Аҳоли саломатлигини таъминлаш — устувор масала

09:27 21 Июнь 2018 Жамият
316 0
Фото: my.gov.uz

Мамлакатимизда тиббиёт ҳамда фармацевтика соҳаси тубдан ислоҳ этилиб, халқ манфаатига қаратилган экан, аҳоли саломатлиги масаласи ҳам ислоҳотларнинг негизини ташкил қилиши табиий.

Президентимиз айни шу соҳага тааллуқли “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди.

Хўш, мазкур Фармон мазмун-моҳияти, шунингдек, амалиётда тўхтатилаётган ҳамда татбиқ этилаётган янги талаблар нималардан иборат?

Сўнгги йилларда энг зарур ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмларни чекланган нархларда сотиш талаби жорий қилинган эди. Эзгу мақсадни кўзлаб йўлга қўйилган бу тадбир дастлаб кутилган натижаларни берди: яъни дорилар арзонлашди, уларнинг нархи ҳамма ерда мўътадил тус олди.

Аммо кейинчалик нархлар ўзгариб, уни бир қолипга солиб бўлмасдан, бошқа тарафдан, ўзгармас бўлган сотилиш нархлари сабабли айрим дори-дармонлар тақчиллиги кузатила бошланди. Шу боис Фармон билан муқаддам жорий этилган тартиб бекор қилиниб, унинг ўрнига янада мақбули таклиф этилмоқда. Гап шундаки, муқаддам татбиқ қилинган — ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни чекланган нархларда сотиш талаби бекор қилинади.

Бундай тартибга ўтишга сабаб бўлган айрим рақамларни келтириб ўтиш ўринли. Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги қарори билан тасдиқланган рўйхатга кўра, 343 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмларга нисбатан чекланган нархларда сотиш меъёри қўйилган бўлиб, уларнинг 116 турдагиси Ўзбекистонда, 227 таси эса хорижда ишлаб чиқарилади.

— Мазкур амалиётда бюджет пулларини иқтисод этиш рўкач қилиниб, асосий эътибор дорилар сифати ҳамда самарасига эмас, балки қандай қилиб бўлса ҳам, камроқ маблағ сарфлашга қаратила бошланди, — дейди Давлат рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов. — Бундан ташқари, нархлар ўртача олинган эмасми, ўзимизда ишлаб чиқарилган, таннархи нисбатан арзон дори воситаларининг нархи ҳам қимматга тушган хориж препаратларига тенглаштириб қўйилди. Оқибат эса маълум, зарур дори-дармонлар тақчиллиги кузатилди.

Мисол учун, ўтган йил якунларига кўра, зиммасига марказлаштирилган ҳолда мамлакат ҳудудларига дори-дармон етказиш вазифаси юклатилган “O‘zmedimpeks” давлат унитар корхонаси томонидан Сурхондарё вилоятига 1,1 миллиард, Андижон вилоятига 2 миллиард сўмлик дори воситалари ва тиббий буюмлар етказиб берилмади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи Исматжон Азизовнинг таъкидлашича, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун кучга кирганидан сўнг бу борадаги амалиёт янада шаффофлашди. Аниқроғи, давлат маблағларини турли мақсадларда совуришга барҳам берилди. Шу боис Фармонга кўра, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни чекланган нархларда сотиш талаби ўрнига эндиликда бундай маҳсулотларга улгуржи харид нархига 10 фоизлик савдо устамаси жорий этиладиган бўлди.

Таъкидлаш жоизки, “O‘zmedimpeks” давлат унитар корхонасининг белгиланадиган рўйхат бўйича ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, давлат соғлиқни сақлаш муассасалари учун тиббиёт техникалари ҳамда махсус тиббиёт автотранспортининг ягона етказиб берувчиси мақоми бекор қилинади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўтган йили 8825 турдаги дори воситалари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 2540 турдагиси ёки 29 фоизи 

ўзимизда ишлаб чиқарилган. Салмоқли 71 фоизи ёки 6285 таси эса хориж дори-дармонларидир. Эътибор беринг, импорт қилинган дори-дармоннинг 50 фоизидан кўпи, тўғрироғи, 1764 турдагиси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ва 1582 тури Ҳиндистондан келтирилган. Атиги 5,6 фоизигина мос равишда 299, 48 ва 6 та дори турлари билан тартибга солиш талаблари юқори бўлган давлатлар, яъни Германия, АҚШ ҳамда Япониядан импорт қилинган.

Фармон билан киритилаётган янги тартиб шундан иборатки, 2018 йилнинг 1 августидан эътиборан юқори тартибга солувчи талабларга эга давлатларда жорий этилган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартиби жорий қилинади.

Мақсад эзгу — халқимиз саломатлигини асраш, бунинг учун эса барча зарур шарт-шароитни яратиш. Зеро, одамларни рози қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ўйлаш энг олий ишдир. Дорихоналардан эса халқнинг соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўрмасин.
Бош прокуратура ҳузуридаги 
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази материаллари асосида
Р. ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар