Ҳудудларда аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги талаб даражасида эмас

12:26 21 Октябр 2020 Сиёсат
202 0

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари ижроси, сув иншоотларини лойиҳалаш ва қуриш, фойдаланишга топшириш, маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги ПФ-6074-сонли Фармони билан сув таъминоти ва оқова сув хизматларини кўрсатиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш бўйича истиқболдаги вазифалар ҳам белгилаб берилган.

Сўнгги икки йилда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш учун бюджетдан 3,7 трлн. сўм ажратилган, 48 та лойиҳага 1,9 млрд. доллар хорижий кредитлар жалб қилинган. Натижада мамлакат бўйича 1 734 та иншоотда 6 463 км. ичимлик ва 300 км.га яқин оқова сув тармоқлари тортилган.

Сувдан фойдаланишни самарали тартибга солишни таъминлаш учун сув ресурсларини бошқариш бўйича янги тузилмалар яратилган. Аҳолининг 67,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Ер ости сув манбаларига эга бўлган ҳудудларда марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш Тошкент шаҳрида 99,7 фоизни, Фарғона вилоятида 83,4 фоизни ва Самарқанд вилоятида 63,7 фоизни ташкил этади.

Мажлисда ўрганишлар ҳудудларда аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги талаб даражасида эмаслигини кўрсатгани таъкидланди.

Жумладан, мамлакат ичимлик суви иншоотларининг умумий қуввати суткасига 11,8 млн. метр кубдан иборат бўлса-да, амалда унинг 60 фоизидан фойдаланилмоқда.

Умумий узунлиги 70,3 минг км. бўлган ичимлик суви магистраль қувурлари ва тармоқларининг 38 фоизи, фойдаланилаётган 12 мингдан ортиқ ичимлик суви қудуқларининг 29 фоизи таъмирталаб аҳволда.

Шунингдек, 2 мингта ёки 20 фоиз сув насослари ишдан чиққан. Шаҳарларнинг фақат 79 таси, яъни 57 фоизида канализация тизими мавжуд бўлиб, уларнинг ҳам 23 фоизи таъмирга муҳтож.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқава сув хизматини яхшилаш бўйича ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишда жиддий хато ва камчиликлар мавжуд.

Хусусан, иншоотлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари жойига чиқиб ўрганилмасдан, назорат ўлчовлари ўтказилмасдан, бажарилиши лозим бўлган иш ҳажмлари ҳужжатда тўлиқ акс эттирилмасдан, ичимлик суви манбаларига аниқлик киритилмасдан ишлаб чиқилиш ҳолатлари оқибатида самарасиз харажатларга йўл қўйилган;

Қолаверса, тизимда соғлом рақобат муҳити шакллантирилмаган, лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи ташкилотлар қонун ҳужжатларига зид равишда танланган. Оқибатда иншоотларнинг қурилиб ишга туширилмаслиги ёки қурилиш-монтаж ишларининг охирига етказилмаслиги, маблағларнинг самарасиз ишлатиб юборилиши каби ҳолатлар юзага келган. Қурилиш ишларининг натижадорлигини назорат қилиш тизими талабга жавоб бермайди. Фойдаланишга топширилган айрим иншоотлар сув таъминоти корхоналари томонидан самарасиз ишлатилган, оқибатда аҳолига ичимлик суви етказиб берилмаган.

Давлат бюджети, халқаро молиявий институтлар ва бошқа манбалардан жалб қилинган маблағлардан фойдаланишнинг очиқ, шаффоф тизими яратилмаган, маблағлардан фойдаланишнинг ҳолати бўйича ҳисобот бериш ҳамда қарз маблағларини қайтариш тизими йўлга қўйилмаган.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш соҳасида қонун ҳужжатларида белгилаб берилган вазифалар ўз вақтида бажарилмаган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги ПҚ-4040-сонли қарорида белгиланган, 2019 йил 1 июлга қадар Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ва канализация тизимларини Осиё тараққиёт банки консультантларини жалб қилган ҳолда, давлат хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш тўғрисидаги топшириқ ўз вақтида бажарилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги ПҚ-4300-қарори билан топшириқнинг ижро муддати жорий йилнинг 1 июли этиб белгиланган бўлса-да, тендер ғолиблари билан шартномаларни расмийлаштириш ишлари бажарилмасдан қолган.

«Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўз ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилаш ваколати берилган бўлса-да, айрим ҳудудларда ушбу ваколатлар йиллар давомида бажарилмасдан қолмоқда.

Шу жиҳатдан аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?