Ахмет Демир: Ота юртимизга бўлган муҳаббат, ўзбек халқига ишонч Ўзбекистон билан инвестициявий ҳамкорлигимизнинг бош ўзагидир

09:40 15 Май 2018 Иқтисодиёт
496 0
Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

Суҳбатни тўлиқ варианти

Ўзбекистонда кейинги йилларда иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Буни соҳадаги энг муҳим ўзгариш — қулай ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳити яратилгани мисолида яққол кўриш мумкин. Натижада иқтисодиётимиз тармоқларининг инвестициявий жозибадорлиги ортиб, бу, ўз навбатида, хорижлик сармоядорларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Хусусан, Туркия ишбилармон доира вакиллари ўз бизнес фаолиятини юртимиз билан боғлашга интилмоқда. Ҳамкорликда йирик лойиҳаларга қўл урилаяпти. “Demir Group” компанияси раҳбари Ахмет ДЕМИР — шулардан бири.

Мухбиримиз мазкур машҳур инвестор билан Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги бугунги савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқалар, тадбиркор томонидан ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар ҳақида суҳбатлашди.
— Бугун Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида янги саҳифа очилаяпти, — дейди у. — Буни нафақат мамлакатингиз аҳолиси, балки биз, хорижлик инвесторлар ҳам кўриб, ҳис этиб турибмиз. Масалан, ўзим дастлаб бундан 26 йил илгари юртингизга келиб, бизнес фаолиятимни бошлаганман... Маълум бир танаффусдан сўнг яна ҳамкорлик қилаётганимдан жуда хурсандман.

Агар олдинги ҳамда бугунги ҳолатни холис таққослайдиган бўлсак, ўзгаришлар жуда катта. Буни кўпчилик дуч келган, лекин унчалик аҳамият бермайдиган бир мисол билан тушунтирсам.
Гап шундаки, илгари давлат остонасига қадам қўяркансиз, божхона назоратидаги масъуллар муомаласи одамни саросимага солар, улар сизга шубҳа билан, нега келдинг, деган назарда қараётгандек туюлаверарди. Аслида, ўзбеклардек хушмуомала, одамохун халқ дунёда йўқ. Бу соҳа вакилларининг қонида ҳам ана шундай фазилат, ўзбекона лутф бор экан. Буни энди-энди кўраяпмиз. Уларнинг назоратидан ўтиш учун атиги 3 дақиқа кифоя қилаётгани эса кутилмаган ҳодиса. Тизимдаги бу ўзгаришлардан жуда-жуда мамнунман. Шу каби янгиланишлар бутун мамлакат ҳақидаги қотиб қолган эски тасаввурларни бутунлай ўзгартирмоқда.

Ёки бўлмаса, виза тизимидаги ўзгаришларни олайлик. Бундан 2 йил олдин Ўзбекистонга визасиз бориб келасиз, деса, ҳеч ким ишонмасди. Худди шунингдек, валюта сиёсатининг либераллаштирилгани, чет эллик инвесторларнинг фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлангани — буларнинг барчаси туркиялик инвесторлар эътиборини тортмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

— Сизнинг бизнес фаолиятингизни Ўзбекистон билан қайта боғлашингизга нима туртки бўлди?
— Ота юртимизга бўлган муҳаббат, ўзбек халқига ишонч. Инсон яхши кўрмаган жойида яшолмайди. Бу аниқ. Чидам билан ишлаш эса мумкин эмас. Одам ишонч пайдо бўлган, эртасидан кўнгли тўқ жойдагина ҳадиксиз, роҳатланиб ишлайди.

Яширишнинг ҳожати йўқ, авваллари ўзбек дўстларимизда ҳам бизнесга сармоя киритишда иккиланишлар бўларди. Бугун унинг ўрнини қатъият эгаллаб, кейинги бир ярим йилда халқ ҳаракатга тушиб кетди. Бу эса бизга куч-қувват, жасорат беради. Президентга, ислоҳотларга ишончни кучайтиради.

Бизнинг офисимизга Туркиядан деярли ҳар куни меҳмонлар келади. Шу жиҳатдан, у қурилиш идорасидан кўра, кўпроқ бизнес марказига ўхшайди. Юртдошларимга ўз тажрибамдан келиб чиқиб, маслаҳатлар бераман, йўл-йўриқ кўрсатаман. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бизнес юритиш учун яратилаётган шарт-шароитлару имтиёзлардан хабардор этаман.
Демоқчи бўлганим, турк ишбилармон доираларида кучли ҳаяжон, ҳамкорликка иштиёқ бор. Ўйлайманки, бунинг самараси яқин олти ой, узоғи билан бир йилда кўзга яққолроқ ташлана бошлайди.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

— “Чорсу” меҳмонхонасини қайта реконструкция қилиш ва замонавий хизмат кўрсатиш мажмуасини барпо этиш лойиҳасига сармоя киритаяпсиз. Нега айнан меҳмонхона бизнесига қўл ураяпсиз?
— Ўзбекистон бутун дунё мамлакатларига эшикларини очмоқда. Ўз навбатида, чет давлатлар юртингиз тимсолида ишончли ҳамкорни кўраяпти. Бу эса бошқа соҳалар қаторида туризм истиқболига кенг йўл очади. Бундай шароитда меҳмонхона бизнесини ривожлантириш, сифатли хизмат кўрсатиш ўша мамлакат имиджи учун ўта муҳим. Масалан, Туркияда айни пайтда 1,5 миллион ўринли меҳмонхоналар тизими мавжуд. Ўзбекистонда бу кўрсаткич ўтган йили 40 мингтага яқин экан.

Тўғри, рақамлар йил сайин ошиб бораяпти. Аммо юртингизнинг бугунги туристик салоҳияти учун бу жуда паст натижа. Бугунги реал эҳтиёж уни камида 500 мингтага етказишни тақозо қилади. Ана шу талабдан келиб чиқиб, биз мазкур лойиҳа ижросига киришдик. Давлатингиз раҳбари томонидан 2017 йил 7 сентябрда имзоланган Тошкент шаҳрида “Эски шаҳар” туристик зонасини ташкил этишга оид қарор ишимизни жадаллаштириб юборди.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

— Айтинг-чи, “Чорсу” меҳмонхонасини қайта таъмирлаш лойиҳасининг умумий қиймати қанча? Меҳмонхона мижозларига эшикларини қачон очади?
— Қиймати 33 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳамиз ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлаш икки йилга мўлжалланган. Яъни 2019 йил охирига қадар объектни тўлиқ ишга тушириш ниятидамиз. Лекин умумий майдони 34 минг квадрат метрлик бинони замонавий қиёфага келтириш осон иш эмас. Чунки электр энергияси, ичимлик суви каби муҳандислик тармоқларидан узилган, лифти йўқ 24 қаватли бу иншоотни ахлат уюмларидан тозалаб, тартибга келтиришга, ишонасизми, олти ой керак бўлди. Шундан сўнг бино техник ҳолатини экспертиза қилиш ишларига киришилди. Ҳозирги пайтда бу юмушлар тўлиқ якунланиб, меъморлар томонидан қайта таъмирлаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

Одамлар орасида “Меҳмонхона биноси қийшиқ, бир томонга оғган”, деган гап-сўзлар ҳам юрибди. Мутахассислар хулосасига кўра, бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
— Аввало, шуни айтиш жоизки, ушбу меҳмонхона биноси нафақат Ўзбекистон, балки Ҳамдўстлик давлатлари орасида ноёб ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, унинг лойиҳаси Москвада тайёрланиб, иккита шаҳар — Минск ва Тошкентда барпо этилган. Муҳандисларнинг хулосасига кўра, у бошқа бинолардан тубдан фарқ қилади. Айниқса, зилзилабардошлиги билан алоҳида ажралиб туради.

У тўрт қисмдан иборат бўлиб, марказдаги асос атрофида учта ҳар бири мустақил бино тикланган. Улар худди қалъалар сингари ўта мустаҳкам. Энг муҳими, жуда яхши сақланган, ҳеч бир қисми қийшаймаган. Техник хулосалар унинг яна узоқ йиллар хизмат кўрсатишидан далолат бераяпти. 
Тошкентнинг қоқ марказидаги меҳмонхонани оддий, шунчаки таъмирлаб бўлмайди. Кейинги йилларда қурилган айрим меҳмонхоналарни пойтахтликлар ҳам билмаслиги мумкин. Аммо бу бинони салкам 33 миллион кишилик Ўзбекистон аҳолиси орасида эшитмаганлар кам топилади. Шу боис унга қайта ҳаёт бағишлаш ишларига жиддий ёндашиб, жаҳонда ушбу жабҳадаги хизматлари билан донг қозонган, 1,1 миллион ўринли меҳмонхона тармоқларига эга “Marius” компанияси мутахассислари кўмагида мукаммал лойиҳа яратилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

— Меҳмонхона пештоқига нечта юлдуз тақилади? Бир пайтда неча кишига хизмат кўрсатилади?
— Меҳмонхона камида тўрт юлдузли бўлиб, 350 та хонадан иборат бўлади. Хорижлик ҳамкорларимиз бундай йирик иншоотда намунали хизмат кўрсатиш учун 2 гектарлик майдон камлик қилишини айтишди. Шундан сўнг биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасаддиларга қўшимча ер майдони ажратиш бўйича мурожаат қилдик. Натижада яна 3 гектар ер қўшиб берилаяпти.

Бу жойда халқаро меҳмонхоналардаги барча шарт-шароит яратилади. Очиқ ва ёпиқ ҳовуз, теннис корти, йирик анжуманлар, тантана ҳамда маросимлар ўтказиладиган муҳташам зал, ишбилармонлар учун доимий фаолият кўрсатиладиган ҳар хил сиғимдаги конференция заллари ўрин олади.
Лойиҳамизнинг яна бир янгилиги шундаки, меҳмонхонага туташ ҳудудда Ҳунармандлар мажмуаси ташкил этилади. Бу ерда 22 та ҳунармандлик маркази фаолият юритади. Яъни заргарлар, ёғоч ўймакорлари, кандакорлар, наққош, рассом ва хаттотлар шу ерда ишлаши, маҳсулотларини сотиши учун зарур шарт-шароитга эга бўлишади. Энг муҳими, Президент қарори билан бу ерда ишлайдиган ҳунармандларга 7 йиллик солиқ имтиёзлари берилиши кўзда тутилаяпти.

Мажмуада бундан ташқари, икки қаватли учта бино тикланади. Улардан биттаси чет эллик инвесторлар учун офис вазифасини ўтайди. Яъни меҳмонхонага жойлашган ишбилармонлар шу ерда меҳнат фаолиятини олиб бориши, ўз маҳсулотлари тақдимотини ўтказиши мумкин. Ўз навбатида, ўзбекистонлик фермер ҳамда тадбиркорларга хориж маҳсулотлари билан танишиш, ўз маҳсулотларини тарғиб қилиш, ҳамкорлар топиш учун бизнес мулоқот майдони вужудга келади.

Бинолардан яна бири “Cover work center” бўлиб, у ёш тадбиркорлар учун ажратилса, учинчисида оилавий меҳмонхона ташкил этилади. Ҳар бири уч хонали мўъжаз бошпаналарда меҳмонлар ўзини худди ўз хонадонидагидек ҳис қилиши учун уй шароитидаги барча нарсалар муҳайё этилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

— Сизни халқимиз савдо соҳасидаги хизматларингиз орқали яхши танийди. Келгусида ушбу жабҳада ҳам янги лойиҳаларни амалга ошириш ниятингиз борми?
— Албатта. Аммо биз ишни энг муҳимларидан бошлаяпмиз. Айни пайтда меҳмонхонани таъмирлашдан ташқари, туризм соҳасидаги яна бир йирик лойиҳа — Тошкентдан Бухорогача бўлган автомобиль йўллари атрофида замонавий хизматлар кўрсатиш тизимини ташкил этиш устида ишлаяпмиз. Унга кўра, 12 та жойда, йўлнинг икки тарафида жами 24 та мажмуа бунёд этилади. Унда автомобилларга ёнилғи қуйиш, транспортларга техник хизматлар кўрсатиш шохобчалари, минимаркет, кемпинг ўрин олади. Улар зиёрат туризми сайёҳлари талаблари даражасидаги шарт-шароитларга эга бўлади.

Лойиҳага кўра, мажмуаларнинг ҳар бири 1 гектар жойда бунёд этилади. Бунинг учун умумий ҳисобда тахминан 35 — 70 миллион доллар атрофида сармоя киритишни режалаштирганмиз. Зеро, у нафақат хайрли, балки фойдали, айни чоғда, туризм равнақига хизмат қиладиган истиқболли лойиҳадир.

Худди шундай лойиҳаларни тезлик билан ишга тушириш керак. Чунки автомагистралда сервис хизматларини ривожлантирмасдан туриб, туризмни тараққий топтириб бўлмайди. Ҳолбуки, тарихий, зиёрат туризми борасида Ўзбекистонда мавжуд имконият дунёнинг бошқа давлатларида йўқ. Айниқса, мусулмон олами учун юртингиз Макка ва Мадинадан кейинги муқаддас замин ҳисобланади.

Қолаверса, тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар бус-бутун сақлаб қолинган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қаршига боринг, ўзингизни ўтмишда юргандек ҳис қиласиз. Туркиянинг ҳам тарихий шаҳарлари кўп. Аммо у ерда ўша давр руҳиятини сезмайсиз. Сабаби, уларни замонавий бинолар қуршаб олган.

Биз қўл ураётган лойиҳалар мавжуд ички имкониятлардан унумли фойдаланиш, туризмни ривожлантириш, инвестициялар оқимини кўпайтириш орқали иқтисодиёт равнақига хизмат қилади. Бу борада ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда яна кўплаб лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз.
«Халқ сўзи» мухбири
Саид РАҲМОНОВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар