Мамлакатимизда Бутунжаҳон аҳолишунослик куни кенг нишонланмоқда

17:00 11 Июль 2018 Жамият
209 0
Фото: russia.now

1987 йил 11 июлда Ер юзи аҳолиси сони 5 миллиардга етди. Шу кундан бошлаб бутун дунёда Бутунжаҳон аҳолишунослик куни кенг нишонланади. “Оилани шакллантириш – инсон ҳуқуқидир”. Халқаро сананинг бу йилги мавзуси шундай деб номланди. Сана муносабати билан Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Аҳолишунослик бўйича БМТ жамғармаси (UNFPA) ҳамкорликда ташкил этилган тадбир давомида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.

Оилани мустаҳкамлаш, ота-оналар ва фарзандларнинг оиладаги масъулиятини ошириш – бугуннинг долзарб вазифаларидан бири. Юртимизда бу борада кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳоли, айниқса, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оилани режалаштириш масаласида йирик лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

— БМТнинг Аҳолишунослик бўйича жамғармаси йигирма йилдирки Ўзбекистонда фаолият олиб бормоқда, — дейди UNFPAнинг Ўзбекистондаги вакили Миэко Ябута. — Шу давр мобайнида репродуктив саломатлик ва инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда иш олиб бордик. Ўзбекистондаги дастуримиз Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлиб, 2005 йилдан буён 21 миллион АҚШ долларидан кўпроқ қийматдаги тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, ёшларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соғлом турмуш тарзи бўйича тегишли таълим дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш юзасидан кенг кўламли иш олиб борилди. Бугунги кунда ҳам бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз.

Ташкилотчилар бугун Тошкент шаҳридаги ЭКОПАРКда (18.00 дан бошлаб) сана муносабати билан оилалар ўртасида спорт мусобақалари ўтказилишини ҳам маълум қилишди. Жумладан, иштирокчилар югуриш, стол тенниси ва шашка спорт тури бўйича ўзаро беллашади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар