. Айниқса акциялари ҳаммани қизиқтиряпти. Аммо уларнинг таркибини кўпчилик билмайди. Энергетик коктейллар таркибига одатда катта миқдорда синтетик кофеин, доривор ўсимликлардан олинадиган фаол биологик табиий воситалар (лимон, женшен ва ҳ.к), шунингдек, С, РР, В2, В5, В6, В12 витаминлари киради. Қувватбахш ичимликлар кайфиятни кўтаради, чарчоқни қолдиради ва ақлий фаолиятни яхшилашга ёрдам беради. Унинг таъсири бир чашка қаҳвадан икки баробар кўп сақланади, деб ҳисоблашади. Бироқ тиббиёт ходимлари бу фикрга қўшилмайди. Негаки, энергетик ичимлик соғлиқ учун қаҳвадан кўра хавфлироқ. Қўшимча қувват бахш этадиган ичимликларни истеъмол қилиш билан инсон турли касалликларни ўзига чақиради. Қон босими, юрак-қон томир тизимида муаммоси борларга бундай воситаларни қабул қилиш қатъиян ман қилинади. Бу ичимликлар таркибида қувват берувчи моддалар билан бир қаторда инсон саломатлигига хавф солувчи кофеин, гуарана, таурин каби моддалар ҳам мавжуд. Бошқа кучайтиргичлар каби кофеин асаб тизими ишдан чиқишига олиб келади. Унинг таъсир кучи 3-5 соатгача сақланиб қолиб, организмга дам беришга тўғри келади. Белгиланган меъёр ошиши тахикардия, депрессия, невроз ошиши каби қўшимча аломатларни келтириб чиқариши мумкин.

Маҳбуба Камолова: - Энергетик ичимликларни умуман харид қилмайман. Чунки бундан икки йил олдин укам битта корхонада қоровуллик қиларди. У тунда ухлаб қолмай деб энергетик ичимликларни кўп ичарди. Биз ҳам эътиборсиз бўлганмиз. Бир куни уйқудан турмади, шуни ўйласам ҳалигача қалтираб кетаман. Укам вафот этди. Чунки энергетик ичимликларни ҳаддан зиёд кўп ичганлиги учун, юраги ўйноқи бўлиб қолган экан. Буни экспертизадан кейин билдик.

Хўш энергетик ичимлар таркиби нималардан иборат. У ҳақида маълумотга эгамисиз?! Энергетик ичимликлар таркибида инсон организми учун хавфли кофеин, гуарана, таурин каби моддалар борлигини билдик. Айнан ушбу моддалар инсон организмига қанчалик таъсир қилади?! Таурин-энергетик ичимликларда албатта бўлиши керак бўлган элемент. У мушак тўқималарида тўпланадиган аминокислота бўлиб, ичакдаги ёғлар эмулсиясига ёрдам беради. Энергетик ичимликнинг бир банкасида 400-1000 мг миқдоргача бўлади. Асаб бузилишига олиб келади. Кофеин- организмни зўриқтиришга, турли асаб ва юрак касалликларини келтириб чиқаради. Мелатонин, матеин, инозит - бу воситалар уйғунлигидаги ичимлик организмни жисмоний ва ақлий зўриқиш билан ишлашга мажбур этади.

ЎЗИМИЗНИНГ ЧОЙДАН ҚЎЙМАСИН

Энергетик ичимликлар (шу тоифадаги барча маҳсулотлар) бугунги кунда жаҳон бозорини тарк этишмоқда. Чунки асосий мақсад инсон саломатлиги. Саломатликни уйга ва автомобил ўрнига қайтиб ололмаслигини яхши билишади. Вақтинчалик чарчоқларни холос этиш ўрнига келган доимий касалликлар табиий маҳсулотларни истеъмол қилиб, танага дам берганимиз яхши. Негаки саломатлик бебаҳо бойликдир. Жисмоний меҳнат билан шуғуллангандан сўнг бундай ичимликларни ичса, одам чарчоқ ҳиссини туймаслиги мумкин. Аммо ушбу ичимликлар вақтинчалик йўқотган чарчоқ эртанги кун учун ёки ичимлик таъсири ўтгандан сўнг икки баробар ортади. Натижада, организм чарчоқни йўқотиш учун яна қувват талаб этади. Шундай экан, табиий ҳаракатда бўлиш учун сунъий воситалардан меъёридан ортиқ фойдаланиш ҳаёт тарзига жиддий зарар етказишини асло унутмаслик лозим. Хулоса ўзингиздан…

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассис


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019