Акмал Саидов: Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Европа йўналишида Франция устувор ўринни эгаллайди​

11:25 09 Октябр 2018 Сиёсат
1544 0

Парламентдаги “Ўзбекистон — Франция” дўстлик гуруҳи раҳбари Акмал Саидов икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар, хусусан, парламентлараро ҳамкорлик ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

— Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Европа йўналишида Франция устувор ўринни эгаллайди. Биринчидан, Франция Европа иттифоқи таъсис этилишининг локомотиви ва ташаббускорларидан бири саналади. У ҳамиша ЕИда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаб келган. Иккинчидан, Франция БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бешта доимий аъзоларидан биридир. У улкан атом-энергетика салоҳиятига эга ядровий давлат бўлиб, дунёда иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар қаторида туради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, янги технологиялар ва инновацияларни қўллаш бўйича жаҳонда етакчилардан ҳисобланади. Бой цивилизация ва маданиятга эга. Ҳуқуқшунос сифатида яна шуни айтишим мумкинки, Франция дунёда демократия ривожланиши ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида андоза саналади.

Франция Ўзбекистон мустақиллигини тан олган ва юртимизда биринчилардан бўлиб ўз элчихонасини очган. Давлатларимиз ўртасида ўтган 25 йил давомида ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро алоқаларнинг барча йўналишида ишончли ва мустаҳкам муносабатлар йўлга қўйилди.

Мустақил Ўзбекистон тарихида мамлакатнинг Франциядаги биринчи элчиси бўлиш бахти менга насиб этган.

Охирги икки йилда томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон — Франция муносабатлари ривожи учун янги истиқболлар ва имкониятлар очилмоқда. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорлик равнақида янги саҳифа яратади. Бинобарин, бу Ўзбекистон ва Франция манфаатларига ҳам жавоб беради.

Таъкидлаш жоизки, Эммануэль Макроннинг “Инқилоб” китобида ўз ифодасини топган сайловолди дастурида Францияни дунё сиёсатининг буюк мамлакатига айлантириш мақсади қўйилган. Француз етакчиси ана шу йўлда қатъий бормоқда.

Франция Президентининг сайловолди дастури ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси кўп жиҳатлари билан бир-бирига муштарак: иқтисодий устуворликлар, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, прагматик ташқи сиёсат. Икки Президентнинг кўп масалалар, жумладан, афғон муаммоси бўйича қарашлари ҳам ўхшашдир.

Умуман олганда, ўзбек — француз дипломатияси илдизлари узоқ тарихга бориб тақалади. Амир Темур ва Франция қироли Шарль VI ўртасида дипломатик ёзишмалар йўлга қўйилгани бизга маълум. Соҳибқирон 1402 йилнинг августидаги мактубида француз томони Мовароуннаҳрга ўз савдогарларини юборса, уларга барча зарур шароитлар яратиб берилиши ҳақида қайд этиб ўтган. Ўз навбатида, Амир Темур ҳам ўз карвонларини Францияга жўнатишни ният қилган. Зеро, Амир Темур айтиб ўтганидек, савдо-сотиқ халқлар фаровонлигини юксалтириш ва алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади. Буюк бобокалонимизнинг ушбу сўзлари бугунги кунда ҳам долзарбдир.

Франциянинг Ўзбекистон санъати, маданиятига бўлган қизиқишлари ҳам узоқ тарихга эга. XVI асрдаёқ француз шарқшунослари Алишер Навоий, Бобур асарларини, XIX асрда эса француз тарихчиси Л. Лянглэ “Темур тузуклари”ни француз тилига ўгирган. Мана, 30 йилдирки, Францияда Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш уюшмаси фаолият юритиб келади. Унинг асосчиси ва биринчи президенти Люсьен Керен Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрнига бағишланган кўплаб китобларни нашр эттирган. У мамлакатимиз тарихини ўрганишга қўшган улкан ҳиссаси учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Бундан ташқари, яқинда Самарқанддаги француз тилини ўқитишга ихтисослаштирилган 43-умумий ўрта таълим мактабига Люсьен Керен номи берилди. Шунингдек, Ўзбекистонда Франциянинг қатор олий ўқув юртлари филиалларини очиш режалаштирилаётир.

Шулар билан бир қаторда, француз археологлари бизнинг кўҳна тарихимизга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, археолог Франц Грене дунё илм-фанида биринчи бўлиб Самарқанд шаҳри пайдо бўлган санани аниқлаган.

Мустақиллик йилларида французлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб бир миллиард доллар сармоя киритди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Тошкентда “City Palace” меҳмонхонасини қуриш, пойтахт аэропортига радарлар ўрнатиш бўйича қатор қўшма инвестициявий лойиҳалар амалга оширилди. Бугунги кунда давлатлар ўртасидаги йиллик товар айланмаси 250 миллион еврони ташкил этади. Бироқ бу кўрсаткич бизнинг иқтисодий салоҳиятимиз ва имкониятларимизга мувофиқ келмайди. Шундай экан, мазкур ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта туртки беради. 

Айни чоғда ўзаро муносабатлар ривожида парламентлараро ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. Икки давлат парламентлари дўстлик гуруҳлари ишламоқда, доимий делегациялар, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти бўйича тажриба алмашиш йўлга қўйилган. Жумладан, Ўзбекистонда икки палатали парламент яратиш, Конституцияни ишлаб чиқишда француз парламентаризми, конституционализми тажрибаси ўрганилган. Ҳозирги кунда эса Президент Эммануэль Макрон йирик конституциявий ислоҳотни амалга оширишни режалаштирмоқда. Уни рўёбга чиқаришда эса Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси ҳам инобатга олинади.

Парламентлараро мулоқотнинг ривожи икки томонлама алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қилади. Шу кунларда Ўзбекистон парламенти Париж битими (Париж, 2015 йил 12 декабрь)ни ратификация қилди. Президент Макрон уни “экология соҳасидаги асосий халқаро ҳужжат” деб билади. Ўзбекистон учун эса мазкур битим Орол фожиаси нуқтаи назаридан долзарб аҳамият касб этади.
Сайёра АЗИМОВА
(«Халқ сўзи») ёзиб олди.  


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019