Аҳоли банк фаолиятидан норози...ми?

15:52 14 Февраль 2019 Иқтисодиёт
600 0

Акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк”ка 2018 йил давомида 1745 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1576 тасини жисмоний шахсларнинг шикоят ва таклифлари ташкил этади.

Хўш, аҳоли банк фаолиятидаги қайси жиҳатлардан норози?

Таҳлилларга қараганда, мурожаатларнинг асосий қисми кредит ва уй-жой масаласига боғлиқ бўлиб чиқди. Шу йўсиндаги таклиф ва шикоятлар, айниқса, Сурхондарё, Андижон, Фарғона ва Жиззах вилоятларидан келиб тушган.

Пойтахтимизда банк томонидан “Мурожаатлар билан ишлаш: янгича тизим ва ёндашув” мавзуидаги анжуманда шу ҳақда маълумот берилди.

Банк юридик департаменти бошлиғи Эркин Атабаевнинг айтишича, мурожаатлар аввалги йилдаги кўрсаткич билан таққосланганда, 2 мингтадан кўпроққа камайган.

— Биласизми, кўплаб мурожаатлар аҳолининг етарлича ахборотга эга эмаслиги туфайли келиб тушмоқда, — дейди у. — Шу боис ҳар бир филиалда “ресепшн”, яъни келган мижозни кутиб олиб, уларни қизиқтирган масалага ойдинлик киритишга кўмаклашадиган хизмат жорий қилинди. Қолаверса, мавжуд 14 та минтақавий филиалнинг жойларда тақдимотлари ҳам ўтказиляпти. Бу эса аҳолининг хабардорлигини ошириш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконини бермоқда. Бироқ айрим фуқаролар битта масала юзасидан такрор-такрор мурожаат қилиш ҳолатлари ҳам кўп учраб турибди. Масалан, жиззахлик бир киши 84 марта, бухоролик киши эса 44 марта мурожаат қилган.

Банк томонидан мурожаатларни холислик ва адолат тамойиллари асосида ўрганишга ҳаракат қилинаётгани эътиборга молик. Масалан, бирор ходим ёки филиал фаолияти бўйича келиб тушган шикоятни ўрганиш учун тегишли ҳудудга жўнатилмайди, балки мутахассис бориб, реал вазиятни ҳар тарафлама чуқур ўрганади. Шу каби саъй-ҳаракатлар натижасида 17 нафар банк ходимига интизомий чоралар кўрилган.

Умуман олганда, мурожаатларнинг 217 таси ижобий ҳал қилинган бўлса, 1389 тасига тегишли тушунтириш берилган, 27 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли идора ва ташкилотларга жўнатилган, 21 таси маълумот учун қабул қилинган, 15 таси рад этилган, 14 таси кўрмай қолдирилган. Шунингдек, 60 таси амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ тугатилиб, 2 таси бўйича тегишли тартибда чора кўрилган.

Саид РАҲМОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019