Ахборот маданияти — ҳаёт-мамот масаласи

09:30 04 Июнь 2018 Жамият
1322 0

Азалий тушунчалар маъно қатлами бениҳоя кенгайиб бораётган замонда яшаяпмиз. “Маданият” атамаси ҳам ана шундай кенгаюв, чуқурлашув, ранг-баранглашув жараёнини бошдан кечирмоқда. Шахсий маданият, муомала маданияти, кийиниш маданияти сингари бирмунча тор бўлган мавзулар билан чекланиш даври ортда қолди. Эндиликда иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, бозор муносабатлари, деҳқончилик, тиббиёт, раҳбарлик, сиёсат ва халқаро муносабатларнинг ўз маданияти бор, яъни “маданият” тушунчасидан холи соҳа, тармоқ, жабҳа йўқ. Ҳатто, ҳар қандай жамият ўзагини, демак, тараққиёт йўсинлари умуртқасини маданият ташкил этиши исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатга айланиб улгурди.

Буни қарангки, ахборотлашган жамият, жамоатчилик билан алоқалар (оммавий коммуникация) аср муаммоси сифатида сертармоқ фан мақомига эга бўла бораётган ҳозирги вақтда ахборот маданияти ҳаёт-мамот масаласи даражасига кўтарилди. Атак-чечак қадам -ташлаётган болажондан тортиб, асрни қаритган бобо-бувиларгача шу “ҳаёт-мамот” исканжасида деяверинг.

Онгли инсон борки, ҳаётининг ҳар лаҳзасида ё ахборот олади, ё уни идрок этади ва ёки узатади. Ушбу уч жараённинг тўртинчиси — кераксиз ахборотдан халос бўлиш. Биз ахборот эркинлиги ҳақида жуда кўп гапирдик, энди эса кераксиз ахборотдан қутулиш муаммоси йўлимизда кўндаланг бўлиб турибди. Афсуски, ихтиёрий ёки ихтиёрсиз равишда мулкингизга айланган ахборот йиғиндиси хонадонингизда ҳосил бўлган чиқинди эмаски, ундан осонгина воз кечсангиз. Ахборот маданияти мазкур тўрт босқичли жараён ичида эсон-омон яшаш ҳамда фаолият юритишга замин яратади, доимий ёрдамчига айланади. Мураккабдан-мураккаб, серқатлам ахборот алмашинув жараёни соҳалар, жамиятлар, мамлакатлар, минтақалар ва дунё миқёсида кенг кўламларда кечаётганини тасаввур қилиб кўрсак, сўз юритилаётган мавзунинг ҳам илмий, ҳам амалий аҳамияти нақадар улканлиги аёнлашади. Бироқ мазкур ҳақиқатни тўла англашга тасаввуримиз ҳамда ақл-идрокимиз имкониятлари қодирмикан?

Қодир бўлмагани учун ҳам инсон бу қадар мислсиз, залворли юкни ахборот воситалари зиммасига юклади. Газета, журнал, китоб, радио, телевидение, телефон, факс, компьютер, интернет, мобиль телефон шарофати билан Ер юзи мўъжаз “қишлоқ”қа айланди-қўйди. Икки дунёни бир қадамга айлантирган ҳам ахборот, глобаллашув жараёнлари махражи, устқурмаси ҳам ахборот. Замонавий тараққиёт, фаровонлигу фароғатнинг нони, суви, ҳавоси ҳам шу! Санаб ўтилган ахборот воситаларининг кўзга кўринмас чангалидан ташқарида яшаётган одам йўқ ҳисоби. Уларнинг барчаси оддий турмуш тарзининг ажралмас заруратига, таъбир жоиз бўлса, танамизнинг “аъзоси”га айланиб бўлди. Шу муносабат билан ғоят қизиқ ва ғалати ҳолат вужудга келди: якка ахборот воситалари, гуруҳ ахборот воситалари, оммавий ахборот воситалари ривожлангани сайин инсоннинг ахборотга бўлган эҳтиёжи етарли даражада қондирилмаётгани маълум бўлмоқда, аксинча, ахборот тақчиллиги, етишмовчилиги зўрайгандан зўрайиб бормоқда. Нега? Сабаб нимада? Чиндан ҳам шундайми?

Масалани бир бошидан ойдинлаштиришга тўғри келади. Замон шиддати одамлар руҳиятига кўчди. Мулоқотга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётир. Бугунги ишни эртага суриш у ёқда турсин, аксинча шу дақиқадаги юмушнинг кейинги дақиқага сурилишига тоқат дош бермаяпти. Бу кетишда тез орада электрон манзиллар, SMSлар орқали мулоқот тезлигидан-да жадал ишлайдиган алоқа воситалари яратилса, ажаб эмас.

Янгиликка ўчлик боягина олинган ахборотнинг ўша заҳоти эскиришига олиб келмоқда. Ҳозиргина юз машаққат билан топган янгилигимизни тўла англаб-идрок этиб улгурмасимиздан чиқитга чиқаряпмиз. Бир қарашда, бунинг ёмон томони йўқ, аммо ҳар бир янгилик ортидаги воқелик юзасидан чуқур мулоҳаза юритиш, тош-тарозига солиш ҳамда ҳаётий хулосалар чиқаришга бўлган мойиллик унутилиб бормоқда. “Бу аҳволда интернет тўлқинларида соат сайин “болалаётган” нашрлар шу тариқа енгил шов-шувга ўч, шундан нарини кўзламайдиган, таҳлилу мулоҳазалардан йироқ авлод вакилларини шакллантирувчи “мактаб”ларга айланиб қолмасмикан?!” деган хавотир ҳам йўқ эмас.

Руҳият билан боғлиқ яна бир омил авж олаётир. Ахборот оқими шиддати ортгани сайин одамларда индивидуаллашувга мойиллик кучаймоқда. Дейлик, оиладаги ота-она ва уч фарзанднинг ҳар бири ўзи истаган телекўрсатувни томоша қилади, ўзи ёқтирган радиоэшиттиришни тинглайди, уларнинг ҳар бирида алоҳида компьютер, интернет, мобиль телефон. Ота ўқиётган газетанинг ўғилга умуман қизиғи йўқ, қизи қўлдан қўймайдиган суратли журнални она варақлаб ҳам кўрмайди. Шубҳасиз, бу ҳолни ахборот оқими ҳамда воситалари таъсирида одамларнинг яккаланиши, деб таърифлаш мумкин. Кўплашиб, оила даврасида эмас, хонага қамалиб олиб, якка ҳолда компьютер экранига термулганча ҳордиқ чиқариш, бўш вақтни ўтказиш одати оммалашмоқда.

Бундай янгиликлар миллий оила тутумлари, одоб-ахлоқ меъёрларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмас. Айтиб ўтилган ахборот воситаларининг ҳар бири мўъжиза, инсон ақл-идрокининг маҳсули, уларнинг ҳар бири билимни ошириш, дунёқарашни кенгайтиришга хизмат қилади, уларнинг таърифига тил ожиз. Бироқ уларнинг барчасига миллий-ахлоқий қадриятларимиз, тафаккур ва қалб тарбияси, қисқача айтганда, комил инсон тарбияси мезонларидан келиб чиққан ҳолда ёндашилса, кўп саволлар йўлимизда кўндаланг бўлади. Телетомоша ҳамда радио тинглаш маданияти, интернет, айниқса, мобиль телефондан фойдаланиш маданияти — барчасини умумлаштириб айтганда, ахборот маданияти асри одамларни чин маънода шошириб қўймоқда. Замонавий ахборот илми асосчиларидан бўлган машҳур Маршалл Маклюэн (Канада) ўтган асрнинг 

70-йилларида “Ҳар бир янги ахборот воситаси ўша замон кишиларини имтиҳондан, синовдан ўтказади”, деганида, ҳали компьютер, интернет, мобиль телефон одамзод хаёлига келмаган эди. Лекин ушбу доно башорат нақадар тўғрилигини бугунги ҳаёт, турмуш тарзи ҳар қадам, ҳар лаҳзада кўрсатмоқда, исботламоқда.

Ҳақли савол туғилади: ўз ихтиёримиздаги ахборот воситаларидан фойдаланиш маданияти меъёрларини нечоғли ўзлаштирганмиз? Уларни амалда қўллаяпмизми? Ўша жонсиз буюмлар ҳар биримизни имтиҳондан, синовдан ўтказаётганини — феъл-атворимизда янги ахборот маданиятига эҳтиёж орта бораётганини етарли даражада ҳис этяпмизми?

Мўъжизакор ахборот воситаларидан зарарли мақсадларда фойдаланиш, фарзандларимизнинг нотўғри йўлларга чалғиши, олди-қочдиларга умрни совуриш, айниқса, мобиль телефон боис келиб чиқаётган кўплаб норозиликлар, кўнгилсизликлар бу борада қилинадиган ишлар ниҳоятда кўплигидан дарак беради.

Тараққий топган давлатларда ахборот маданияти (инфоэтика, медиаэтика, медиатаълим ва ҳоказо) алоҳида фан, алоҳида муаммо, алоҳида педагогика, алоҳида сиёсат даражасига чиқди. Илмий марказлар, олиму мутахассислар ушбу муаммолар теварагида ихтисослашган ҳолда, юз бераётган ҳолатни ўрганишмоқда, таҳлилий асарлар яратишяпти. Бу бежиз эмас. -Америкалик олим Э. Тоффлер “Учинчи тўлқин” асарида “Инсоният ортда қолдирган йўл уч босқичдан иборат”, деган фикрни илгари суради. Яъни қишлоқ хўжалиги, саноат ҳамда ҳозирги ахборот тамаддунлари. Табиий савол туғилади: хўш, кейин-чи? Инсоният тўртинчи тўлқин даврини ҳам бошдан кечирадими? Унга қандай ном берилади? Тараққиёт шиддати башариятни қаерларга олиб боради? Ўзимиз яратган, эришган ва эришаётган тараққиёт чўққиларида омон қолиш ҳамда яшаш эпини топа биламизми?

Соғлом ақл-идрок ва мантиқдан келиб чиқилса, ҳозирданоқ тўртинчи тўлқин ахборот одоби, маданияти тамаддуни, деб номланиши бирдан-бир тўғри ҳамда оқилона чора эканлигини кўрсатади. Ҳа, эндиликда одамларнинг, оилаларнинг, миллий қадриятларнинг — инсониятнинг ривожи, фароғати ва истиқболи мазкур халоскор маданиятга бевосита боғлиқ бўлиб қолади.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
ёзувчи, филология фанлари доктори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019